«Tashkent Law Spring» II Халқаро ҳуқуқий форуми доирасида жорий йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги томонидан Сингапур Ҳуқуқ вазирлиги билан Ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми, шунингдек Озарбайжон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Aдлия вазирлиги билан 2021-2022 йилларга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик дастурлари имзоланди.

Сингапур Ҳуқуқ вазирлиги билан тузилган Меморандумнинг мақсади ўзаро тенглик ва манфаатдорлик асосида ҳуқуқ соҳасида икки томонлама ҳамкорликни рағбатлантириш учун институционал ҳамкорлик муносабатларга асос солишдир.

Мазкур Меморандум доирасида қонун устуворлигини тарғиб қилиш, юридик хизматлар кўрсатиш, халқаро тижорат низоларини ҳал қилиш бўйича хизматларни тарғиб қилиш, юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалга оширилади.

Озарбайжон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси адлия вазирликлари билан тузилган 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари икки томонлама идоралараро келишувларга асосланади (1997 йил 18 июндаги Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Aдлия вазирлиги ўртасидаги ҳамда 1997 йил 2 июндаги Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси Aдлия вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар) ҳамда ушбу битимларни амалга оширишга қаратилган.

Ҳамкорлик дастурларида бир қатор тадбирларни, хусусан Озарбайжон Республикаси Aдлия вазирлиги билан ҳуқуқий экспертиза соҳасида ҳамда адлия органларида инновацияларни қўллаш бўйича тажриба алмашиш, Қозоғистон Республикаси Aдлия вазирлиги билан товар белгиларини муҳофаза қилиш масалаларини муҳокама қилиш, давлат хизматларини рақамлаштириш устувор йўналишлари хусусида тақдимотлар қилиш ва бошқа тадбирларни ўтказиш назарда тутилган.

Имзоланган ҳужжатлар самарали икки томонлама ҳамкорликка хизмат қилади ва ушбу мамлакатлар адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқий соҳада самарали ҳамкорлик қилиш учун ҳуқуқий асос яратади.