Улар ўз тақдирини ер бағридаги хазиналарга ишониб топширган, аммо ақл, технология ва мустақил тафаккур етишмаган паллада бойлик ҳимояга айланмаган. Натижада ташқи таъсирлар кучайган, ички барқарорлик сўнган, халқ эса ўз бойлиги устида туриб, тақдирини бошқалар ҳал қилаётган манзарага гувоҳ бўлган, бўляпти.
Бу алоҳида давлатга хос қисмат эмас, замонавий дунёдаги қаттиқ қонун. Чекланган ресурсларга суянган мамлакат доимо синов остида бўлади. Чунки бойлик диққатни тортади, аммо уни асрайдиган куч фақат билим ва технологиядан туғилади. Шу боис, бугунги глобал рақобат чегаралар ёки армиялар билан эмас, билим, технология ва ишонч майдонида кечмоқда. Табиий ресурсларга эга бўлиш ҳали ютуқ эмас, уларни қўшилган қийматга айлантира олиш эса ҳақиқий устунликдир.
Шу маънода, сўнгги йилларда жаҳон иқтисодий ва сиёсий жараёнлари бир савол атрофида айланмоқда: қайси мамлакат ўз келажагини ўтмиш захираларига боғлаб қўйди, қайси бири эса келажак имкониятларини ярата олди?
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, барқарор тараққиётга эришган мамлакатлар табиат берган неъматларга эмас, инсон яратган билимга суянган. Чекланган ресурслар кўп бор қарамлик, беқарорлик ва ташқи босимлар манбаига айланган. Аммо технология, инновация ва инсон капиталига таянган давлатлар глобал қиймат занжирларида ўз ўрнини топиб, мустақил тараққиёт йўлини таъминлай олган. Бугун дунё айнан шу икки йўл чорраҳасида турибди.
Ана шундай мураккаб ва тез ўзгараётган халқаро муҳитда ҳар бир давлат ўз стратегик танловини қайта кўриб чиқмоқда. Бу танлов фақат иқтисодий модель эмас, балки тафаккур, бошқарув ва жамият онгини қамраб олган цивилизацион қарордир. Чунки иқтисодиёт рақамлар билан эмас, инсоннинг дунёқараши билан ҳаракатга келади. Қайси мамлакатда қарор қабул қилиш маданияти, самарадорликка бўлган муносабат ва билимга ҳурмат шаклланган бўлса, ўша ерда тараққиёт узлуксиз бўлиши шубҳасиз.
Шу глобал ўзгаришлар, кескин рақобат ва янги тараққиёт қоидалари шароитида ҳар бир давлат ўз келажагини тасодифга ташлаб қўя олмайди. Стратегик танлов аниқ, мақсадлар равшан ва ҳаракатлар мувофиқ бўлиши талаб этилади. Ўзбекистон ҳам айнан шу тарихий паллада ўз ривожланиш йўлини янада аниқ белгилаб олмоқда. Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ана шу жараённинг мантиқий ифодаси, мамлакатнинг келажакка қараб қилаётган онгли қадамининг сиёсий ва фалсафий аксидир. Унда жаҳонда кечаётган тенденциялар миллий имкониятлар билан уйғун ҳолда талқин қилиниб, янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилган.
Мурожаатномада келгуси тараққиёт учун белгиланган устувор йўналишлар ичида иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш масаласи алоҳида ўрин тутади. Айни йўл танланар экан, асосий эътибор “кўпроқ ишлаб чиқариш”га эмас, самарадорликка қаратилмоқда. Мазкур тушунча эндиликда фақат иқтисодий термин эмас. У давлат бошқаруви маданияти, инвестиция сиёсати ва инсон капиталига бўлган муносабатни белгилаб берувчи мезонга айланаётир.
Давлат қанча кўп имкониятга эга бўлмасин, уни шакллантира оладиган билимли, маҳоратли ва янгиликка очиқ инсон кучи бўлмаса, барча имкониятлар фақат имконият сифатида қолади. Ўзбекистон эса айнан шу кучни ривожлантиришга интилиб, мавжуд имкониятларни билим, технология ва инновациялар орқали қўшилган қийматга айлантиришга йўналтирмоқда.
Биргина мисол. Жорий йил юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқларни ривожлантириш натижасида 1 доллар қийматдаги маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган энергия 13 фоизга камайди. Яъни ресурслар самарадорлиги орқали яратиш қуввати ошди. Шу битта омил орқали яна 1 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратилганини ҳисобга олсак, бу жараённинг кенг кўламли таъсири ва иқтисодий самараси янада равшан кўринади.
Юқоридаги рақамлар шуни англатадики, технология ва малакаси юқори кадрлар ҳар бир тармоқнинг юраги. Қаерда илғор технология ва юқори малакага эга мутахассислар мавжуд бўлса, ўша соҳада ўсиш барқарор бўлади, вақти-вақти билан иқтисодий самарадорликни оширади. Шу боис, кўзланган улкан мақсад — 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотни 240 миллиард доллардан оширишнинг энг ишончли йўли — барча иқтисодиёт тармоқларини технологик ва инновацион ривожланиш модели асосида трансформация қилишдир. Бу ўсишнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиши — иқтисодий тараққиёт стратегиясининг марказий йўналиши ҳисобланади.
Инвестиция сиёсати ҳам айнан шу ёндашув билан уйғунлашмоқда. Сўнгги тўққиз йил ичида барча тармоқларга жалб қилинган 130 миллиард долларлик хорижий маблағ фақат рақам эмас, балки янги Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий майдондаги ишонч ва жозибадорлиги кўрсаткичидир. Жорий йилда эса чет эллик ҳамкорлар билан яна 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилди. Бу мамлакатимиз барқарор ва ишончли инвестиция муҳитига айланганлигини тасдиқлайди.
Келгуси йили кутилган 50 миллиард долларлик инвестиция эса энди шунчаки маблағ кириши эмас, балки ҳар бир маблағ янги технологиялар, малакали ишчи кучи ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар яратишга хизмат қилиши шарти билан режалаштирилмоқда. Шу нуқтаи назардан, инвестор фақат капитал манбаи эмас, балки инновацион ривожланишнинг каталитикасига айланади. Янги технология ва янги компетенциялар олиб кирган, экспортга йўналтирилган инвестиция энг ишончли ҳамкор сифатида давлат сиёсатида марказий ўрин эгаллайди.
Шу тарзда ҳар бир инвестиция, ҳар бир лойиҳа ва ҳар бир энергия тежаш орқали мамлакат ресурсларини самарали бошқарадиган, билим ва технологияга асосланган барқарор ривожланиш моделига интилаётганини кўрсатмоқда.
Инвестиция ва иқтисодий тараққиётнинг муваффақияти маблағнинг кириб келиши билан чегараланмай, балки шу маблағлардан қандай самарали фойдаланиш, уларни қандай стратегик йўналишларга йўналтиришда ҳам акс этади. Мурожаатномада таъкидланганидек, стратегик инвесторларга ерлар бозoр қийматида бевосита тақдим этилиши, иқтисодий имконият бўлиши билан бирга ишонч ва ҳамкорлик нишонасидир. Ушбу тизим орқали инвесторлар “идорадан-идорага югурмасдан”, ягона рақамли платформа — “invest.gov.uz” орқали барча хизматларни олиш имконига эга бўлади. Бу эса вақтни тежаш ва бюрократиядан озодликни таъминлайди. Шу тарзда ҳар бир инвестиция миллий иқтисодиётнинг технологик ва рақобатбардош салоҳиятига айланади.
Эркин иқтисодий зоналар орқали жаҳоннинг машҳур брендларини жалб қилиш ҳам стратегик аҳамиятга эга. Бу ерда корхоналар халқаро стандартлар ва экологик қоидалар асосида ишлайди, уларга эса имтиёзли солиқ, божхона ва ҳуқуқий режимлар берилади. Бу, ўз навбатида, инвестор учун қулай муҳит яратади ва миллий иқтисодиётнинг глобал қиймат занжиридаги иштирокини таъминлайди.
Кўзланган режалар ортидан келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция орқали 1 миллион юқори даромадли иш ўрнини яратиш мақсад қилинган. Шунингдек, ҳар бир инвестиция лойиҳа асосида амалга оширилади, унинг самарадорлиги доимий мониторинг қилинади ва фақатгина стратегик аҳамиятга эга йўналишларда ишлатилиши таъминланади.
Шу тариқа ҳар бир инвестор ва ҳар бир лойиҳа нафақат моддий қиймат яратади, балки миллий иқтисодиётни технологик трансформация ва инсон капиталини ривожлантириш йўлидаги муҳим қисмга айланади. Бу жараён замонавий тараққиётнинг мураккаб, аммо интеллектуал марказий механизми сифатида мамлакатнинг глобал бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлайди.
Мурожаатномада белгилаб берилган 2026 йилга оид саноат ва технология сиёсати, аслида, иқтисодий ривожланишга нисбатан мутлақо янги фалсафий ёндашувни ифода этади. Бу ёндашувга кўра, иқтисодий ўсиш энди алоҳида тармоқларни қўллаб-қувватлаш билан чекланмайди, балки бутун иқтисодиётни ягона технологик тизим сифатида қайта қуришни назарда тутади. Шу маънода, келгуси йилда саноат тармоқларига йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ва таркиби мамлакатнинг стратегик танловини яққол намоён қилади.
Хусусан, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард доллар, тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллар, электротехника соҳасида 2 миллиард доллар, фармацевтика тармоғида эса 800 миллион доллар миқдорида янги лойиҳалар бошланиши режалаштирилмоқда. Бу рақамлар оддий инвестиция кўрсаткичи эмас, балки иқтисодиётни диверсификация қилиш, хомашёга қарамликни камайтириш ва юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган узоқ муддатли сиёсатнинг ифодасидир.
Айни шу тармоқлар танланиши бежиз эмас. Чунки айнан кимё, металлургия, машинасозлик, фармацевтика ва электротехника соҳалари глобал қиймат занжирларида энг катта технологик ва интеллектуал қўшилган қийматни шакллантиради. Бу эса мамлакат саноатини фақат ишлаб чиқарувчи эмас, балки технология яратувчи субъект сифатида майдонга олиб чиқиш имконини беради.
Шу асосда 2026 йилда мамлакат экспорт ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини эса 55 фоиздан ошириш мақсади қўйилмоқда. Бу кўрсаткичлар иқтисодий ўсишнинг сифат жиҳатдан ўзгаришини англатади. Яъни экспорт ҳажмини ошириш энди фақат миқдор билан эмас, балки маҳсулотнинг технологик мураккаблиги ва бозордаги рақобатбардошлиги билан белгиланади.
Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсиш таъминланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 167 миллиард долларга етиши тахмин қилинмоқда. Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва маҳсулот таннархи бўйича тизимли ва қатъий ишлар олиб борилса, иқтисодий ўсиш салоҳияти анча юқори экани очиқ эътироф этилмоқда. Демак, иқтисодий ривожланиш энди ташқи омилларга эмас, ички самарадорликка боғланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, саноатда “Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш” дастурининг ишга туширилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бу дастур доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигига қаратилган махсус лойиҳа амалга оширилади. Ушбу ташаббус учун халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар миқдорида кредит ва грантлар жалб қилиниши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида саноат корхоналарига хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар жалб этилади, бизнес жараёнлар рақамлаштирилади, энергия ва ресурс сарфини қисқартириш бўйича чуқур аудитлар ўтказилади. Бу эса иқтисодий ўсишни фақат янги қувватлар ҳисобидан эмас, балки мавжуд имкониятларни янада самарали ишлатиш орқали таъминлаш фалсафасига ўтишни англатади.
Жараённинг мантиқий давоми сифатида “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилади. Марказ негизида робототехника, интернет буюмлари, “ақлли” фабрикалар каби “Индустрия 4.0” ечимларини жорий этиш учун махсус тартибга солиш механизми яратилади. Бу механизм корхоналарга янги технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Яъни инновация хавф эмас, балки бошқариладиган жараёнга айланади.
Сифат инфратузилмаси соҳасидаги ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Охирги икки йилда Ўзбекистон “Global sifat infratuzilmasi” индексида 15 поғонага кўтарилиб, 185 та давлат орасида 52-ўринни эгаллади. Ушбу натижа миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда тан олиниши учун муҳим институционал асос яратади.
Шу билан бирга, маҳсулот рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида техник тартибга солиш соҳасида янги босқичга ўтилади. “Давлат назорати”дан самарадорлиги исботланган “Бозор назорати” тизимига ўтиш орқали сифат ва хавфсизлик устидан назорат бозор механизмлари билан уйғунлаштирилади. Инновация асосида юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар эса иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланади: маҳсулот ҳажмини оширган корхоналарга қўшимча маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия берилади, илмий тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олинган даромадлар солиқдан озод қилинади.
Ана шу чора-тадбирлар натижасида келгуси беш йилда саноатда меҳнат унумдорлиги ҳозирги 16,5 минг доллардан 30 минг долларга, яъни деярли икки баробар ошиши, 1 минг доллар қўшилган қиймат яратишга кетадиган энергия сарфи эса 1,5 баробар қисқариши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар иқтисодий ўсишнинг янги — интеллектуал ва технологик босқичини англатади.
Мурожаатномада белгилаб берилган капитал бозорини ривожлантириш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар, аслида, иқтисодий сиёсатнинг янги маънавий-ҳуқуқий босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Чунки барқарор иқтисодий ўсиш фақат инвестиция ҳажми ёки ишлаб чиқариш қувватлари билан эмас, балки ишонч, шаффофлик ва адолатли қоидаларга асосланган иқтисодий муҳит орқали шаклланади.
Корхоналарнинг халқаро молия бозорларида илк бор ўз акцияларини жойлаштириши мумкин бўлиши бу — нафақат қўшимча молиявий ресурсларга чиқиш, балки миллий бизнеснинг глобал иқтисодий маконга тўлақонли интеграциялашуви ҳам демакдир. Бу орқали тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча 1 миллиард долларлик молиявий манба яратилиши режалаштирилаётгани, иқтисодий ўсишни давлат бюджети ёки ташқи қарз ҳисобидан эмас, балки бозор механизмлари орқали таъминлашга ўтилаётганини кўрсатади. Бундай ёндашув иқтисодий мустақилликнинг яна бир муҳим устуни сифатида намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши кураш масаласи Мурожаатномада фақат маъмурий чоралар доирасида эмас, балки ижтимоий келишув ва иқтисодий онгни ўзгартириш нуқтаи назаридан қўйилгани билан аҳамиятлидир. Охирги йилларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 45-50 фоиздан 28 фоизга туширилгани бу йўлдаги илк, аммо муҳим натижадир. Бироқ давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу ҳали бошланиши, холос.
2026 йилдан барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлардан тортиб, йирик савдо битимларигача бўлган жараёнларнинг нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтказилиши, шунингдек, назорат ва текширув органларида “боди-камера” тизимининг жорий этилиши — иқтисодиётда инсон омилининг салбий таъсирини камайтириш, шаффофлик ва жавобгарликни институционал даражага кўтаришга хизмат қилади. Бу эса иқтисодий муносабатларнинг қонун устуворлигига асосланган янги маданиятини шакллантиради.
Айни пайтда “соя”да ишлаётган тадбиркорларга жазо эмас, балки имконият бериш тамойили илгари сурилаётгани алоҳида эътиборга молик. Бухгалтерия, солиқ ва статистика ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитиш тизимининг жорий этилиши давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларда ишонч ва ҳамкорлик модели қарор топаётганини англатади.
Белгиланган дастурлар ижроси натижасида келгуси беш йилда яширин иқтисодиёт улуши яна икки карра қисқартирилиши, савдо ва сервис соҳаларида нақдсиз тўловлар улуши 75 фоиздан ошиши, расмий секторда банд аҳоли сони эса 8,5 миллиондан 14 миллион нафарга етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу рақамлар ортида миллионлаб инсонларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан муҳофаза қилинадиган муҳитга кириб келиши мужассам.
Фуқароларнинг ўз даромад ва активларини эркин тасарруф этишига оид кафолатларни яратиш масаласи ҳам айнан шу фалсафанинг давомидир. Давлат фуқароларни шубҳа ва хавотирда эмас, балки ишонч ва хотиржамликда яшашга ундаётгани — иқтисодий сиёсатнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб беради.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Мурожаатнома янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ҳақиқатини белгилаб берди: иқтисодий ўсиш — рақамлар йиғиндиси эмас, балки инсон, ишонч, билим ва адолатга таянган барқарор тизимдир. Ана шу тизим барпо этилган жойда иқтисод ҳам, жамият ҳам, келажак ҳам мустаҳкам бўлади.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири