Таъкидлаш жоиз, Испанияда бўлиб ўтган Патентес Талго компанияси раҳбари Карлос Паласио Ориол, Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниев билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон учун яна тўртта Афросиёб электропоезди ишлаб чиқаришга тайёрлигини маълум қилди холос.
Шунингдек, буюртмани молиялаштириш учун Испания ҳукумати ҳузуридаги Испания компанияларини халқаролаштириш жамғармаси (ФИEМ)дан узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб қилиш мумкинлигини таклиф этди.
Сир эмаски, ҳозирги кунда юртмизда олтита юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Жамият томонидан яқин йиллар ичида замонавий, юқори тезликда ҳаракатланувчи тезюрар поездлар сонини яна 4 тага кўпайтириш режалаштирилган.
Эътиборли томони шундаки, эндиликда харид қилинадиган юқори тезликдаги электропоездларни фақатгина «Талго» компаниясидан эмас, балки, йўловчиларнинг таклифларини ўрганган ҳолда, дунёдаги энг кўзга кўринган замонавий электропоездлар ишлаб чиқарадиган компаниялардан харид қилиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг мутасадди мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги дунёнинг етакчи компанияларининг таклифлари ўрганилмоқда. Бунда, мамлакатимизнинг ўзига хос қиш ва ёз мавсумдаги иқлим шароитлари инобатга олинмоқда, йўловчиларни ташиш шароит ва қулайликлари, йўловчилар сиғими ва бошқа жиҳатлар ўрганилмоқда.
Шунингдек, эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш, темир йўл транспортида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасида янги босқичга олиб чиқиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 34 та замонавий электропоездлар сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилди.
Ҳаракат таркибини янгилаш, замонавий электропоездларни харид қилиш бўйича ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siyemens, Alstom, Hitachi, Pesa, CRRC-Dalian каби дунёнинг энг илғор компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.