Бу ниҳоятда йирик лойиҳани ишга туширишда 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасидаги илк келишув муҳим аҳамиятли бўлди, дейилади мақолада.

Шунингдек, бунгача ҳам Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари уч томонлама учрашувлар ўтказиб, Трансафғон темир йўлини қуриш учун “Йўл харитаси”ни тасдиқлагани, бу лойиҳа бир қанча сабабларга кўра жозибали экани, улардан муҳими эса Ўзбекистоннинг денгиз портларига кириши учун энг қисқа йўл бўлиши ҳақида айтилади.

Янги темир йўл қурилиши жорий йил сентябрь ойида бошланиши режалаштирилган. Ҳозирда эса Ўзбекистонни Мозори-Шариф билан боғлайдиган темир йўл коридори ишлаб турибди. Гарчи баъзи минтақавий лойиҳалар ўнлаб йиллар қоғозда қолиб келсада, Трансафғон темир йўли ўз вақтида қуриб битказилади, дейишга асос бор, дейилади мақолада.

Муаллиф расмий Тошкентнинг Трансафғон темир йўли қурилишидаги иштироки, шунингдек, Афғонистон ва Покистон билан ҳамкорлигини Ўзбекистоннинг катта сармояга эгалиги билан изоҳлайди.