Душанба куни эрталаб Россиянинг Марселдаги бош консуллиги ҳудудига учта номаълум қурилма ташланди, улардан иккитаси портлаган. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Россия бош консуллиги хабар берди.

“Учта қурилма улоқтирилди, иккитаси портлади, ҳозирда улардан бири билан сапёрлар ишламоқда, қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ”, деди агентлик манбаси.

Бош консулликнинг аниқлик киритишича, портлашлар дипломатик миссия биносига зарар етказмаган. Ҳозирда бош консуллик ҳудудида сапёрлар ишламоқда, ёнғин-қутқарув хизмати ҳамда полиция ходимлари етиб келган. Бош консуллик атрофи ўраб олинган, баъзи консуллик ходимлари ташқарида кутишмоқда, сапёрлар портламай қолган қурилмани текширмоқда.

19 февраль куни Россия Ташқи разведка хизмати (СВР) Киев расмийлари Россиянинг Европадаги, хусусан, Германия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Скандинавиядаги дипломатик ваколатхоналарига қарши терактлар уюштириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Агентлик маълумотларига кўра, украиналиклар бундай ҳаракатлар учун Словакия ва Венгрияни афзал кўришлари истисно этилмаяпти. СВРнинг фикрича, бу Киевга “қўшимча имтиёзлар” беради, чунки Украинадаги можаро бўйича алоҳида позицияни эгаллаган Европа Иттифоқи давлатлари обрўсизланади, деб хабар беради tass.ru.