Шу боис саноатни трансформация қилиш бугун Ўзбекистон учун ҳам устувор йўналишдир. Хўш, бу жараён мамлакатимиз ҳудудларида қандай кечяпти?
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ)дан маълум қилишларича, институт ҳудудлар саноатининг технологик трансформациясини баҳолаш учун RCA ва HHI индексларидан фойдаланган ҳолда тадқиқот ўтказди. Мазкур индекслар ҳудудлар саноатининг ихтисослашуви ҳамда диферсификациялашувини аниқлаш имконини беради.
Тадқиқот натижаларига кўра, жорий йилнинг I чорагида ишлаб чиқаришни диверсификация қилишда ижобий ўзгариш қайд этилган. Бу юқори технологик маҳсулотлар (компьютерлар, электрон ва оптик жиҳозлар, тиббий, фармацевтик препаратлар, ўлчаш асбоблари ва аппаратлари) улушининг 2,5 фоиздан 2,7 фоизгача, ўрта-юқори технологик маҳсулотлар (электр ускуналар ва аппаратлар, автомобиллар, кимёвий маҳсулотлар ва бошқалар) улушининг эса 19,2 фоиздан 22,5 фоизгача ортиши билан боғлиқ.
Тошкент шаҳри, Жиззах, Хоразм, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси технологик жиҳатдан нисбатан ривожланган ҳудудлар, деб баҳоланди.
2022 йил I чораги натижаларига кўра, ишлаб чиқариш саноатининг салмоқли қисмини, аниқроғи 60 фоизини ўрта технологияли ишлаб чиқариш ташкил этган. Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида юқори технологияли, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд вилоятларида эса ўрта-юқори технологияли ишлаб чиқариш ривожланган.