Хўш, вилоятдаги прокуратура, ички ишлар идоралари терговчилари бу вазифани нечоғлик уддалашяпти?
Яқинда Самарқанд вилоят прокуратурасида “Терговчи фаолияти қонун ва мамлакатдаги ислоҳотлар талабларига мос бўлиши керак” шиори остида ўтказилган семинарда ушбу масала таҳлил қилинди.
Семинарда Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев сўзга чиқиб, тергов натижаси жамиятда адолат барқарор бўлишига хизмат қилиши, терговчи пухта ҳуқуқий, сиёсий билимга эга бўлиши, ишни атрофдаги ўзгаришлар талаби асосида юритиши, ўз билимини ошириб бериши зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, терговчиларга алломаларимизнинг “Иккала томонни ҳам эшитмасдан қарор қабул қилган кимса, агар унинг қарори адолатли бўлса-да, у адолатсизлик қилган бўлади” деган сўзини шиор сифатида ишлатишларини тавсия қилди.
Семинарда тергов ишларининг сифати адвокатлар билан ҳамкорлик қилишига нечоғлик боғлиқлиги, адвокат талаблари ўрганилаётган ишда нотўғри хулоса чиқаришнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, терговчиларнинг фаолияти таҳлил қилинди. Тергов жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар, уларнинг сабаблари ҳақида фикр юритилди.