Ўқув марказини ташкил этиш учун Термиз тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактабидан бўш турган бино танлаб олинди ва тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Рақамли технологиялар ўқув марказини очилишига бағишланган тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, туман ҳокимлигининг раҳбар ва ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Мазкур марказ замонавий компьютер жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, компьютердан самарали фойдаланиш, дастурлаш, веб дизайн, компьютер графикаси асослари каби ихтисослашган ўқув курсларни ташкил этиш учун мўлжалланган. Қисқача қилиб айтганда ўқув марказида аҳоли ва ёшларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида билим эгаллашлари учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан биргаликда ўқув марказида тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларини ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакасини ошириши режалаштирилган.