Ўзбекистон номини дунёга таратаётган, шуҳратига шуҳрат қўшаётган ёшлар кўп. Улар орасида спорт, санъат, фан, технология, қўйингки, барча соҳанинг етакчи мутахассислари бор. Ана шундай ёшлардан — навоийлик Муштарий Шарипова дунёнинг етакчи компанияларидан бири “Tesla”га ишга кириши ортидан тилга тушди. Унга ҳавас қилган ота-оналар кўпайди, изидан боришга интилган ёшлар сони ошди. Йирик халқаро компанияда ўз йўлини топишга интилаётган ўзбек қизи кўплаб тенгдошларининг ҳаётида туб бурилиш ясади. Демак, ҳаракат қилса бўлади.

Эътибор туфайли бугун, ўқийман, ҳунар ўрганаман, деб ўз олдига катта мақсад қўяётган ёшлар кўпайди. Уларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар аста ­секин ўз самарасини кўрсатмоқда. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг хориждаги фарзандлари ҳам бу эътибордан бебаҳра эмас. Улар ҳукуматимиз, шахсан давлатимиз раҳбари томонидан доимий қўллаб­-қувватланмоқда.

Навоий шаҳрида яшовчи эшик-­дераза устаси Ихтиёр ака ва уй бекаси Шаҳло опа ҳаётида 1993 йил энг қувончли бўлди. Шу йили уларнинг хонадонида илк фарзанд — Муштарий дунёга келди. Шаҳло опанинг эслашича, қизи барча болалар каби ўсди, улғайди. Муштарийга ҳам, ундан сўнг бирин-­кетин туғилган икки укаси ва синглисига ҳам зўр шароит ёки имконият яратиб беришга на Ихтиёр аканинг, на Шаҳло опанинг қурби етган.

 Ота-­она сифатида улар фарзандларининг таълим­-тарбиясига жиддий ёндашди, шу билан бирга, уларнинг ўзига бўлган ишончини оширди. Тенгдошлари орасида босиқлиги билан ажралиб турадиган Муштарийнинг орзулари ҳеч кимникига ўхшамасди. У олдига ҳамиша катта­-катта мақсадлар қўяр, уларга эришиш учун тинмай ҳаракат қиларди. Бу мақсадлар, бирор фандан беш олиш ёки ҳамманикидан чиройли кўйлак кийиш каби жўн эмасди. Дастлаб космонавт бўлиш истагида юрган Муштарий юқори синфга ўтгач, дипломат бўлишга аҳд қилди. Фанларни, инглиз ва рус тилларини пухта ўзлаштирди. 9-­синфни битиргач, Навоий шаҳридаги академик лицейга юқори балл билан қабул қилинди. Лицейдан сўнг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳужжат топширди. Афсуски, омади чопмай, имтиҳондан йиқилди. Бу, табиийки, Муштарий учун оғир эди.

Инглиз тили устози Элеонора Рўзиева шогирдининг тушкунликка тушганини кўриб, унга инглиз тилидан даража олишни маслаҳат берди. IELTS бали билан Муштарий кейинги йил Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ўқишни бошлади. Бу ерда бир йил таълим олгач, имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, ўқишни Германиядаги Европа амалий фанлар университетида давом эттирди.

— Европа давлатларининг таълим тизими Ўзбекистонникидан фарқ қилади, — дейди Муштарий. — У ерда ўқишга кириш осон, лекин таълим олиш жараёни мураккаб. Масалан, Германияда имтиҳонлардан 3 марта йиқилган талаба ўқишдан четлатилади ва мамлакатдаги ҳеч бир университетда ўқий олмайди. Бу тартиб мени машаққатлардан қўрқмасликка ўргатди. Университетда 3­ семестрдан бошлаб талабалар мажбурий амалиётга жалб этилади. Бу даврда талаба турли компания ва фирмаларда ўзининг назарий билимини амалиётга татбиқ этиши керак. Амалиёт муддати 6 ой. Агар талаба амалиётни тугатмаса, кейинги семестрга ўтказилмайди. Яна бир муҳим жиҳати, у ерда талабалар ҳафтасига 20 соатгача ишлаши мумкин. Мен 2015-­2019 йиллар давомида университет таҳсилини олган бўлсам, айнан амалиёт ўташ мақсадида дунёга таниқли йирик компанияларда ўзимни синаб кўриш имконига эга бўлдим. Масалан, 2017 йил сентябрдан 2018 йил март ойигача “Adidas” компаниясида амалиёт ўтадим. Кейинги йилларда “Zalando”да ишладим, SAP компаниясида амалиётни якунладим. Айнан шу даврда битирув ­малакавий ишимни ёзиб тугатдим

2020 йил февралдан 2021 йил январгача, эса, “American Publishing Company”да фаолият юритдим. 5-­6-семестрларда талаба ўз йўналишини белгилаб олиши керак. Мен молия йўналишини танладим. Шу билан бирга, ахборот технологиялари соҳасини ҳам ўрганишга ҳаракат қилдим ва бу менга кейинчалик жуда асқотди. Университетни битиргач, ишлаш учун турли компания ва фирмаларга мурожаат қила бошладим. Суҳбатлар кўнгилдагидек кечди, деб ўйласам ҳам фирмалардан рад жавоби келаверди. Менинг энг катта мақсадим йирик компаниялардан бири — “Tesla”да ишлаш эди. Linkedin саҳифамни доим фаол юритар, фаолиятим билан боғлиқ жараёнларни, ютуқларимни, шунингдек, аввалги ишлаган компанияларимдаги менежерлар билдирган фикрларни саҳифамга жойлаб борардим. “Tesla”га бир­-икки уринишларимдан сўнг бир олмон дугонам “Эҳтимол, немис тилини пухта билмаганинг учун мактубларингга ижобий жавоб келмаётгандир. Яхшиси, бу ниятингдан воз кечиб, бошқа фирмага ҳаракат қил”, деди. Унинг тўғри маънода айтган гапидан бироз жаҳлим чиқди. Дугонамнинг шу гапи туфайли мен ўз устимда янада кўпроқ ишладим, ўзимга бўлган талабни оширдим.

Кунларнинг бирида менга жавоб хати келди. “Tesla”дагилар мен билан суҳбат ўтказмоқчи эканини билдирган эди. Айтилган вақтда қўнғироқ қилдим. Суҳбат самимий ўтди. Шундай қилиб, бир ой давомида мен билан яна бир неча марта телефон орқали суҳбат бўлди. Алалоқибат, менга муддати чекланмаган иш таклиф қилинди. Мақсадим амалга ошганидан хурсанд эдим. Компанияда асосий ишим рақамлар билан боғлиқ. Халқаро молия ишлари ва операцияларни амалга оширамиз, компаниянинг бир йиллик бюджет тақсимоти, харажатлари ва даромадларини ҳисоблаймиз ва бу бўйича таклифлар берамиз. Ишимни жуда яхши кўраман. Ҳозир рақамлар билан ишлаб, завқ оламан. Вазифам жуда масъулиятли бўлгани учун ҳам диққат билан ишлашга тўғри келади. Мен учун бу йил жуда қувончли келди. Президентимиз давлатимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Қолаверса, Президентимизнинг октябрь ойида навоийлик сайловчилар билан учрашувида менга билдирган ишончи катта куч берди. Шу билан бирга, зиммамдаги масъулиятни оширди. Мени айни пайтда “Tesla”да ишлаётган илк ўзбек қизи сифатида билишади. Сафимиз янада кенгайиши, илм олиш истагида бўлган қизлар сони ортиши учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишим кераклиги ҳақида ўйлайман.

 Шаҳло ҲОЖИЕВА, Муштарийнинг онаси:

 — Қизим Германияга ўқишга кирганини эшитиб, жуда қувондик. Чунки мен ҳам, отаси раҳматли ҳам кимнингдир фарзанди бирор ютуққа эришса, чин дилдан ҳавас қилардик. “Бизнинг фарзандларимиз ҳам ўқиса, телевизорда интервью берса ёки газетада расми чиқса”, деб дуода бўлардик. Бугун Муштарий ана шу орзуи мизга эриштирди. Минг афсуски, отаси бу кунларни кўролмади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Муштарийни “Шуҳрат” медали билан тақдирлагани ҳақидаги хабарни эшитиб, қулоғимга ишонмадим. Чунки фарзандингиз озгина меҳнати эвазига давлат раҳбари эътиборига тушса, эътироф этилса, қувончдан дунёга сиғмай кетар экансиз. Барчаси учун Аллоҳга беадад шукр қиламан. Юртимизда Муштарий каби ёшлар кўп. Истеъдодли, бироқ ўзига ишончи камроқ қизлар ҳам бор. Уларга айтаримиз: бугунги имкониятлардан унумли фойдаланинг. Зеро, имконият ва шароит сизнинг эртангиз, келажагингизга хизмат қилсин.

 Башорат Юнусова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири