Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда тез тиббий ёрдамнинг тезкорлиги, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини ошириш, унинг қамровини кенгайтириш, соҳа амалиётига замонавий илмий-техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада, “тез ёрдам” бригадалари реанимобиллар билан таъминланиб, тизимда хизмат кўрсатиш радиуси қисқариб бормоқда.
Жумладан, соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида 2021 йилнинг биринчи чорагига келиб, тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ ўртача 6 минг 500 сўмни ташкил қилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бу рақам 2016 йилда 500 сўмдан иборат эди, холос.
Шунингдек, мамлакатимизда 2016 йилда атиги 800 та “тез ёрдам” шохобчалари мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони 1 минг 666 тага етказилди.
Бундан ташқари, 2021 йил биринчи чорагида “тез ёрдам” бригадалари жами 2 минг 685 тага етди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда 1 минг 648 тани ташкил қилган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.