Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева, ИИВ ҲПХ бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева, Бош прокуратура бўлим бошлиғи Ўктам Ўтаев, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Исломиддин Холиқов иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди.
Тадбирда қайд этилишича, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи оилада, 3 мингдан ортиғи кўчада, 1 мингдан ортиғи жамоат жойида, 81 таси таълим муассасасида, 429 таси иш жойида содир этилган. Жисмоний зўравонлик 9155 та, жинсий зўравонлик 68 та, иқтисодий зўравонлик 340 та, руҳий зўравонлик 18 мингдан ортиқ, тазйиқ 6 мингдан ортиқ.
Ҳимоя ордери бериш натижасида 16 мингдан ортиқ оила яраштирилди, 14 мингдан ортиқ низо бартараф этилди. Расмийлаштирилган 2862 та ҳимоя ордери натижасида маъмурий - жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ижтимоий реабилитация ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори, 4 та қонун лойиҳасига асослантирилган таклифлар киритилди. 8 та вазирлик ва идоралар билан оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш бўйича 2022 йил июль-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастурига оид қўшма қарор қабул қилинди ва ижроси назоратга олинди.
9 та вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий давлатларга узоқ муддатга чиқиб кетган шахслар, вояга етмаганлар орасида салбий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди.
Чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёллар учун ижтимоий реабилитация қилиш хизматини кенгайтириш мақсадида 28 та ҳудудий ва намунали туманлараро марказлар қошида 135 та ижтимоий маслаҳатхона ташкил этилди. Ушбу марказлар орқали 5 000 дан ортиқ хотин-қизларга маслаҳатлар ва тавсиялар берилмоқда.