Буни Жанубий Кореяда таҳсил олган Ўзбекистон фуқаросининг тақдири ҳам кўрсатиб турибди.

1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017 йилда Жанубий Корея Республикасидаги нуфузли университетга ўқишга кирган. Хорижда таҳсил олиш даврида у ижтимоий тармоқлар орқали «жиҳод», «ҳижрат» ва «шаҳидлик»ни тарғиб қилувчи шахсларнинг аудио-видео маърузалари билан танишган.

Суриядаги қуролли тўқнашувлар акс этган видеолар таъсирида у ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушган. Кейинчалик Instagram ва Telegram орқали Сурия ҳудудида фаолият юритаётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ҳамда «Ғуроба катибаси» каби террорчилик ташкилотларига алоқадор шахслар билан мулоқотга киришиб, уларга тааллуқли материалларни тарқата бошлаган.

Университетни тамомлаганидан кейин ҳам Жанубий Кореяда қолган фуқаро «Ғуроба катибаси» террорчилик ташкилотининг медиа блогери «Саад Мухтор»нинг интернет орқали амалга оширган алдовларига ишониб, унга пул юборган.

2023 йил декабрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келган. 2024 йил июль ойида эса Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга борган, аммо режаси амалга ошмай ортга қайтган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида у қўлга олинган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Суд ҳукми билан фуқаро Жиноят кодексининг 244¹, 244², 155² ва 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқлардаги ёлғон ва бузғунчи ғояларга ишониш, террорчилик ташкилотлари ва уларнинг вакиллари билан алоқа ўрнатиш оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини яна бир бор кўрсатади.