Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Термиз халқаро аэропорти ички рейсларни қабул қилишга пухта ҳозирланди. Бунинг учун дезинфекция хонаси ташкил этилиб, термометрлар, антисептик ва масофани сақлашни эслатувчи афишалар харид қилинди.

Ижтимоий масофани таъминлаш мақсадида аэровокзал биноси махсус тасма билан ҳудудларга ажратилган, йўлакчаларда махсус афишалар жойлаштирилган. Шунингдек, аэропорт автобуси ҳам полиэтилен ёрдамида хоналарга бўлинган.

Аэропортнинг рейс давомида ишлайдиган барча ходимлари ҳимоя комбинезонлари, қўлқоплар ва ниқоблар билан таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси томонидан 2020 йил 18 май кунидан бошлаб Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклашга рухсат берилганди.