Президентимизнинг 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги  қарори билан ижроси таъминланган мазкур идоранинг иш бошлаганига бир йил бўлди. Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик қўмитанинг асосий вазифалари қилиб белгиланди. Қолаверса, қўмита монополияга қарши курашишни тартибга солиб, рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасидаги илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганиши ва жорий этиши ҳамда вазирликлар ва идораларни жалб этган ҳолда товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини янада такомиллаштиришга қаратилган стратегик дастурлар, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиши лозим.

Бозор муносабатлари шароитида якка ҳукмронликка қарши кураш учун алоҳида ташкилот тузилганлигининг ўзи мамлакатимиз учун катта бир ҳодиса, аслида. Хўш, қўмита ўтган қисқа вақт мобайнида зиммасига юклатилган ваколат ҳамда вазифаларни қандай бажариб келяпти?

Маълумотларига кўра, 2019 йил давомида жами 424 та, 2020 йил 1 май ҳолатига кўра эса, жами 96та жисмоний ва юридик шахснинг мурожаати кўриб чиқилиб, жами уч миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришган.

“ТЕРАФЛЮ”МИ ЁКИ “ТЕРЛАФЛЮ”?

келинг, энди амалий натижалардан ўтсак. Айрим тадбиркорлар билиб ёки “билмай” бозор қонуниятларини четлаб ўтмоқчи бўлади. Хуллас, “TheraFlu/Терафлю” дори воситаси товар белгиси эгаси бўлган GSK Consumer Healthcare S.A. копманиясидан ариза келиб тушади. Мазкур мурожаатда “Merrymed farm” МЧЖ томонидан компанияга тегишли “TheraFlu/Терафлю” товар белгисига  ўхшаш  “меТерлаФлу/меTerlaFlu” номи билан дори воситаси ишлаб чиқарилиб, сотилаётгани бирдирилади.

 “TheraFlu/Терафлю” ва “меТерлаФлу/меTerlaFlu” дори восита номларини ўхшашлигини аниқлаш мақсадида, қўмита томонидан Адлия вазирлиги хузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан эксперт хулосаси сўралади. Агентликнинг жавоб хатига биноан, иддао тасдиқланди, — дейди Ноҳалол рақобатга чек қўйиш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Йўлдошев. —  Ўрганиш натижаларига кўра, аризада келтирилган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, “Merrymed farm” МЧЖ Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасининг биринчи қисми учинчи ва тўртинчи хатбошиларини бузган деб топилиб, жавобгарликка тортилган. Қўмита томонидан бу каби “тасодифий” адашишларнинг ўнлаб ҳолати ўрганилиб, тегишли тартибда жавобгарлик белгиланиши учун курашиб келади.

Зиммасига юклатилган ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик вазифаси доирасида  бир қатор ташкилотларга тақдимномалар билан чиққан. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан  республика ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар белгиланган эди. Қўмита ҳаракатларининг дастлабки натижаларига кўра, мазкур қарорда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг маҳсулотларига асоссиз техник талаблар ва молиявий мажбуриятлар белгиланганлиги кузатилган. Ушбу ҳолатнинг товар бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг камайишига ва рақобатни чекланишига олиб келиш эҳтимоли бор деган хулосага келинган.

Бундан ташқари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ўрмон хўжаликларига ўрмон фонди ерларида заъфарон плантацияларини ташкил этиш юзасидан жамоатчилик муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳаси ёки республикадаги бир қатор туман ва шаҳарлар ҳокимларининг юридик, жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича қарорлари лойиҳалари билан боғлиқ мисолларни келтириш мумкин. “Мазкур қарор лойиҳаларида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талабларига зид нормалар келтирилганлиги, яъни қарор лойиҳасида айрим тадбиркорлик субъектларига бошқа тадбиркорлик субъектларига нисбатан устун ҳолатга қўядиган шароитлар яратиш ва, натижада, рақобатни чеклаш аломатлари кузатилганлиги бўйича хулосалар тақдим этилмоқда”, дейилади матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.

Шунингдек, ўтган даврда республиканинг 191 та шаҳар ва туманларида ўтказилган ўрганишларда 1060 та ҳолатда маҳаллий ҳокимликлар томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар ҳамда ҳаракатлар содир этиш ҳолатлари кузатилган. Шаҳар ва туман ҳокимликларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилганлик аломатлари бўйича 152 та иш юритувга олинган ва тўпланган материаллар махсус комиссияларда кўриб чиқилган.

– Қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятига кўрсатмалар юборилди, дейди қўмита раиси матбуот котиби Манзура Ҳасанова.Ўтказилган ўрганиш натижаларида қабул қилинган ҳужжатларда кўп ҳолларда тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишини чекловчи ҳамда товар молия бозорларида соғлом рақобат муҳитини яратишга тўсқинлик қилувчи омиллар мавжудлигини, аксарият қонун бузилиш ҳолатлари айрим тадбиркорлик субъектларига шартномалар тузишда устунлик бериш, улар фаолияти учун имтиёзли шартлар (шароитлар) белгиланиши, уларни бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган преференция ва енгилликлар бериш билан боғлиқлигини кўрсатди.

“АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРНИ ЯНГИЛАШ КЕРАК!”

Баъзи қонуности меъёрий ҳужжатларга ўзгатириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф бериш ваколати доирасида жорий йилда қўмита томонидан 3 та амалдаги қонун ҳужжатлари (ex-post усули) бўйича рақобат муҳитига таъсири юзасидан чуқур иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказган ҳолда, хулосалар тақдим этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополия тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш бўйича амалий чоралар кўрилиши ва шундан келиб чиққан ҳолда, барча қонуности меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз ташаббусларини билдирди.

– Электр энергияси соҳасини олсак, субистеъмолчилартомонидан хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфидаги электр тармоқларига уланганда, электр таъминоти хизматлари учун шартномаларни ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан тузилишини таъминлаш ва унга уланиш билан боғлиқ барча масалалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари зиммасига ўтказилишини таъминлаш бўйичақўмита томонидан тақдимнома киритилган, дейди Табиий монополияларни тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Элёр Содиқов. У ўз ижросини топса, тадбиркорларнинг масалага аралашуви олди олинади, чет эл инвестицияларни киришига эркинлик яратилади, келажакда субистеъмолчиларга электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотлар табиий монополия субъектлари давлат реестрдан чиқарилишига олиб келади, Шунингдек, иссиқлик таъминоти бўйича кўп қавватли уйларни локал иссиқлик таъминоти тизимига босқичма-босқич ўтказиш хисобига марказлаштирилган тизимдан воз кечиш дастурини ишлаб чиқиш таклифини ҳам илгари сурдик.

Қўмита мутахассислариинг фикрича, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 декабрдаги “Табиий монополиялар субъектлари томонидан мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчиларга товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомни қайтада кўриб чиқиб,ундаги талабларни янада кучайтириш керак. Қолаверса, тасдиқланиши мўлжалланган Президентимизининг “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни лойиҳалари Монополияга қарши курашиш қўмитасининг фаолиятидаги мавқеи, иш самарадорлигининг ошишига ҳамда товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат муҳити тубдан яхшиланишига олиб келади.

Қўмита томонидан давлатимиз раҳбарининг “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

АГАР МОНОПОЛИЯ БЎЛМАСА...

Биласиз, монополия ёки табиий монополия субъектларининг барҳам топиши ёки камайиши иқтисодиётда рақобат муҳитини ривожлантиради.
Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар учун  бозорда ўз мавқеини ва ўрнини эгаллашга кўмаклашувчи рақобатбардош сифат ва нархларнигш ўрнатилишига замин яратади.Мутахассисларнинг фикрича, монополия камайган жойда нарх ва тарифлар эркин шакллантирилиб, истеъмолчиларда мазкур хизматларни танлаш ҳуқуқи кенгаяди.Монопол ва табиий монопол хизматларида давлат назоратининг камайиши эса, чет элдан мазкур соҳаларга инвестицияларнинг фаол кириб келишиҳамда хусусий корхоналар кўпайишига омил бўлади. Бир сўз билан айтганда, монополиянинг камайиши яшаш шароитимизга енгиллик беради. “Улуғ ишлар ҳам биринчи қадамдан бошланади”, дейди донолар. Фикримизча, монополияга қарши кураш учун илк қадамлар ташланган. Қўмита, асосан,коммунал ва тадбиркорлик соҳаларига эътибор қаратган. Ҳолбуки, олдимизда автомобилсозлика, авиация, темир йўл каби соҳаларда йирик “тоғ”лар тургани ҳам барчага аён. Монополияга қарши курашиш қўмитаси зиммасига юклатилган вазифаларни  бажаришда  қатъий туриб, дадилқадамлар ташлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Соҳиба МУЛЛАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири