Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузурида “Тадбиркорлик ва иқтисодий ривожланишни ўрганиш маркази”нинг очилиши муносабати билан семинар бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети катта илмий ходими Рауф Салахўжаев “Тадбиркорлик ва иқтисодий ривожланишни ўрганиш маркази” фаолиятини йўлга қўйишнинг мақсади, вазифалари ҳақида тақдимот қилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов, ўқув ишлари бўйича проректор Мансур Эшов, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Гулнора Абдураҳмонова, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Садриддин Худойқулов ва бошқалар иштирок этиб, университет илмий салоҳиятини ошириш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қилувчи илмий ишлар, самарали ихтиролар, инновацион ишланмалар яратилишида янги ташкил этилган марказнинг ўрни алоҳида бўлишини таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачидан батафсил маълумот олдилар ва келгусидаги ҳаракатлар кўлами келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 25 июнь куни Рауф Салахўжаев ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинган эди. Жумладан, ТДИУ ҳузурида тадқиқот институти ва бизнес мактаб ташкил этиш, иқтисодий таҳлил қила олиш кўникмаларига эга кадрлар тайёрлашда дунёнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинган.