Жиззах вилояти мусиқали дарама театри жамоаси томонидан вилоят Оила ва хотин-қизлар, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун икки ҳафталик бепул спектакллар намойишининг йўлга қўйилиши байрам олдидан чинакам маънавий туҳфа бўлди.
16 августдан 30 августга қадар давом этадиган бу эзгу ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати, хотин-қизлар ўртасида ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, уларнинг маънавий-маданий завқ олишига оз бўлса-да, ҳисса қўшишда.
Лойиҳанинг илк куни театр жамоаси Пахтакор туманида томошабинларга “Танҳо юлдуз” спектаклини ҳавола этди.
— Спектакллар 12 та тумандаги маданият марказларида, шаҳарда эса театр биносида намойиш этилади, — дейди театр раҳбари Ғулом Дархонов. — Аввал ҳам мана шундай лойиҳани нуронийлар билан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси касаба уюшмалари ходимлари билан бирга амалга ошириб, бутун вилоят бўйлаб спектакллар намойиш этгандик. Бу йилнинг ҳисобидан мазкур лойиҳа иккинчи марта амалга ошириляпти. Маблағлар туманлардаги Оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан қоплаб берилади.
Намойиш этилиши мўлжалланган спектакллар қаторида театр бош режиссёри Шоҳруҳ Йўлдошев саҳналаштирган Туроб Тўла асари — “Нодирабегим” спектакли алоҳида ўрин тутади.
— ХVIII аср охири ва ХХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган ўзбек мумтоз адабиётининг етук намояндаларидан бири Нодирабегимнинг мураккаб ҳаётига бағишланган мазкур асарда асосан Қўқон хонлиги тахтига ўтирган 14 ёшли Муҳаммад Алихон даври хусусида сўз боради.
— Нодирабегим шоира бўлиш билан бирга, аввало она. Шунингдек, ўзбек давлатчилиги бошқарувида давлат арбоби сифатида гавдаланади. Томошабиннинг оилага, ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини янада жунбушга келтиради, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Лапасов. — Бу спектаклда мен Ҳожидарға образини ижро этдим. У ватанпарвар, адолатли инсон сиймосида гавдаланади. Асарда ўтмишимиздаги эрксизлик туфайли тахт талашлар қурбонига айланган мазлум халқ ва ўзаро ишончсизлик, хиёнат ва разолатдан жабр кўрган буюк шоирамизнинг изтиробларга тўла машаққатли ҳаёти тарихий фактлар асосида бадиий ифода этилган.
Ўғли ёш бўлгани боис Нодирабегим мамлакатни бошқаришда Муҳаммад Алихоннинг ёнида туради. Ўз халқининг озод ва бахтиёр яшашини доимо орзу қилиб яшаган шоира айнан мана шу даврда, яъни 1822 йилдан то 1842 йилга қадар юрт тинчлиги, ободлиги йўлида улкан ишларни амалга оширди. Саройдаги азалий зиддиятларга қарамай адабиётнинг юксалиши йўлида, давлатчиликни ижтимоий ва иқтисодий равнақ топтириш йўлида қанчалик мураккаб бўлмасин, бир мунча муваффақиялар қозонади.
Мана шундай тарихий сиймоларимизнинг жасоратини кўрганда ҳар биримиз беихтиёр ғурурланиб кетамиз. Театрга тез-тез келиб, тарихий спектаклларни томоша қилишимиз, шу орқали аждодларимиз ҳақида кўпроқ билишимиз кераклигини ҳис қиламиз.
Ўз таассуротларини баён қилган Одина Ҳамроева “Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан биз, аёлларга бундай эътибор берилиб, театрга бепул кириш имкони яратилганидан ҳурсандмиз. Ўзингиз биласиз, қишлоқ аёли уй юмушларидан ортиб, ўзича шаҳар марказига спектакль кўриш учун боришга имкон топавермайди. Лекин туманимизнинг ўзида қўйилаётган спектаклни кўргани жон деб бордим. Томошадан кейин бошқа аёлларнинг ҳам юзларида қувончни кўриб кўнглим янада кўтарилди. Бунинг учун шу ташаббус бошида турганларнинг ҳаммасига раҳмат айтамиз”, деди ўз мамнунлигини изҳор этиб.
—Театрни ҳаёт ойнаси деб бежиз таърифлашмаган. Уларда ижро этилаётган ҳар бир асарда биз ўз ҳаётимиз, турмушимизни, тарихимизни кўрамиз. Томошабинлар билан юзма-юз ижро этилган саҳна асарлари бошқа санъат асарларидан кўра бутунлай бошқача таъсир кўрсатади. Спектаклларимизга келган одамларнинг таассуроти, ҳаяжони, қувноқ ёки ўйчан ҳолатга тушгани қайсидир маънода хизматларимиз самарасини ифода этади. Буларнинг бари уларни фикрлашга, ҳаётга янада теран назар ташлашга ундагани аниқ, — дейди театрнинг адабий бўлим мудири Чарос Маннонова.
Жиззахлик хотин-қизлар учун “Нодирабегим”, “Танҳо юлдуз” асарларидан ташқари “Тўйлар муборак!”, “Баҳодир”, “Бўёқчи” каби спектакллар намойиши кўзда тутилган.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири