Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари мазкур учрашув жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди. Ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, янги тарихимизда илк бор қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди. “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.
– Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда, – деди Президентимиз.
2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, “Барча дипломатик ваколатхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими?” деган масала ўртага қўйилди.
– Ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи – инвестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтириб, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир, – деди Президентимиз.
Шу муносабат билан элчилар учун улар фаолият юритаётган давлатлардан экспорт тушумлари, туристлар оқими ҳамда ушбу мамлакатларга қонуний меҳнат миграцияси самарадорлик мезони бўлиши қайд этилди.
Иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди. Тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт 33,5 миллиард долларга, хорижий инвестициялар эса 43 миллиард доллардан ошди. Ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайди.
Шу нуқтаи назардан элчиларга Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, иссиқхона ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан ишлаш вазифалари қўйилди. Айрим бозорларда Ўзбекистон маҳсулотларининг номи етарлича танитилмаётгани қайд этилди.
Логистика харажатларининг ортиши миллий маҳсулотлар рақобатдошлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланиб, Европа бозорларига чиқишда транзит йўналишларини диверсификация қилиш, логистика занжирларини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида тежамкор технологиялар, инновацион иссиқхоналар тажрибасини ўрганиш, уларни ҳудудларимизда жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, кимё саноати маҳсулотлари учун янги экспорт бозорларини очиш, стандарт ва талабларни ишлаб чиқарувчиларга етказиш, кўргазмалар ташкил этиш масалалари қайд этилди.
Янги экспорт йўналиши сифатида Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда тегишли вазирликлар ва элчилар иштирокида аниқ “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилди.
Элчилар лойиҳа топиш, уни олиб келиб, ишга туширишдан манфаатдор бўлиши кераклиги қайд этилди. Аниқ инвестиция ёки экспорт лойиҳасини якунига етказган элчиларни моддий рағбатлантириш амалиёти жорий этилиши белгиланди.
Айрим соҳаларда элчилар ва тармоқ раҳбарлари мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётгани танқид қилинди. Хусусан, халқаро грантлар жалб қилиш бўйича салоҳият етарли даражада ишга солинмагани қайд этилди. Агар вазирликлар ва тармоқ раҳбарлари элчилар билан ҳамкорликни тўғри йўлга қўйганида ўтган йили қўшимча равишда яна камида 200-300 миллион доллар грант жалб қилиш мумкин эди.
Қайд этилганидек, халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар ҳар йили 200 миллиард долларга яқин халқаро грантлар эълон қилмоқда. Ушбу ресурслардан самарали фойдаланиш, грантлар билан ишлаш бўйича ягона ва тизимли ёндашувни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Хитой, Япония ва Сингапурдаги элчилар билан биргаликда дунёдаги TOП-100 таликка кирувчи етакчи хорижий олий таълим муассасаларини Ўзбекистон олийгоҳларига ҳамкор сифатида жалб этиш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда ҳудудлар ва элчихоналар ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмагани қайд этилди. Вилоят ҳокимлари элчилар билан биргаликда ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотларни тизимли равишда хорижда илгари суриши, маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишида фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди.
Навбатдаги устувор вазифа сифатида фуқароларимизни хорижда қонуний ва юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш белгиланди. Тартибли меҳнат миграциясининг географияси кенгайиб бораётгани, лекин айрим мамлакатларда бу йўналишда иш етарли даражада ташкил этилмаётгани кўрсатиб ўтилди ва элчиларга тегишли топшириқлар берилди.
Элчихоналар ва консулликлар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол бўлиши, ҳар бир ҳолат бўйича малакали юридик ёрдам кўрсатиши шартлиги таъкидланди. “Кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, жойларда ишлаш, ватандошлар билан бевосита мулоқот қилиш вазифаси қўйилди.
Туризм соҳасида элчиларнинг ролини янада кучайтириб, туризм ва маданият бўйича ишларга янги ёндашув жорий этиш, визасиз режимлардан самарали фойдаланиш, халқаро аутсорсинг компанияларни жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ташқи сиёсий алоқаларни кенгайтириш, олий даражадаги ташрифларга пухта тайёргарлик кўриш, дипломат кадрларни қайта тайёрлаш ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташқи ахборот сиёсати ва мамлакат имижини оширишда халқаро ОАВ ва махсус медиа лойиҳалар билан ишлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим.
Дипломатларимизнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат” фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.
– Энди янгича руҳда ишлайдиган, аниқ натижаларга эришаётган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган дипломатлар даври келди, – деди давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида.
Йиғилишда хориждаги элчиларнинг ҳисобот ва таклифлари тингланди.