Тошкент давлат юридик университети ташаббуси билан Халқаро тижорат арбитражи бўйича Виллем Вис номидаги халқаро танлов (“Annual Willem C. International Commercial Arbitration Moot”)нинг миллий раунди (Tashkent Pre-Moot) ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган танловда ТДЮУ, Тошкент шаҳридаги Вестминстер халқаро университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари иштирок этди.
Мамлакатимизда илк бор ўтказилган Tashkent Pre-Moot доирасидаги намунавий арбитраж процессида иштирокчилар 6 гуруҳга бўлиниб, билимини синовдан ўтказди.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган беллашувда мамлакатимиздаги қатор нуфузли адвокатлик фирмалари вакиллари ва халқаро экспертлар баҳосига кўра, Тошкент давлат юридик университетининг “TSUL VIS MOOT” жамоаси энг юқори натижани қайд этди. Энди жамоа 27 мартдан 1 апрелгача бўлиб ўтадиган “28th Willem C. International Commercial Arbitration Moot” танловининг халқаро босқичида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Улар АҚШ, Эрон, Россия Федерацияси, Венгриянинг нуфузли университетлари жамоалари билан беллашади.
Беллашувлар давомида мутасаддилар томонидан Willem C. Vis Moot халқаро танлови шартлари ва талаблари, халқаро тижорат арбитраждаги янгиликлар хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Халқаро тижорат арбитражи бўйича Willem C. Vis Moot халқаро танлови жаҳон миқёсида тижорат арбитражи йўналишидаги энг нуфузли танлов ҳисобланади. Танлов анъанавий тарзда ҳар йили Австриянинг Вена шаҳрида ўтказилади. Унда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан 380 дан зиёд жамоа ўзаро беллашади. ТДЮУ талабаларининг “TSUL VIS MOOT” жамоаси ҳам 2018 йилдан бери мазкур танловда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жамоа Германия, Австрия, Венгрия, Туркия, Бразилия, Хитой, Япония, Ҳиндистон, АҚШ, Россия Федерациясининг маҳоратли жамоалари билан 40 дан ортиқ тайёргарлик эшитувини ўтказиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Tashkent Pre-Moot каби танловларнинг ташкил этилиши эса талабаларимизнинг бу борадаги ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқади.
Тошкент давлат юридик университети
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими