Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 48 ёшли Б.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, телеграм мессенжерида “Заҳро” номли профиль эгаси Б.Ш.нинг турли фото-суратлари ва беҳаё тасвирларини интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига пул талаб қилаётганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 34 ёшли (аёл) А.Ф. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган (аёл) А.Ф., жабрланувчи Б.Ш. билан телеграм мессенжери орқали ўзини “Заҳро” деб таништириб, маълум вақт ишқий муносабатда бўлиб келган ва унинг ишончига кириш орқали унинг турли фотосуратлари ва беҳаё видеотасвирларини қўлга киритиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик ҳамда турмуш ўртоғига кўрсатмаслик эвазига 500 АҚШ доллар талаб қилиб мазкур пулларни олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ф.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.