Темур тузукларишундай асарлардан бири. У бир ҳукмдорнинг шахсий тажрибасидан иборат бўлмай, унда давлат қандай қурилиши, жамият қандай юксалиши ва тараққиёт қандай таъминланиши ҳақидаги мукаммал тафаккур мужассам.

Асарни фақат бир ҳукмдорнинг кўрсатмаси, бир даврнинг ёдномаси ёки сарой одоби ҳақидаги матн сифатида ўқиш унинг ҳақиқий қудратини камайтириш бўлади. Аслида, бу асар давлат қандай қурилиши, жамият қандай уйғунлашиши, илм қандай қадр топиши ва адолат қандай амалга айланиши ҳақидаги сиёсий тафаккурнинг пишиқ баёнидир. Амир Темурнинг буюклиги жангда эмас, тизимда, илмни ресурсга айлантирганида, қонунни устун қўйганида ва маданиятни давлат сиёсати даражасига кўтарганида намоён бўлади.

Амир Темурни фақат саркарда сифатида қабул қилиш тарих олдида ­адолатсизлик бўлади. У, аввало, давлат тафаккурини тартибга солган сиёсатчи эди. Унинг қудрати ҳудуд кенглиги, ҳукм аниқлиги, қўшин сонида бўлмай, қарор мантиғида, ҳарбий кучда эмас, тартибда эди. Шунинг учун Темур тузукларини ўқир эканмиз, кўз олдимизда давлатни қон томирларигача тушунган мафкуравий раҳбар гавдаланади. Асарнинг мазмунида давлатчилик, илм-фан, маданият, адолат ва инсон қадри бир-биридан узилмай, аксинча, ягона цивилизацион занжирнинг ҳалқалари сифатида ифодалангани бежиз эмас.

Ҳақиқат шуки, Темур давлати фақат ҳарбий ғалабалар ҳисобидан барпо этилмаган. У давлатни сақлаш учун ички меъёр, кадрлар сиёсати, хулқ-атвор қоидаси ва амалий жавобгарликни жорий этган. Бу ердаги энг муҳим бурилиш шундаки, давлат шахсий хоҳишлар майдонидан чиқарилиб, умумий қоидалар тизимига айлантирилган. Яъни ҳокимият бир одамнинг кайфиятига эмас, қатъий тузукка боғланган. Шунинг ўзиёқ Темур сиёсатини ўрта асрларнинг оддий фатҳчилик тафаккуридан юқорига кўтаради. Ҳарбий юришлар ортида маънавий ва ҳуқуқий тафаккур тургани учун ҳам темурийлар даври кейинчалик илм-фан ва маданият юксалишининг пойдеворига айланди.

Темур тузукларининг энг кучли жиҳатларидан бири илмга муносабатида. Бу асарда олим, фозил, муҳаддис, тарихчи, табиб, мунажжим ва муҳандислар давлатнинг, балки ички таянчи сифатида намоён бўлади. Темур илм аҳлини тўплаган, улар билан маслаҳатлашган, уларни ҳурмат қилган, давлат ишига аралаштирган. Бу ердаги фарқ жуда муҳим: “олимларни ҳурмат қилгандеган иборанинг ўзи етарли эмас. Чунки ҳурмат хулқ, интеграция эса давлат сиёсати масаласи. Темур илмни ортиқча зийнат эмас, бошқарувнинг зарур қисми деб билган. Мана шу сабабдан билимли инсон унинг салтанатида фикр ишлаб чиқарувчи кучга айланган.

Шу нуқтада ҳақиқий тарихий тўхтамга келиш мумкин: Темур илм-фанни давлат хавфсизлигининг бир қисмига айлантирган. Чунки билимсиз қарорхато қарор, хато қарорзаиф давлат, заиф давлаттез парчаланадиган салтанат. Темур бу занжирни яхши англаган. Шу боис, у фақат қўшинни эмас, ақлни ҳам уюштира олган. Илм унинг назариясида мақсад эмас, восита эди. Восита эса давлатни мустаҳкамлаш, барқарор қилиш ва келажакка йўл очиш учун хизмат қиларди. Бу жиҳат билан Темурнинг давлатчилик маданияти замонавийбилимга асос­ланган бошқарувтушунчасига ғоят яқин туради.

Самарқанд ана шу сиёсий-илмий қарашнинг энг ёрқин мевасидир. Мазкур шаҳар темурийлар даврида фақат пойтахт бўлиб қолмади. У ақл ва маданият марказига, илм ва меъморликнинг қўшилган нуқтасига айланди. Бу ерда темурийлар Ренессанси тасодифий равишда пайдо бўлган маданий кўтарилиш эмасди, давлат сиёсати, тарбия, сармоя ва интеллектуал муҳитнинг табиий натижаси эди. Аввал давлат тартибга келади, кейин илм нафас олади, аввал марказ мустаҳкамланади, кейин расадхона барпо этилади, аввал қонун устувор бўлади, кейин маданият гуллайди.

Шу тариқа “Иккинчи Ренессанс” тушунчаси алоҳида мазмун касб этади. Бу атама бўш шиор бўлмаслиги керак. У темурийлар даврида давлат, илм ва маданиятнинг бир-бирини қувватлаган тизимини ифодалайди. Давлат кучли бўлгани учун илмга шароит туғилди. Илм кучайгани учун маданият юксалди. Маданият юксалгани учун жамият ўзини англаш даражасига кўтарилди. Шундай қилиб, Темур давридаги тартиб кейинчалик Улуғбек давридаги илм-фан тараққиётига, сўнг эса бутун бир маънавий уйғонишга асос бўлди. Шу маънода, Темурни Иккинчи Ренессанснинг асосчиси дейиш чиройли ибора бўлмай, билъакс, тарихий мантиқдир.

Темур давлат бошқарувида адолатни ҳам марказга қўйган. Бу ерда адолат давлатнинг қонуний яшаш шартидир. ­“Адолат давлат асоси” ғояси бир неча қиррада очилади: золимга жазо, мазлумга ҳимоя, ­ҳокимга ­назорат, қонунга суянган бошқарув. Бу қараш Темурни фақат кучли эмас, балки ҳисобдор ҳоким сифатида кўрсатади. Агар ҳукмдор ўзини қонундан юқори қўйса, давлат қўрқувга қурилади, агар қонун ҳукмдордан юқори турса, давлат ишончга қурилади. ­Темур тузукларининг моҳияти мана шу бурилишда. У кучни ҳурмат қилган, лекин кучни чегарасиз қолдирмаган. Қонунни устун қўйгани учун ҳам унинг давлатида тартиб ва интизом давлатчиликнинг ички қонунига айланган.

Бир ҳақиқат борки, ҳар қандай давлатнинг келажаги унинг мактаб ва мад­расага, устоз ва шогирдга, савод ва тафаккурга қандай қараши билан белгиланади. Темурийлар даврида бу масала худди ­бугунгидек давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шаҳарлар ва қишлоқларда масжид, мадраса ва хонақоҳлар барпо этилгани, мударрис­лар ва шайхларнинг маоши белгилангани, сайидлар ва уламо иззатлангани, диний ҳамда дунёвий илмлар бирга ўқитилгани тасодиф эмас. Киши ўқимас экан, давлат ҳам бақувват бўлмайди. Шу сабабли темурийлар замонида билимли инсон ҳурмат топди, бу ҳурмат эса жамиятда ақлнинг мавқеини юксалтирди.

Қурилишлар, мадрасалар, кутубхоналар, расадхона ва меъморий ёдгорликлар ҳақида гапирганда, биз фақат тош ва ғиштни тасвирламаяпмиз. Биз давлатнинг дунё­қарашини кўряпмиз. Чунки ҳар бир мадраса келажакка қўйилган сармоя, ҳар бир расадхона оламни англашга қаратилган қадам, ҳар бир кутубхона хотирани сақлаш ва билимни кўпайтириш воситаси. Темурнинг Самарқандда илм аҳли учун шароит яратиши, уларни давлат ғазнасидан қўллаб-қувватлаши, бошқа ҳудудлардан олимларни жалб қилиши унинг сарфлаган маб­лағи эмас, топган келажаги бўлган.

Шу жиҳатлар бирлашганда, Темур тузук­ларидан битта катта хулоса чиқади: давлат куч билан эмас, ақл билан, тартиб билан, қонун ва билим билан яшайди. Амир Темур шуни англагани учун тарихда фақатгина забт этувчи эмас, давлатчилик меъмори сифатида ҳам қолди. Унинг мероси ҳарбий хайқириқдан кўра кўпроқ мадраса қўнғироғида, расадхона сукутида, кутубхона саховатида ва адолат руҳида намоён бўлади. Бугун янги Ўзбекистон учун ана шу мероснинг энг қиммат жиҳати бор: тараққиётнинг ҳақиқий йўли илмга суянган давлат, қонунга суянган бошқарув ва адолатга суянган жамият­дир. Темур тузуклари айнан шу ҳақиқатни асрлар орқали бизга қайта эслатиб турибди.

Тарихда буюкликни белгилайдиган бир мезон бор: ҳукмдор ўз даврини эмас, келажакни қандай шакллантиргани. Амир Темур ана шу мезонга жавоб бера олган кам сонли шахслардан. У қурган давлат бир неча асрга таъсир қилгани билан қимматли. Бу таъсирнинг марказида эса ҳарбий қудрат эмас, балки илм, таълим ва маданиятга таянган давлат сиёсати туради. Темурийлар ­давридаги ­юксалишнинг илдизи тартибга солинган давлат, билимга таянган бошқарув ва ­қадриятларга асосланган жамиятдир.

Бу ерда бир муҳим савол бор: нега кўп­лаб кучли салтанатлар тарихда изсиз йўқолган, Темурийлар эса маданий ва илмий мерос қолдирган? Жавоб яна ўша бир нуқтага бориб тақалади: таълим ва илмга муносабат. Темурийлар даврида билим шахсий фазилатдан кўра, ижтимоий заруратга айланган. Давлат ўзини сақлаб қолиш учун, аввало, фикрлайдиган инсонларни тайёрлаши кераклигини англаган. Шунинг учун ҳам мактаб ва мадрасаларни кўпайтириш, мударрисларга маош тайинлаш, олимларни ҳимоя қилиш каби чоралар узоқни кўзлаган сиёсий қарорлар эди.

Темурийлар даврида таълим тизимига берилган эътиборни бир жиҳат билан тушуниш мумкин: бу даврда илмни ўрганиш мажбурияти шаклланган. Шаҳзода ва маликаларнинг таълим олиши, ёш болаларни белгиланган вақтда мактабга бериш анъанаси, мадрасаларда диний илмлар билан бирга аниқ ва гуманитар фанларни ўқитиш жамиятда билимнинг қийматини оширган. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, таълим инсонни фақат маънавий эмас, балки бошқарув нуқтаи назаридан ҳам шакллантирган. Яъни билимли инсон фақатгина ўқимишли шахс бўлмай, давлатни бошқаришга тайёр кадр сифатида қаралган.

Темурийлар даврида таълим тизими учта асосий вазифани бажарган: аввало, давлат учун кадр тайёрлаш, иккинчидан, жамиятда ақл ва билимнинг нуфузини ошириш, учинчидан, турли ҳудудлар ва маданиятларни бирлаштирувчи интеллектуал муҳит яратиш. Бу вазифаларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ бўлгани учун таълим тизими давлат сиёсатининг марказий элементига айланган.

Ўша даврдаги мадрасаларнинг аҳамия­тини алоҳида таъкидлаш керак. Бу муассасалар фақатгина диний билим бериш маркази бўлибгина қолмай, ўша даврнинг илмий лабораторияси вазифасини бажарган. Математика, астрономия, мантиқ, тарих, адабиёт каби фанлар бир жойда ўқитилиши билимни тармоқларга бўлмай, бир бутун тизим сифатида қабул қилинганини кўрсатади. Бу эса ўша давр учун жуда илғор ёндашув эди. Чунки турли фанлар уйғунлиги янги ғоялар пайдо бўлишига хизмат қилади.

Самарқандда шаклланган илмий муҳит бу сиёсатнинг энг юқори натижаси бўлди. Шаҳарга турли мамлакатлардан олимлар, усталар, меъморлар, мутахассислар жалб қилингани ҳақидаги маълумотлар тасодифмас. Бу онгли равишда юритилган интеллектуал сиёсат эди. Турли мактаблар ва анъаналарнинг бир жойда тўқнашиши эса янги ғоялар туғилишига олиб келган.

Мазкур жараён кейинчалик ­Мирзо Улуғбек даврида янада чуқурлашди. Улуғбек шахси Темур яратган муҳитнинг табиий давоми эди. Унинг расадхонаси, мад­расалари ва илмий фаолияти ­темурийлар даврида илм-фан қандай даражага чиққанини яққол кўрсатади. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, Улуғбекнинг илмий ютуқлари шахсий истеъдод натижаси бўлиш билан бирга давлат томонидан яратилган шароитнинг ҳам маҳсулидир. Агар муҳит бўлмаса, истеъдод ҳам тўлиқ очилмайди. Темурийлар даври эса айнан шундай муҳитни ярата олган.

Темурийлар даврида илм-фаннинг юксалиши маданият ривожи билан узвий боғлиқ. Меъморлик, адабиёт, тарихнавислик ва санъат соҳаларидаги ютуқлар жамиятнинг маънавий савиясини белгилаб берган. Бу ерда маданият жамиятни бирлаштирувчи куч сифатида намоён бўлган. Давлат сиёсатининг маданият билан уйғунлиги эса унинг барқарорлигини таъминлаган.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак: темурийлар даврида илм ва маданиятнинг ривожи ташқи дунё билан алоқалар кенгайишига ҳам хизмат қилган. Савдо йўллари тикланиши, дипломатик муносабатлар йўлга қўйилиши, турли халқлар ўртасидаги алоқалар кучайиши маданий ва илмий алмашинувни тезлаштирган. Бу эса жамият очиқ тизимга айланганини кўрсатади. Очиқлик бўлган жойда тараққиёт тезлашади.

Агар бу жараёнларни бирлаштириб қарасак, темурийлар давридаги Ренессанснинг асл механизми очилади. Бу механизм жуда содда, лекин жуда самарали: давлат тартиб ўрнатади, тартиб барқарорликни таъминлайди, барқарорлик илмга имконият яратади, илм маданиятни юксалтиради, маданият эса жамиятни тараққиётга олиб чиқади. Бу занжирнинг ҳар бир бўғини муҳим. Агар шу бўғинлардан бири узилса, бутун тизим издан чиқади.

Темурийлар даври бизга битта аниқ сабоқ беради: тараққиёт тасодифий бўлмай, у онгли равишда яратилган муҳит натижасидир. Илмни қўллаб-қувватламай туриб, маданиятни ривожлантириб бўлмайди, маданиятсиз жамият эса барқарор бўлмайди, барқарорликсиз давлат узоқ яшай олмайди. Темурийлар бу боғлиқликни англаган ва уни амалда қўллаган.

Тарих бизга тайёр жавоб бермайди, лекин аниқ йўналиш кўрсатади. Темурийлар даври ана шу йўналишлардан бири. У бизга давлатни билим билан, жамиятни тарбия ­билан, тараққиётни тасодиф билан эмас, тизим билан таъминлаш мумкинлигини ўргатади.

Тарихни ўқишнинг икки йўли бор: ё уни эслаб қўйиш, ё ундан хулоса чиқариш. Агар “Темур тузуклари”га фақат ўтмиш ёдгор­лиги сифатида қарасак, у кутубхона жавонида қолади. Агар давлат тафаккури сифатида ўқисак, у бугунги кунга хизмат қилади. Шу маънода, темурийлар даври амалий сабоқлар манбаидир.

Амир Темур яратган тизимнинг энг катта ютуғи шундаки, у қисқа муддатли ­ғалабалардан кўра, узоқ муддатли ­барқарорликка хизмат қилди. Бу барқарорлик асосида эса учта устун турди: илм, адолат ва тартиб. Илм қарорнинг сифати, адолат ҳокимиятнинг чегараси, тартиб давлатнинг устуни. Шу учала омил бир-бирини қўллаб-қувватлагани учун ҳам темурийлар даврида цивилизацион юксалиш юз берди.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. ­Темурийлар даврида давлат ва жамият ўртасида узилиш бўлмаган. Давлат илмни қўллаб-қувватлаган, илм эса жамиятни ривожлантирган. Жамият ривожлангани сайин давлатнинг пойдевори мустаҳкамланган. Шу ўзаро боғлиқлик бузилмагани учун ҳам тизим ишлаган. Агар давлат жамиятдан узилса, у фақат кучга таянади, агар жамият давлатдан узилса, у тартибни йўқотади. Темурийлар даврида эса бу мувозанат сақланган.

Иккинчи Ренессанснинг ҳақиқий моҳия­ти ҳам айнан шу ерда. У алоҳида шахслар ютуғи эмас, балки тизим натижаси. Мирзо Улуғбек каби алломалар пайдо бўлиши учун, аввало, муҳит керак эди. Бу муҳитни эса Темур яратган. Агар давлат илмга ­шароит яратмаса, истеъдодлар якка ҳолда қолади, агар шароит бўлса, истеъдодлар мактабга айланади. Темурийлар даврида айнан шу ҳолат кузатилди — якка истеъдодлар тизимли илмга айланди.

Демак, темурийлар мероси бугунги кун учун ҳам долзарб. Чунки замон ўзгаргани билан тараққиётнинг асосий қонунлари ўзгармайди. Бугун ҳам давлатнинг кучи унинг табиий ресурслари бўлибгина қолмай, балки интеллектуал салоҳиятида. Бугун ҳам адолат бўлмаган жойда барқарорлик бўлмайди. Бугун ҳам таълимга эътибор бермаган жамият келажакни йўқотади. Темурийлар даври ана шу ҳақиқатларни бир неча асрлар олдин амалда исботлаб берган.

Темурийлар даврининг яна бир сабоғи кадр масаласи. Агар кадр билимли, масъулиятли ва адолатли бўлса, қонун ишлайди. Акс ҳолда, энг яхши қонун ҳам қоғозда қолади. Темурийлар даврида таълимнинг марказий ўрин тутиши айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан. Бугун ҳам бу масала ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Илм-фан юксалиши тасодиф эмасди. Бу жараённинг ортида бир инсоннинг шахсий қизиқишидан кўра, балки аниқ шаклланган давлат сиёсати турган. Амир Темур илм аҳлини давлат бошқарувининг ажралмас қисмига айлантирган сиёсатчи сифатида ажралиб туради.

Унинг саройида фақат амалдорлар эмас, балки фикр эгалари — олимлар, мутафаккирлар, тарихчилар, файласуфлар ҳам йиғилган эди. Саъдуддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний каби алломаларнинг Самарқандда фаолият юритиши бунинг яққол ­далилидир. Бу муҳитда илм ҳимоя қилинмаган — у ишлатилган. Темур олимлар билан мунтазам мулоқот қилган, улар билан баҳслашган, энг муҳими, давлатга оид қарорларда уларнинг фикрига таянган.

Бу ерда ҳал қилувчи жиҳат шундаки, ­Темур учун билим назарий қадрият эмасди. У уни амалий куч сифатида кўрди. Шу боис, тарих унинг энг севган фанларидан бирига айланди. Соҳибқирон ўтмишни ўрганиш орқали келажакни бошқариш мумкинлигини англаган. Ҳукмдор сифатида ўз қарорларини тасодифдан кўра, тарихий тажрибага таянган ҳолда қабул қилган. Шунинг учун сарой тарихчиларига воқеаларни бўрттирмасдан, борича ёзиш талабини қўйгани ўша давр учун ноёб интеллектуал ёндашув эди.

Темур даврида илм-фаннинг турли соҳалари бир вақтнинг ўзида ривожланиши ҳам айнан шу ёндашув билан боғлиқ. Меъморчилик ва муҳандисликда юксак иншоотлар барпо этилди, аниқ фанларга эҳтиёж ортди, ҳисоб-китоб, геометрия ва астрономия амалиётга кириб келди. Бу жараён кейинчалик Мирзо Улуғбек даврида ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Улуғбек расадхонасида қилинган тадқиқотлар, “Зижи Кўрагоний” каби асарлар яратилиши — буларнинг барчаси Темур томонидан қўйилган илмий пойдеворнинг табиий давоми эди.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат кўринади: Темур илмни фақат марказда жамламаган, балки уни тизимга айлантирган. Самарқанд ва бошқа шаҳарларда мадрасалар барпо этилган, уларда диний билан бир қаторда дунёвий фанлар — математика, мантиқ, астрономия, тарих, адабиёт ўқитилган. Катта кутубхоналар ташкил этилиб, турли ўлкалардан қўлёзмалар йиғилган. Булар таълим ва билимга муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатади.

Темурнинг таълимга қарашида ҳам стратегик ёндашув яққол намоён бўлади. У таълимни давлатни сақлаш воситаси сифатида кўрган. Шунинг учун келажак авлодни тарбиялаш, билимли кадрлар етиштириш сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Бу ерда таълим элита тайёрлаш механизмига айланганини кўрамиз.

Темур тузукларидаги бошқарув тамо­йиллари ҳам айнан шу интеллектуал муҳит билан уйғун. У ишни тўққиз улуш кенгаш, бир улуш куч билан ҳал қилиш керак деган фикрни илгари сурган. Бу давлат бошқарувининг аниқ модели эди. У қарор қабул қилишда маслаҳатни устун қўйган, кучни эса сўнгги чора сифатида кўрган.

Шу билан бирга, у кадрлар масаласида мутлақо прагматик йўл тутган. Мансабга тайинлашда насл ёки келиб чиқиш эмас, ақл, тажриба ва садоқат ҳал қилувчи мезон бўлган. Темур томонидан амалдорларга қўйилган талаблар — ақллилик, ҳалоллик, шижоат, сабр, адолат ва масъулият каби сифатлар давлат бошқарувининг ахлоқий кодекси сифатида хизмат қилган.

Бу барча фактлар бир нуқтага олиб келади: Темур учун илм-фан, таълим ва адолат алоҳида соҳалар эмасди. Улар давлатнинг учта устуни сифатида қаралган. Илм — қарор сифати, таълим — кадр манбаи, адолат эса бошқарувнинг чегараси бўлган. Айнан шу уйғунлик темурийлар давридаги юксалишнинг асл сабабидир.

Шу ергача айтилган барча фикрларни бир жойга йиғсак, битта катта хулоса келиб чиқади: темурийлар даври — кучли давлат, билимли жамият ва адолатли бошқарув уйғунлигининг намунаси. Бу уйғунлик бузилганда тизим издан чиқади, сақланганда эса тараққиёт давом этади. Шунинг учун ҳам “Темур тузуклари”ни фақат ўқиш эмас, тушуниш керак.

Бугун янги Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини белгилаётган бир пайтда биз тарихга орқага қараш учун эмас, олдинга юриш учун мурожаат қиламиз. Чунки тарих ўтганлар ҳақидаги хотира эмас, бугунги қарорлар учун ўлчовдир.

Амир Темур даври шу маънода биз учун  аниқ мезонларни беради. Бу мезонлар оддий кўринади, аммо уларнинг ҳар бири давлат тақдирини ҳал қилади. Давлат илмга таянади, акс ҳолда, қарорлар кўр-кўрона қабул қилинади. Жамият таълим билан юксалади, йўқса, тараққиёт тасодифга айланади. Ҳокимият адолат билан мустаҳкамланади, куч эса ишончни алмаштира олмайди. Бу учлик танлов эмас, зарурат. Чунки тараққиёт тизимдан пайдо бўлади.

Агар илм четга сурилса, давлат заифлашади. Агар таълим қадрсизланса, жамият орқага қайтади. Агар адолат йўқолса, ҳокимият ўз пойдеворини ўзи емирa бошлайди.

Мана шу нуқтада “Темур тузуклари” ўзининг ҳақиқий аҳамиятини очади. У ўтмиш ҳақидаги ҳикоя эмас. У давлат қандай барпо этилиши, қандай сақланиши ва қандай юксалиши ҳақидаги амалиётдир. Амир Темурнинг буюклиги ҳам айнан шу ерда: у давлатни фақат қурмаган, балки унинг қандай ишлаши кераклигини белгилаб берган.

Шунинг учун Темур мероси амалда ишлатилиши керак бўлган тафаккур сифатида намоён бўлаётир. Шу маънода, “Темур тузуклари” ўтмиш китоби эмас, балки келажакни қуриш учун ёзилган дастурдир.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар

масалалари қўмитаси раиси