Улар ўз тақдирини ер бағридаги хазиналарга ишониб топширган, аммо ақл, технология ва мустақил тафаккур етишмаган паллада бойлик ҳимояга айланмаган. Натижада ташқи таъсирлар кучайган, ички барқарорлик сўнган, халқ эса ўз бойлиги устида туриб, тақдирини бошқалар ҳал қилаётган манзарага гувоҳ бўлган, бўляпти.

Бу алоҳида давлатга хос қисмат эмас, за­монавий дунёдаги қаттиқ қонун. Чекланган ресурсларга суянган мамлакат доимо синов остида бўлади. Чунки бойлик диққатни тор­тади, аммо уни асрайдиган куч фақат билим ва технологиядан туғилади. Шу боис, бугунги глобал рақобат чегаралар ёки армиялар билан эмас, билим, технология ва ишонч майдонида кечмоқда. Табиий ресурсларга эга бўлиш ҳали ютуқ эмас, уларни қўшилган қийматга айлан­тира олиш эса ҳақиқий устунликдир.

Шу маънода, сўнгги йилларда жаҳон иқти­содий ва сиёсий жараёнлари бир савол атрофи­да айланмоқда: қайси мамлакат ўз келажагини ўтмиш захираларига боғлаб қўйди, қайси бири эса келажак имкониятларини ярата олди?

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, барқа­рор тараққиётга эришган мамлакатлар табиат берган неъматларга эмас, инсон яратган билимга суянган. Чекланган ресурслар кўп бор қарамлик, беқарорлик ва ташқи босимлар манбаига ай­ланган. Аммо технология, инновация ва инсон капиталига таянган давлатлар глобал қиймат зан­жирларида ўз ўрнини топиб, мустақил тараққиёт йўлини таъминлай олган. Бугун дунё айнан шу икки йўл чорраҳасида турибди.

Ана шундай мураккаб ва тез ўзгараётган халқаро муҳитда ҳар бир давлат ўз стратегик тан­ловини қайта кўриб чиқмоқда. Бу танлов фақат иқтисодий модель эмас, балки тафаккур, бошқа­рув ва жамият онгини қамраб олган цивилизацион қарордир. Чунки иқтисодиёт рақамлар би­лан эмас, инсоннинг дунёқараши билан ҳаракатга келади. Қайси мамлакатда қарор қабул қилиш маданияти, самарадорликка бўлган муносабат ва билимга ҳурмат шаклланган бўлса, ўша ерда та­раққиёт узлуксиз бўлиши шубҳасиз.

Шу глобал ўзгаришлар, кескин рақобат ва янги тараққиёт қоидалари шароитида ҳар бир давлат ўз келажагини тасодифга ташлаб қўя олмайди. Стратегик танлов аниқ, мақсадлар равшан ва ҳаракатлар мувофиқ бўлиши талаб этилади. Ўзбекистон ҳам айнан шу тарихий паллада ўз ривожланиш йўлини янада аниқ белгилаб олмоқда. Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ана шу жараённинг мантиқий ифодаси, мамлакатнинг келажакка қараб қилаётган онгли қадамининг сиёсий ва фалсафий аксидир. Унда жаҳонда кечаётган тенденциялар миллий имкониятлар билан уйғун ҳолда талқин қили­ниб, янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилган.

Мурожаатномада келгуси тараққиёт учун белгиланган устувор йўналишлар ичида иқти­содиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш масаласи алоҳида ўрин ту­тади. Айни йўл танланар экан, асосий эътибор “кўпроқ ишлаб чиқариш”га эмас, самарадор­ликка қаратилмоқда. Мазкур тушунча энди­ликда фақат иқтисодий термин эмас. У давлат бошқаруви маданияти, инвестиция сиёсати ва инсон капиталига бўлган муносабатни белги­лаб берувчи мезонга айланаётир.

Давлат қанча кўп имкониятга эга бўлма­син, уни шакллантира оладиган билимли, маҳоратли ва янгиликка очиқ инсон кучи бўлмаса, барча имкониятлар фақат имконият сифатида қолади. Ўзбекистон эса айнан шу кучни ривожлантиришга интилиб, мавжуд имкониятларни билим, технология ва инно­вациялар орқали қўшилган қийматга айлан­тиришга йўналтирмоқда.

Биргина мисол. Жорий йил юқори тех­нологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқларни ривожлантириш натижасида 1 доллар қийматдаги маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган энергия 13 фоизга камай­ди. Яъни ресурслар самарадорлиги орқали яра­тиш қуввати ошди. Шу битта омил орқали яна 1 миллиард долларлик қўшилган қиймат яра­тилганини ҳисобга олсак, бу жараённинг кенг кўламли таъсири ва иқтисодий самараси янада равшан кўринади.

Юқоридаги рақамлар шуни англатадики, технология ва малакаси юқори кадрлар ҳар бир тармоқнинг юраги. Қаерда илғор техноло­гия ва юқори малакага эга мутахассислар мав­жуд бўлса, ўша соҳада ўсиш барқарор бўлади, вақти-вақти билан иқтисодий самарадорликни оширади. Шу боис, кўзланган улкан мақсад — 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотни 240 миллиард доллардан оширишнинг энг ишончли йўли — барча иқтисодиёт тармоқлари­ни технологик ва инновацион ривожланиш модели асосида трансформация қилишдир. Бу ўсишнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиши — иқтисодий тараққиёт стратегияси­нинг марказий йўналиши ҳисобланади.

Инвестиция сиёсати ҳам айнан шу ёнда­шув билан уйғунлашмоқда. Сўнгги тўққиз йил ичида барча тармоқларга жалб қилинган 130 миллиард долларлик хорижий маблағ фақат рақам эмас, балки янги Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий майдондаги ишонч ва жозибадорли­ги кўрсаткичидир. Жорий йилда эса чет эллик ҳамкорлар билан яна 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилди. Бу мамлакатимиз барқарор ва ишончли инвестиция муҳитига айланганлигини тасдиқлайди.

Келгуси йили кутилган 50 миллиард дол­ларлик инвестиция эса энди шунчаки маблағ кириши эмас, балки ҳар бир маблағ янги тех­нологиялар, малакали ишчи кучи ва юқори қў­шилган қийматли маҳсулотлар яратишга хизмат қилиши шарти билан режалаштирилмоқда. Шу нуқтаи назардан, инвестор фақат капитал ман­баи эмас, балки инновацион ривожланишнинг каталитикасига айланади. Янги технология ва янги компетенциялар олиб кирган, экспортга йўналтирилган инвестиция энг ишончли ҳам­кор сифатида давлат сиёсатида марказий ўрин эгаллайди.

Шу тарзда ҳар бир инвестиция, ҳар бир лойиҳа ва ҳар бир энергия тежаш орқали мам­лакат ресурсларини самарали бошқарадиган, билим ва технологияга асосланган барқарор ривожланиш моделига интилаётганини кўрсат­моқда.

Инвестиция ва иқтисодий тараққиётнинг муваффақияти маблағнинг кириб келиши би­лан чегараланмай, балки шу маблағлардан қандай самарали фойдаланиш, уларни қандай стратегик йўналишларга йўналтиришда ҳам акс этади. Мурожаатномада таъкидланганидек, стратегик инвесторларга ерлар бозoр қиймати­да бевосита тақдим этилиши, иқтисодий имко­ният бўлиши билан бирга ишонч ва ҳамкорлик нишонасидир. Ушбу тизим орқали инвесторлар “идорадан-идорага югурмасдан”, ягона рақам­ли платформа — “invest.gov.uz” орқали барча хизматларни олиш имконига эга бўлади. Бу эса вақтни тежаш ва бюрократиядан озодликни таъминлайди. Шу тарзда ҳар бир инвестиция миллий иқтисодиётнинг технологик ва рақо­батбардош салоҳиятига айланади.

Эркин иқтисодий зоналар орқали жаҳон­нинг машҳур брендларини жалб қилиш ҳам стратегик аҳамиятга эга. Бу ерда корхоналар халқаро стандартлар ва экологик қоидалар асосида ишлайди, уларга эса имтиёзли солиқ, божхона ва ҳуқуқий режимлар берилади. Бу, ўз навбатида, инвестор учун қулай муҳит яратади ва миллий иқтисодиётнинг глобал қиймат зан­жиридаги иштирокини таъминлайди.

Кўзланган режалар ортидан келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик хорижий инвестиция орқали 1 миллион юқори даромадли иш ўрнини яратиш мақсад қилинган. Шунингдек, ҳар бир инвестиция лойиҳа асосида амалга оширилади, унинг самарадорлиги доимий мо­ниторинг қилинади ва фақатгина стратегик аҳамиятга эга йўналишларда ишлатилиши таъ­минланади.

Шу тариқа ҳар бир инвестор ва ҳар бир лойиҳа нафақат моддий қиймат яратади, балки миллий иқтисодиётни технологик трансфор­мация ва инсон капиталини ривожланти­риш йўлидаги муҳим қисмга айланади. Бу жараён замонавий тараққиётнинг мураккаб, аммо интеллектуал марказий механизми сифа­тида мамлакатнинг глобал бозорлардаги рақо­батбардошлигини таъминлайди.

Мурожаатномада белгилаб берилган 2026 йилга оид саноат ва технология сиёсати, аслида, иқтисодий ривожланишга нисбатан мутлақо янги фалсафий ёндашувни ифода этади. Бу ён­дашувга кўра, иқтисодий ўсиш энди алоҳида тармоқларни қўллаб-қувватлаш билан чеклан­майди, балки бутун иқтисодиётни ягона техно­логик тизим сифатида қайта қуришни назарда тутади. Шу маънода, келгуси йилда саноат тармоқларига йўналтирилаётган инвестиция­лар ҳажми ва таркиби мамлакатнинг стратегик танловини яққол намоён қилади.

Хусусан, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард доллар, тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қури­лиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллар, электротехника соҳасида 2 миллиард доллар, фармацевтика тармоғи­да эса 800 миллион доллар миқдорида янги лойиҳалар бошланиши режалаштирилмоқда. Бу рақамлар оддий инвестиция кўрсаткичи эмас, балки иқтисодиётни диверсификация қилиш, хомашёга қарамликни камайтириш ва юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган узоқ муддатли сиёсатнинг ифодасидир.

Айни шу тармоқлар танланиши бежиз эмас. Чунки айнан кимё, металлургия, машинасоз­лик, фармацевтика ва электротехника соҳалари глобал қиймат занжирларида энг катта техно­логик ва интеллектуал қўшилган қийматни шакллантиради. Бу эса мамлакат саноатини фақат ишлаб чиқарувчи эмас, балки техноло­гия яратувчи субъект сифатида майдонга олиб чиқиш имконини беради.

Шу асосда 2026 йилда мамлакат экспорт ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, тай­ёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини эса 55 фоиздан ошириш мақсади қўйилмоқда. Бу кўр­саткичлар иқтисодий ўсишнинг сифат жиҳатдан ўзгаришини англатади. Яъни экспорт ҳажмини ошириш энди фақат миқдор билан эмас, балки маҳсулотнинг технологик мураккаблиги ва бо­зордаги рақобатбардошлиги билан белгиланади.

Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсиш таъминланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 167 миллиард долларга етиши тахмин қилинмоқда. Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадор­лиги ва маҳсулот таннархи бўйича тизимли ва қатъий ишлар олиб борилса, иқтисодий ўсиш салоҳияти анча юқори экани очиқ эътироф этилмоқда. Демак, иқтисодий ривожланиш энди ташқи омилларга эмас, ички самарадор­ликка боғланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, саноатда “Унумдор­лик ва самарадорликни икки карра ошириш” дастурининг ишга туширилиши алоҳида аҳа­мият касб этади. Бу дастур доирасида Иқти­содиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигига қара­тилган махсус лойиҳа амалга оширилади. Ушбу ташаббус учун халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар миқдорида кредит ва грантлар жалб қилиниши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида саноат корхоналари­га хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар жалб этилади, бизнес жараёнлар рақамлаштирилади, энергия ва ресурс сарфи­ни қисқартириш бўйича чуқур аудитлар ўтка­зилади. Бу эса иқтисодий ўсишни фақат янги қувватлар ҳисобидан эмас, балки мавжуд им­кониятларни янада самарали ишлатиш орқали таъминлаш фалсафасига ўтишни англатади.

Жараённинг мантиқий давоми сифатида “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил этилади. Марказ негизида робототехника, ин­тернет буюмлари, “ақлли” фабрикалар каби “Индустрия 4.0” ечимларини жорий этиш учун махсус тартибга солиш механизми яратилади. Бу механизм корхоналарга янги технология­ларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Яъни инновация хавф эмас, балки бошқарила­диган жараёнга айланади.

Сифат инфратузилмаси соҳасидаги ислоҳот­лар ҳам ўз самарасини бермоқда. Охирги икки йилда Ўзбекистон “Global sifat infratuzilmasi” индексида 15 поғонага кўтарилиб, 185 та дав­лат орасида 52-ўринни эгаллади. Ушбу натижа миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда тан олиниши учун муҳим институционал асос яратади.

Шу билан бирга, маҳсулот рақобатбардо­шлигини янада ошириш мақсадида техник тартибга солиш соҳасида янги босқичга ўти­лади. “Давлат назорати”дан самарадорлиги исботланган “Бозор назорати” тизимига ўтиш орқали сифат ва хавфсизлик устидан назорат бозор механизмлари билан уйғунлаштирилади. Инновация асосида юқори технологияли маҳ­сулот ишлаб чиқараётган корхоналар эса иқти­содий жиҳатдан қўллаб-қувватланади: маҳсу­лот ҳажмини оширган корхоналарга қўшимча маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида суб­сидия берилади, илмий тадқиқот ва конструк­торлик ишланмаларидан олинган даромадлар солиқдан озод қилинади.

Ана шу чора-тадбирлар натижасида келгуси беш йилда саноатда меҳнат унумдорлиги ҳозир­ги 16,5 минг доллардан 30 минг долларга, яъни деярли икки баробар ошиши, 1 минг доллар қў­шилган қиймат яратишга кетадиган энергия сар­фи эса 1,5 баробар қисқариши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар иқтисодий ўсишнинг янги — ин­теллектуал ва технологик босқичини англатади.

Мурожаатномада белгилаб берилган капи­тал бозорини ривожлантириш ва яширин иқти­содиётни қисқартиришга қаратилган чора-тад­бирлар, аслида, иқтисодий сиёсатнинг янги маънавий-ҳуқуқий босқичга кўтарилаётгани­дан далолат беради. Чунки барқарор иқтисо­дий ўсиш фақат инвестиция ҳажми ёки ишлаб чиқариш қувватлари билан эмас, балки ишонч, шаффофлик ва адолатли қоидаларга асослан­ган иқтисодий муҳит орқали шаклланади.

Корхоналарнинг халқаро молия бозорла­рида илк бор ўз акцияларини жойлаштириши мумкин бўлиши бу — нафақат қўшимча моли­явий ресурсларга чиқиш, балки миллий биз­неснинг глобал иқтисодий маконга тўлақонли интеграциялашуви ҳам демакдир. Бу орқали тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча 1 миллиард долларлик молиявий манба ярати­лиши режалаштирилаётгани, иқтисодий ўсиш­ни давлат бюджети ёки ташқи қарз ҳисобидан эмас, балки бозор механизмлари орқали таъ­минлашга ўтилаётганини кўрсатади. Бундай ёндашув иқтисодий мустақилликнинг яна бир муҳим устуни сифатида намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қар­ши кураш масаласи Мурожаатномада фақат маъмурий чоралар доирасида эмас, балки ижтимоий келишув ва иқтисодий онгни ўз­гартириш нуқтаи назаридан қўйилгани билан аҳамиятлидир. Охирги йилларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 45-50 фоиздан 28 фоизга ту­ширилгани бу йўлдаги илк, аммо муҳим нати­жадир. Бироқ давлат раҳбари таъкидлаганидек, бу ҳали бошланиши, холос.

2026 йилдан барча давлат хизматлари ва коммунал тўловлардан тортиб, йирик савдо би­тимларигача бўлган жараёнларнинг нақдсиз ҳи­соб-китобларга ўтказилиши, шунингдек, назорат ва текширув органларида “боди-камера” тизи­мининг жорий этилиши — иқтисодиётда инсон омилининг салбий таъсирини камайтириш, шаф­фофлик ва жавобгарликни институционал дара­жага кўтаришга хизмат қилади. Бу эса иқтисодий муносабатларнинг қонун устуворлигига асослан­ган янги маданиятини шакллантиради.

Айни пайтда “соя”да ишлаётган тадбир­корларга жазо эмас, балки имконият бериш тамойили илгари сурилаётгани алоҳида эъти­борга молик. Бухгалтерия, солиқ ва статистика ҳисоботларини юритиш бўйича бепул ўқитиш тизимининг жорий этилиши давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларда ишонч ва ҳамкор­лик модели қарор топаётганини англатади.

Белгиланган дастурлар ижроси натижасида келгуси беш йилда яширин иқтисодиёт улу­ши яна икки карра қисқартирилиши, савдо ва сервис соҳаларида нақдсиз тўловлар улуши 75 фоиздан ошиши, расмий секторда банд аҳоли сони эса 8,5 миллиондан 14 миллион нафарга етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу рақамлар ортида миллионлаб инсонларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан муҳофаза қилинадиган муҳитга кириб келиши мужассам.

Фуқароларнинг ўз даромад ва активлари­ни эркин тасарруф этишига оид кафолатларни яратиш масаласи ҳам айнан шу фалсафанинг давомидир. Давлат фуқароларни шубҳа ва ха­вотирда эмас, балки ишонч ва хотиржамликда яшашга ундаётгани — иқтисодий сиёсатнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб беради.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Мурожаатнома янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ҳақиқа­тини белгилаб берди: иқтисодий ўсиш — рақам­лар йиғиндиси эмас, балки инсон, ишонч, би­лим ва адолатга таянган барқарор тизимдир. Ана шу тизим барпо этилган жойда иқтисод ҳам, жамият ҳам, келажак ҳам мустаҳкам бўлади.

Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири