Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва унга бириктирилган республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳрининг “103” хизмати ШТЁХнинг бош муассасаси ҳисобланиб, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган марказнинг 13 та филиалида аҳолига махсуслаштирилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг 205 та аҳоли пунктида РШТЁИМнинг субфилиаллари – шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, 1600 дан ортиқ тез тиббий ёрдам шохобчалари фаолият юритмоқда.
Биламизки, тўрт-беш йил аввал мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати сифати анчайин ночор ҳолда эди. Ўша вақтларда мазкур соҳа тиббиётнинг энг кўп танқидга учрайдиган, аҳолининг жиддий ва ҳақли эътирозларига сабаб бўладиган тизими бўлган, десак хато қилмаймиз.
Сўнгги йилларда мазкур тизимга қаратилган юксак эътибор натижасида бугунги кунда “Тез ёрдам” тизимида битта чақириққа дори-дармон учун 6 500 сўм маблағ ажратилмоқда. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда атиги 500 сўмни ташкил қилган эди. Шу билан бирга, “Тез ёрдам” шохобчалари 800 тадан 1 666 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари 1 890 тадан 2 685 тага етказилди.
Шунингдек, бундан 4-5 йил аввал тез тиббий ёрдам бригадаларининг манзилга кечикиб бориши, машиналар, ёнилғи ва дори-дармонлар етишмаслиги одатий хол эди. Эътиборлиси, бугунги кунда мазкур соҳа мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган тизимга айланди.
Жумладан, бундан тўрт йил аввал юртимиз “Тез ёрдам” хизматида бор йўғи 24 та реанимобиль бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 435 тага кўпайтирилди. Бунинг натижасида тез тиббий ёрдамнинг кечикишлари 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Чақириқларга етиб бориш вақти шаҳарларда ўртача 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқарди.
Қолаверса, ушбу тизимда хусусий секторнинг фаолияти учун зарур шароитлар яратиб берилиши сабабли айни пайтда хусусий тез тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасалари сони 15 тадан 31 тага етди.
Бу ижобий ўзгаришлар, шубҳасиз, беморларга шифохонагача бўлган тез тиббий ёрдамни халқаро андозаларга мос тарзда кўрсатиш имконини бермоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.