Таътил давомида ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Халқ таълими вазирлиги томонидан таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилади.
Жумладан, таътил кунларида «Баркамол авлод» болалар мактабларида тўгараклар ўқувчилар ихтиёрида бўлади.
Шу билан бир қаторда, ўқувчилар «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида телеканаллар орқали бериб борилаётган тўгараклар ва турли машғулотлар ёрдамида ўз билимини мустаҳкамлаб бориши мумкин.
Шунингдек, фарзандларимиз вақтини самарали ўтказиши ва билимини мустаҳкамлаб боришига қаратилган бир қанча фойдали электрон таълим ресурслари ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, улар қуйидагилар:
Edumarket.uz – болаларни ўқишга рағбатлантирадиган виртуал-онлайн таълим платформаси;
Kitob.uz – Республика болалар кутубхонасининг электрон ва аудиокитоблар коллекциясидан иборат онлайн платформа;
uz.khanacademy.org – индивидуал таълим олувчилар учун мўлжалланган бепул ўрганиш онлайн портал;
bam.uzedu.uz – «Баркамол авлод» болалар мактаблари ва ўқувчилар учун қизиқ бўлган келажак касбларига йўналтирилган тўгараклар ҳақидаги маълумотларни олиш мумкин.
Мазкур электрон таълим ресурслар орқали ўқувчи ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши билан бир қаторда, китобхонлик маданиятини шакллантириши, ўз устида ишлаши ҳамда билимини янада бойитиб бориши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, умумий ўрта таълим мактабларида кузги таътил 4 ноябрдан бошланиб, 9 ноябргача давом этади. Жорий йилнинг 10 ноябрь куни II чоракнинг биринчи куни ҳисобланади.