Ҳаким Термизий халқаро турнирига тайёргарлик якунланаётган тарихий кунлар арафасида барака ёмғирини эргаштириб, алпомишу барчинойлар юрти – Сурхондарёга отландик. Эрали Маҳмарасулов, Абдулла Тангриев, Рината Ильматова сингари миллий кураш ва дзюдо бўйича жаҳон ҳамда Осиё чемпионлари етишиб чиққан она юртимга борсам, албатта, Термиз отани зиёрат қилмоқчи эдим. Сафарим қариди ҳамки, бу дунёнинг ташвишлари ҳеч йўл берай демасди. Таассуфли бир хаёл ўртади: “Тезроқ қайтиш керак!”.

Дарахтлар бошини сарак-сарак қилиб, ёмғир ҳам челаклаб қуя бошлади. Бир сафар Тошкентдан қайтаётиб, селда қолганимиз, биз чиққан машина пастқам йўл ўртасида бир муддат таққа тўхтаганию кутилмаганда полвонлардай кучли шашт билан сел домидан отилиб чиққани кўз ўнгимда гавдаланди – Худо бир асровди ўшанда. Ҳайдовчи ҳам орқа ўриндиққа тез-тез қараб қўяди, аммо хавотирга ўрин йўқ. Чунки ҳозир у йўллардан асар ҳам қолмаган; бевош селлар ҳам аллақачон жиловланиб, Бойсунга минг йилда келмаган сувлар келиб қолган. Шунга қарамай, об-ҳаво барибир об-ҳаво-да.

– Бойсунга бурилайми? – ниҳоят сўради ҳайдовчи.

Кутилмаганда ниятимиз бир жойдан чиқди:

– Имом Термизийни зиёрат қиламиз, Шерободга ҳайданг, – деди йўлдошларимиздан бири. – Бу кеча Термизда қолиб, эртага учамиз.

Бирдан юрагим ёришиб кетди: йўлимиз ҳам, кўнглимиз ҳам бир жойдан чиқди-да. Аслида ўтмишга кўрсатилган юксак эҳтиром – келажакка, илм-фанга, миллий қадриятлару жисмонан ва маънан баркамол шахс тарбиясига қаратилган эътиборнинг бир кўринишидир. Президентимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, адабиёт ва санъатни, спортни келажак авлоднинг соғлом турмуш тарзига чуқур сингдиришга қаратилган беш ташаббусидан кўзланган мақсад ҳам келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишдан иборат. Биз ҳам айни мақсадда ижодкорлар, ёшлар, мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказиб, зиё-маърифат улашиш, китобхонликни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга бел боғлагандик. Эзгу сафар эвазига зиёрат ҳам насиб қиляпти.

Буни қарангки, зиёратгоҳга етишимиз билан ҳаво ҳам очилиб кетди. Гўё она табиат муҳаддислар султонини зиёрат қилмай кетолмаслигимизни қайта-қайта уқтирдию биз ҳам бу ишоратни илғаган алфозда ичкариладик. Соғинчу интизорлик, чуқур ихлосу эътиқод билан Термизий бобомиз қабри қошида муаззам қироатга соме эканмиз, буюк муҳаддис жаноб пайғамбаримиздан: “Олимни йўқлаган мени топади” деган машҳур ҳадисни ривоят қилгандек бўлди. Ўйланиб қолдим: “Олим тинмай ўзига – илмга чорлаётган бўлсачи?!” Баногоҳ бу ердаги беқиёс ўзгаришларни – ўтмишга эҳтиром шаклидаги келажакка эътиборни кўриб, қандайдир кўнглим тўлгандек, руҳиятим ҳам тиниқлашгандек эди.

– “Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” зиёратгоҳи 2018 йилда Президентимиз ташаббуси билан қайта реконструкция қилинди, – деди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали директори Қаюм Боймиров. – Ҳозирги манзара олдингисининг тамомила акси. Йўл-йўлакай бошқа туманлардаги бунёдкорлик ишларини ҳам кўргандирсиз?! Сурхондарё кундан-кун ўзгариб боряпти. Вилоят худди қайта ёзилаётган китобга ўхшайди.

Дарҳақиқат, биз бу китобни дастлаб бошидан охиригача, кейин охиридан бошигача ўқиб чиқдик. Яъни Термиздан Узунгача, Узундан яна Термизгача бўлган масофани босиб ўтиб, чор-атрофга кўз югуртирдик – бош-адоқ илм-фаннинг маҳсули бўлмиш яккаш манзара: бунёдкорлик, бунёдкорлик ва яна бунёдкорлик. Замонавий иншоотлар – бозорлар, маданият саройлари, ўқув даргоҳлари, шифохоналар – ҳамма-ҳаммаси ёмғир пардаси остида худди Наврўз сайлига чиққан келинчаклардай саф тортиб турибди.

– “Сунани Термизий” борми? – деновлик тадбиркор Ислом Худойбердиевнинг туйқус саволи бирдан ҳаммани ҳушёр торттирди. Кўнгилдагидек жавоб бўлмагач, бош чайқади. – Менда бир нусха бор. Опкелиб бераман. Термизий бобонинг кутубхонасида ўз китоби туриши керак. Ахир, бу ерга бутун дунёдан зиёратчилар келади-ку.

Дарвоқе, алпқомат шу йигитнинг ўзиям бир китоб: дарвоқе, унинг “Чағониён” деган уч қаватли замонавий кутубхонаси бор. Ислом Худойбердиев чет элдан турли манзарали ва мевали дарахт уруғларини келтириб, Денов туманидаги 32 гектар майдонда ундириш ва маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган кўчатларни қўшни давлатларга экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади. Яқинда Ангор туманидан 186 гектар ер олиб, иккита хўжалик трактори ва битта артезиан қудуғи ковлайдиган “буравой техника” харид қилди. Мақсад — сув чиқариб, яримчўл қўйнида улкан боғ яратиш; лалми ерга ишлов бериб, кўчатлар орасида деҳқончилик қилиш. Айни вақтда ишлар жадал – 40 гектар майдондаги анор ва шафтоли кўчатлари барқ уриб, кўклаб турибди.

Сув бор жойда ҳаёт ҳам, рўшнолик ҳам бўлади.

Ёдингизда бўлса, Президентимиз 2019 йилда Сариосиё туманидаги Тўполанг ГЭСга ташриф буюрганди. Тарихий ташриф чоғида белгиланган қатор вазифалардан бири “Зарчоб-1 кичик ГЭС” истиқболли лойиҳасини амалга оширишдан иборат бўлиб, ўрнатилиши режалаштирилган иккита агрегатнинг умумий қуввати 37,4 МВт.ни ташкил этиши лозим эди. Жорий йилнинг 3 апрель куни мазкур иншоотнинг қурилиш-монтаж, созлаш ва синовдан ўтказиш ҳамда автоматик тизим бошқарувини марказлашган ҳолда бошқариш ишлари муваффақиятли якунланди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги “2017–2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мазкур лойиҳа рўёбига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Манбаларнинг тасдиқлашича, ГЭС билан бир вақтда Зарчоб подстанцияси ҳам фойдаланишга топширилган. Бу подстанция замонавий ақлли технологик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, Зарчоб-1, Зарчоб-2, Тўполанг, Гулча ҳамда Регар подстанцияларини ягона энерготизимда бирлаштиради.

Равшан Бойқуловнинг сўзига кўра, амалдаги йилнинг сентябрь-октябрь ойларида яна бир истиқболли лойиҳа – “Зарчоб-2 кичик ГЭС”и ҳам фойдаланишга топширилади. Айни пайтда эса, “Зарчоб-3 кичик ГЭС”ининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Тўполанг дарёсининг юқори қисмида қурилиши белгиланган Мизот ҳамда Киштут ГЭСларига олиб борувчи 30 километрлик йўлнинг ҳам учдан бир қисми ётқизилган.

Ваҳоланки, бу замонавий Ўзбекистонда электр энергияси тармоғини жадал ривожлантириш, барқарор ва узлуксиз электр энергиясини ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратиш, хусусан, гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш мақсадида олис тоғли туманда амалга оширилаётган ишлардан бир чимдим, холос. Қолаверса, бу ҳамроҳимиз Қаюм домла “қайтадан ёзилаётган китоб”га қиёслаган Сурхондарё вилоятининг янги саҳифалари зарҳал ҳарфлар билан битилаётганидан, таъбир жоиз бўлса, вақтида ўн йиллаб чироққа зор бўлган воҳа аҳлининг ёруғликка чиққанидан далолатдир.

Бундай теран ҳақиқатларни кўриш, англаш ва юракдан ўтказиб бошқаларга ҳам кўрсатиш, яъни фаол тарғиб қилиш ҳар бир журналист, ёзувчи-шоирнинг она Ватан олдидаги фарзандлик бурчидир. Зеро, қалам соҳибларининг замондан орқада қолишга асло ҳаққи йўқ. Айниқса, чекка ҳудудларда яшаб ижод қилаётган, 3-4 тадан китоб чиқарган ёзувчи-шоирларни уюшма аъзолигига қабул қилиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда жипслаштириш орқали маънавий-маърифий тарғиботни кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Маънавий ҳаётимизда катта роль ўйнайдиган масъулиятли вазифани адо этиш учун йўлга тушганлар дастлаб Термиз шаҳрига бориб, бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашди.

Дўстона мулоқот руҳида кечган тадбирда янгиланаётган Ўзбекистондаги бугунги шиддатли жараён, янгиланиш ва туб ўзгаришлар ҳамда адабиёт ривожи йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишлар хусусида сўз борди. Уюшманинг Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олломуродов ҳамда ижодкорлардан Шавкат Пардаев ва Сафар Омон сўзга чиқиб, бугунги Сурхон адабий муҳити, устоз-шогирдлик анъаналари ва адабий жараёндаги муаммолар ҳақида тўхталди. Тезкор замон ҳар бир ижодкордан нафақат ёзувчи-шоирлик, балки фуқаролик позициясини ҳам мустаҳкамлаб, барча ислоҳотларда фаол иштирокчи ва тарғиботчи бўлишни талаб қилаётган айни пайтда муаллақ гаплар билан эмас, чинакам ватанпарварлик руҳи билан яшаб, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиш лозимлиги таъкидланди. Самимий баҳс-мунозаралар мушоирага айланди: “Сурхон” ҳамда “Илҳом” адабий клублари қаламкашлари ўз шеърларидан намуналар ўқиди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид тўққиз нафар сурхондарёлик ижодкорга уюшманинг аъзолик гувоҳномаларини топширди.

Сафар давомида мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ҳам ўтказилди. Иқтидорли ёшлар устозларнинг адабиёт ва санъатга оид фикр-мулоҳазалари, маҳорат сабоқларидан баҳраманд бўлди. Самимий мулоқот яна мушоирага айланди. Ёшлар таниқли ўзбек шоирлари, шунингдек, ўз ижодларидан намуналар ўқиди. Кутубхоналарга китоблар топширилди.

– Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Одил Ёқубов, Тоҳир Малик, Саид Аҳмад, Муҳаммад Юсуф, Тўра Сулаймон, Амирқул Пўлкан, Хосият Рустамова сингари шоир-ёзувчиларнинг асарлари кутубхонамизни янада бойитди, – деди Сариосиё туманидаги 45-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Меҳрангиз Сафарова. – Бу китоблар нафақат мактабимиз ўқувчилари, балки биз ўқитувчилар, қолаверса, маҳаллий аҳоли учун ҳам зўр маънавий совға бўлди. Чунки бундай камёб асарларни излаб-топиш қишлоқ шароитида ҳар доим ҳам насиб қилавермайди.

Тарғибот тадбирларидан бир дунё таассуротлар билан қайтдик.

Парвоз чоғи булутлар орасидан муҳаддислар бешиги бўлмиш Сурхон воҳасининг ҳусн-жамолига боқар эканман, сафар тафсилотларини қайта-қайта онг чиғириғидан ўтказиб, кўнглимдаги ёрқин ҳақиқатнинг амалий исботини ўз кўзим билан кўргандек бўлдим.

Шуҳрат АЗИЗОВ, журналист