Ўйин ишқибозларини эса ихчам шаклда фанат деб атаймиз. Очиғи, фанат сўзини эшитганимизда аксариятимизнинг хаёлимизга шовқин-сурон кўтараётган бир гуруҳ томошабин келади. Лекин бу фанатлик эмас. Бу ҳолат кўпроқ маданиятсизликка, ахлоқ чегараларидан чиқишга ўхшайди. Асл фанатлик эса бир жамоага ёки спортчига меҳр қўйиш, муваффақиятидан қувониш, омадсизлигидан эса куйинишдир.

Агар беллашувда қатнашаётганлар маҳалладош болалар ёки синфдошлар бўлса, айни ҳолат орият билан боғланиб кетади. Уларга мухлислик қилиш бутунлай бошқача таассурот уйғотади. Агар ўз миллий терма жамоангизни қўллаб-қувватлаб турган бўлсангиз, бу энди бутунлай бошқа ҳолат. Ушбу мухлислик ортида юрагингиздаги Ватанга садоқат, халқпарварлик ва миллатпарварлик туйғулари бўй кўрсатиб туради.

Шу боис, мухлиси энг кўп бўлгани учун “миллионлар ўйини” номини олган футболда мухлислар “12-футболчи” дея таърифланади.

Мана, 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳам саноқли кунлар қолди. Соат миллари ўзбек футболсевар мухлисларининг юрак уриши ритмига мос тарзда урмоқда. Кўпчилик, хусусан, халқимиз аллақачон кун санай бошлаган. Чунки бу йилги чемпионат ўзбекистонликлар учун ўзгача аҳамиятга эга. Терма жамоамиз ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Халқимизнинг узоқ йиллик орзуси рўёбга чиқди.

Бунда саралаш босқичидаги кескин вазиятларда, ҳар бир турдаги ўйинларда майдондаги спортчилардан ҳам кўпроқ ҳис-ҳаяжонга берилиб, гоҳ стадионда, гоҳ экран қаршисида “Олға, Ўзбекистон!”, дея мухлислик қилиб турган юртдошларимизнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор.

Мана бугун халқимизнинг хоҳиш-истакларини ўзида акс эттирган янги Ўзбекистон бунёдкорлиги ва Президентимизнинг соҳага эътибори самараси ўлароқ, терма жамоамиз ўйинларининг сифат даражаси кўтарилди.

Терма жамоамиз нафақат жаҳон чемпионатига чиқди, балки ундаги баҳсларда ғалаба қозониб, муносиб иштирок этишига ҳам ишончимиз комил бўлди. Бугун футболчиларимиз дунёнинг энг нуфузли чемпионатлари ва жамоаларида тўп сурмоқда. Халқимизнинг холис нияти ўз рўёбини топмоқда.

34 йиллик орзу

Куни кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида суратга олинган, “34 йиллик орзу” деб номланган ҳужжатли фильмни томоша қилдим. Ушбу 8 қисмли ҳужжатли сериал Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 1998 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичидан то 2026 йилги мундиал саралашига қадар босиб ўтган драматик йўли ҳақида ҳикоя қилади. Сериал йилномалар, интервьюлар ҳамда футболчилар, мураббийлар ва мухлисларнинг таассуротлари орқали халқимизнинг ҳар гал жаҳон чемпионатига чиқиш орзусига ишончини кўрсатиб беради. Бу шунчаки футбол тарихи эмас, тарих кўзгуси ҳамдир. Муваффақиятсизликлар ва умидлар, ғалабалар ва мағлубиятлар, даврлар ва авлодлар алмашуви... Воқеалар марказида нафақат жамоа, балки ҳар гал “Бу сафар, албатта, уддалаймиз!” дея ишонадиган юртдошларимиз турибди.

Ҳа, ростдан ҳам юртдошларимиз ҳар мавсум “Бу сафар, албатта, уддалаймиз” деган ишонч билан яшади. Мактаб, университет, дўстлар давраси — ҳар қандай жойда тўртта ўзбекнинг гапи бир жойдан чиқадиган, аммо ҳаммани зумда хомуш қиладиган мавзу футбол эди. Ҳамма бир овоздан: “Насиб қилса, келгуси сафар”, дер эди. Ҳужжатли фильм жуда ажойиб олинган. Айниқса, мухлисларнинг интервьюси томошабинни тўлқинлантиради. Уларнинг сўзларини тинглаб, кўп воқеалар кўз олдимдан ўтди. Юртдошларимизнинг терма жамоа ўйинини кўриш учун ишдан баҳона қилиб чиққани, стадионга юзини бўяб боргани, ўйиннинг айни қизиқ жойида чироқ ўчиб қолгани ҳақидаги ҳаётий ҳикоялари тоғамни, акамни, бобомни ёдимга солди.

Жорий йилги жаҳон чемпионати ўзбекистонлик футбол мухлислари учун тўйдек гап. Шодиёна бўлганда ҳам оддий эмас, нақ 34 йил кутилган ҳодиса. Шундай экан, аввало, барчамиз бу лаҳзалар шавқидан баҳраманд бўлишимиз керак.

Ҳар тўрт йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳар бир давлат алоҳида тайёргарлик кўради. Нафақат футболчилар, балки “12-футболчи” бўлмиш мухлислар жамоаси ҳам терма жамоани қўллаб-қувватлашга, шунингдек, дунёдаги миллионлаб кишилар наздида мамлакатнинг ижобий имижини яратишга уринади. Умуман олганда, майдон ташқарисидаги ижобий маънодаги баҳс майдондагидан ҳеч ҳам қолишмайди.

Мухлислик маданияти миллат маърифатини кўрсатади

Эсимда, 2022 йилда Марокаш мухлислари Қатардаги чемпионат безагига айланганди. Айнан ушбу терма жамоанинг гуруҳ босқичидан чиқишида мухлисларнинг қўллаб-қувватлови муҳим роль ўйнаган. Ўшанда бу терма жамоа мухлисларининг қизғин ва ўз ўрнида тартибли мухлислик қилишини жаҳон ­оммавий ахборот воситалари, хусусан, машҳур “Reuters” ва “The Guardian” нашрлари алоҳида ёритган эди. Бу ҳолат нафақат Марокаш, балки бутун Африка қитъаси аҳолиси тўғрисида ижобий таассурот пайдо бўлишига замин ҳозирлагани таъкидланди.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида футбол бўйича жаҳон чемпионатида қатнашаётган ягона мамлакат. Қўшниларимиз ҳам мазкур мусобақада спортчиларимизга мухлислик қилади. Аслини олганда, Марказий Осиё халқлари ҳар бир халқаро мусобақада бир-бирини қўллаб-қувватлаб, мухлислик қилиб келади. Бунда сўнгги йилларда янада ривожланиб бораётган яхши қўшничилик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сиёсатининг ҳам аҳамияти катта.

Биргина мисол: юртдошларимизнинг Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидаги тарихий ғалабасига бағишлаб, қозоғистонлик хонанданинг ўзбек спортчиларини мадҳ этиб қўшиқ куйлаётганини кўриб қолдим. Видеолавҳа остидаги изоҳларда қозоғистонлик биродарларимиз қолдирган самимий қутловлар эса икки карра қувонтирди.

Шу боис, футбол ва бошқа спорт турларида мухлислик маданияти жуда ҳам муҳим. Айрим ўйинларда қайси жамоалар тўп сургани, ҳатто ҳисоб қандай бўлгани ҳам эсланмайди, аксинча, мухлисларнинг ўзини қандай тутгани хотирланади. Айниқса, жаҳон чемпионатларида терма жамоалар мухлисларининг ўзига хос бундай ҳаракатлари тарих зарварақларига ўчмас бўлиб ёзилади.

Масалан, японларнинг тартиб-интизомга қаттиқ амал қилиши ҳақида сўз борса, кўпчилик 2014 йили Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Япония терма жамоаси мухлислари ўйиндан кейин бутун майдонни тозалаб кетганини хотирлайди. Ўшанда дунё матбуоти бу воқеани япон халқининг ўзига хос маданияти сифатида баҳолаб, қайта-қайта материаллар эълон қилган эди. Сўнг япониялик мухлислар буни эзгу одатга айлантирди. Улар 2018 ва 2022 йиллардаги жаҳон чемпионатларида ҳам бу ишни такрорлади. Бундай воқеалар ҳам мамлакат, ҳам миллат имижига ижобий таъсир кўрсатади.

Айниқса, футбол бўйича жаҳон чемпионатига биринчи бор чиқаётган терма жамоалар ва давлатлар ўзларини алоҳида бир хусусиятлари билан намойиш этишга уринади. Сабаби дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар томоша қиладиган бу турнир мамлакатларнинг имижини кўтариш ва дунёга ўз номини танитиш учун қулай имконият ҳамдир. Ўзбекистон терма жамоаси бу йил “катта тўй” деб таърифлаганимиз ушбу халқаро тадбирга ўзига хос тўёна билан бориши керак. Жамоамиз аъзолари бунга жиддий ­тайёргарлик кўрмоқда. Масалан, терма жамоамиз етакчиси Элдор Шомуродов мундиалга Туркия чемпионатининг тўпурари сифатида ­бормоқда. Ҳамюртимиз якунланган мавсумда 22 та гол ва 5 та ассист қайд этиб, лиганинг 2025/2026 йилги мавсуми тўпурарига айланди.

Дунёнинг топ клубларидан бири “Манчестер Сити”да тўп сурадиган ҳамюртимиз эса жамоаси билан бу мавсум Англия лига кубоги ва Англия кубоги совриндори бўлди. Футбол мутахассислари таъбири билан айтганда, терма жамоамиз аъзолари чемпионатга “юқори форма”да йўл олмоқда.

Қалблардан чиққани қалбларга етиб боради

Инсон энг ҳаяжонли ва ҳиссиётларга тўла лаҳзаларида, албатта, шеър ўқийди, қўшиқ куйлайди ёки мусиқа чалади. Футбол ўйини жараёни ҳам худди шундай ҳаяжонли дақиқалардан. Жаҳон чемпионатларида мамлакатлар ўз шиори билан ҳам ўзлигини намоён этади. Футболчилар ва мухлислар бу сўзлар ва оҳанглар оғушида бирлашади. Жаҳон чемпионатларида барчанинг ёдида қолган шиор, қўшиқ ва куйни бугун эшитсак ҳам дарҳол ўша пайтлар хаёлимизга келади.

Масалан, 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига борган англиялик мухлислар “Itʼs coming home, footballʼs coming home” сўзларини қўшиқ қилиб куйлади. Улар кўчалар ва стадионларни тўлдириб, шу жумлаларни такрорлади. Бунга Англиянинг футбол ватани сифатида эътироф этилиши сабаб. Ўша турнирда яна бир қўшиқ кўпчиликнинг қулоғи остида жаранглаб қолди. Бу Перу мухлислари куйлаган “Contigo Perú” (“Сен билан, Перу”) таронаси эди. Перу жамоаси турнирни эрта якунлаган бўлса-да, чемпионат сўнгига қадар перулик мухлислар бу таронани куйлашдан тўхтамади. Натижада у мазкур чемпионатнинг энг машҳур қўшиғига айланди.

Биринчи бор жаҳон чемпионатида қатнашаётган, ғолиб бўлиш эҳтимоли жуда кам ва атиги 360 мингдан ортиқ аҳолига эга давлат мухлисларининг жаҳон чемпионатида бутун дунё эътиборини ўзига қарата олгани кутилмаган ҳодиса бўлди. Чунки чемпионатга келганлар сони бутун бошли давлат аҳолисидан ҳам кўп эди. Аввало, футболчиларнинг маҳоратли ўйини ҳамда мухлисларнинг ўз спортчиларини ўзига хос тарзда қўллаб-қувватлаши дунё эътиборини ушбу терма жамоага қаратишга мажбур қилди. Исландия мухлислари “Viking clap” (викинглар қарсаги) ва “Hú!” ҳайқириғини ўйлаб топди. Яъни ритмик қарсаклар ва ­ваҳимали “Hú!” қичқириғи орқали дунё ОАВ ҳамда миллионлаб инсонларнинг эътиборини жалб қила олди. Ҳатто бугун онлайн футбол ўйинларида Исландия терма жамоасини танлаб ўйнасангиз, виртуал футболчилар ҳамда мухлислар ҳам айнан шу ҳаракатларни намойиш этади.

Бошқа йиллардаги жаҳон чемпионатларидан ҳам мана шундай мисолларни келтириш мумкин. Масалан, 2010 йилги жаҳон чемпионати эсга олинса, дарҳол қулоғингизда Жанубий Африканинг ўзига хос чолғуси — вувузела садоси янграйди. Ёки бўлмаса, 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги “Dima Maghrib” (“Доим Марокаш”) шиори ва Аргентинанинг “Muchachos” қўшиғи ёдга тушади. Аслида, барча терма жамоалар мухлисларининг бу каби шиорлари, қўшиқлари ва куйлари мавжуд. Аммо юқорида санаб ўтилганлари халқ ва миллат тарихига, қадриятлари илдизига чуқурроқ улангани ҳамда ўзига хос ижодкорлик маҳсули экани билан ажралиб туради. Бу эса миллат вакиллари қалбидан чиққан нидонинг бошқа инсонлар қалбига ҳам чуқур кириб боришига асос бўлиб хизмат қилади.

Юртдошларимиз — ўзбек футбол мухлислари ҳам бу йилги чемпионатда ўзининг юксак мухлислик маданиятини намойиш этишига, санъат асари даражасидаги куй-қўшиқ ва шиорлар билан бутун дунё эътиборини ўзларига қаратишига умид қиламиз.

Бунда, албатта, ўзбек ижодкорларининг ўрни беқиёс. Биринчи навбатда, бадиий сўз санъати усталари ҳамда соҳир овоз соҳиби бўлган санъаткорларимиз Ўзбекистон терма жамоасига бағишланган шеъру қўшиқлари билан юртдошларимизга жўровоз бўлади.

 

* * *

Саноқли кунлардан сўнг ўзбек футбол мухлисларининг кўп йиллик орзуси бўлган жаҳон чемпионати сари йўл олинади. Бир сўз билан айтганда, спорт соҳасидаги янгиланишлар самараси ўлароқ, ўзбек футболи ҳақиқий олтин даврига қадам қўяди.

Албатта, ўйинлардан тайёрланган видеолавҳалар, тасвирлар ва футболчиларнинг интервьюлари бу кунларнинг унутилиб кетишига йўл қўймайди. Аммо мухлисларнинг завқ-шавқи ва қувончи, шунингдек, айни кунлар ҳақида яратилган бадиий асарлар ва куй-қўшиқларгина мазкур лаҳзалардаги ҳиссиётларни келажак авлодлар қалбига бутунлигича кўчира олади. Қолаверса, бу туйғулар бошқа миллат вакилларининг қалбида ҳам акс этиши шубҳасиз.

Санжар ЭШМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири