Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти Термиз тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходимлари томонидан тумандаги “Орол” маҳалласи Ат-Термизий кўчаси 48-уйда яшовчи фуқаро Гулистон Маҳкамованинг мурожаати жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

У ўз мурожаатида қизи ишсизлиги сабабли оилавий шароити оғирлиги, уй-жойга муҳтожлиги, “Обод қишлоқ” Давлат дастури бўйича маҳалладаги Маҳтумқули кўчаси тўлиқ таъмирланмаганлиги, ҳудудга тортиб келинган интернет тармоғи ишламаётганлигини баён этган.

Ўрганишлар давомида фуқаро Г. Маҳкамова ва қизи Фотима Жўраеванинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўз уйида 1 дона гилам тўқиш ускунаси ўрнатилиб, зарур хом-ашёлар етказиб берилиши, тайёрланган маҳсулотларни ҳудудий тадбиркорлар томонидан сотиб олиниши, шунингдек, оила вакиллари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг даволанишлари учун зарур шароитлар яратиб берилиши, келгусида уй-жой билан таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.

“Орол” маҳалласидаги кўчаларни таъмирланиши бўйича қуйидагилар аниқланди.

Ушбу маҳалла “Обод қишлоқ” Давлат дастурига тушмаган бўлса-да, 2021 йилда Термиз туман ҳокимлиги томонидан ҳашар йўли билан маҳалладаги 2400 метр ва дастур асосида 1 км. йўлларга қум-шағал ётқизилган. Қолаверса, А.Навоий кўчасининг 700 метр қисми асфальтланган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Махтумқули 1-тор кўчасининг 685 метри, Махтумқули 2-тор кўчасининг 135 метри, Ат-Термизий 3-тор кўчасининг 696 метри, жами 1 516 метр қисмига қум-шағал ётқизиш ишлари режалаштирилган.

“Орол” маҳалласига тортилган интернет тармоғи ишламаслиги хусусида қуйидагилар маълум қилинади.

Маҳалладаги 115 та аҳоли хонадони ва 9 та давлат объектлари GRON технологиясига асосан интернет тармоғига уланган. NGN  технологиясига асосан MSAN 96-мини станциясидан 50 дона телефон, 32 дона хонадон интернет тармоғига уланган. Интернет тармоғи ишлаб турган ҳудудларгача оптик толали кабель тортилган, масофаси марказий ATSдан  8 километрни ташкил қилади.

Келгусида интернет тармоғини ўтказиш бўйича фуқаролар томонидан мурожаатлар билдирилса, компаниянинг 2021 йил 20 декабрдаги  491-сонли буйруғига асосан тегишли таърифлар бўйича  шартнома қилиниб, ушбу ҳудудларга интернет тармоғи ўтказиб берилади, деб хабар бермоқда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати.