Мукофот жамғармаси 67,960 еврони ташкил этувчи Segovia Challenger турнирида ҳамюртимиз Денис Истомин ҳам ўз омадини синаб кўрмоқда. Теннисчимиз ўз иштирокини саралаш баҳсларидан бошлади. 

Истомин саралашнинг 1/2 финалида бразилиялик Уилсон Лейтега қарши кортга чиқди. Икки соату 52 дақиқа давом этган мураккаб учрашувда Денис рақибини 5/7, 7/5, 7/5 ҳисобида мағлубиятга учратди. Истомин 15 та, Лейте эса 1 та эйс зарбасини ижро этган. 

Таққослаш учун, ҳамюртимиз ATP рейтингида 449, Уилсон эса 499-ўринни эгаллаб турибди. Бугун Денис асосий тўрга йўлланма берувчи саралашнинг финал учрашувида германиялик Элмар Эюповичга қарши кортга чиқади. 

Рейтингнинг 386-поғонасини банд этган олмон теннисчиси ярим финалда бразилиялик Томас Белуччини 6/7(8), 7/6(5), 7/6(5) ҳисобида енгди. Денис Истомин - Элмар Эюпович учрашуви бизнинг вақт билан соат 17:00 да бошланади.