Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қўмита таҳлиллари давомида айрим оператор ва провайдерларнинг мобил иловалари ҳамда веб-сайтларида истеъмолчилар учун муҳим бўлган маълумотлар тўлиқ жойлаштирилмагани аниқланган.
Хусусан, тарифлар ва нархлар, хизмат кўрсатиш шартлари, оммавий оферта ҳамда бошқа зарур маълумотлар етарли даражада тақдим этилмаган. Шунингдек, айрим ахборотлар давлат тилида берилмаётгани қайд этилган.
Айни пайтда Рақобат қўмитаси стриминг, интернет ва рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг мобил иловалари ва веб-сайтларини ўрганмоқда. Бунда истеъмолчилар учун зарур ахборотларнинг тўлиқ тақдим этилиши ҳамда уларнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги очиқ манбалар асосида таҳлил қилинмоқда.
Хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мобил иловалари ва веб-сайтларидаги маълумотларни тўлиқ тақдим этиш ҳамда уларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш зарурлиги эслатилди.
Истеъмолчилар ўз таклиф ва мулоҳазаларини info@raqobat.gov.uz ҳамда consumer@antimon.gov.uz электрон почта манзилларига юборишлари мумкин.
Ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.