Бугунги кунда юртимиз бўйлаб фаолият юритаётган сайёр бригадаларнинг сони 2 684 тани ташкил қилмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси республика бўйича 95 фоизга кўтарилди. Жумладан, Бухоро ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 100 фоизга, Андижон вилоятида 99 фоизга, Самарқанд вилоятида эса 98 фоизга етган.

Республика бўйича «103» хизматининг ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланганлик даражаси эса 2020 йил охирида 98 фоизга етди. Шундан 11 та ҳудудда ушбу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилмоқда.

Қувонарлиси, «103» хизматида фаолият юритаётган 13 минг нафарга яқин шифокорларнинг 4 388 нафари юқори малака тоифасига эга, 2 230 нафари 10–20 йиллик, 1 818 нафари эса 20 йилдан ортиқ стажга эга.

Мамлакатимиз тез тиббий ёрдам хизмати тизимида 28,4 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари ишлаётган бўлса, уларнинг 39 фоиздан ортиғи малака тоифасига эга. Қолаверса, уларнинг 6 155 нафари 5–10 йиллик, 5 784 нафари 10–20 йиллик ҳамда 4 368 нафари 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.