Унутманг, айрим тоифадаги ходимлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтмасдан ўз меҳнат вазифаларини бажаришга ҳақли эмас. Ана шундай муҳитда хизмат кўрсатувчи шахсларнинг соғлиғи, ўз ишига яроқлилиги ва тиббий жиҳатдан назоратда бўлиши нафақат уларнинг шахсий масъулияти, балки жамият хавфсизлиги учун ҳам жуда муҳим.
Айрим касб эгалари борки, улар ишга киришиш ёки иш фаолиятини амалга оширишдан аввал белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтишга мажбур ҳисобланади. Бу тоифага “муайян-декретив контингент” деб аталадиган аҳолига хизмат кўрсатувчи касб эгалари киради. Бугун масъул соҳа мутахассислари билан айнан шу мавзуда суҳбатлашдик.
Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти ходими Қодиржон Сайдуллаев фикрига кўра, тиббий кўриклар аҳоли орасида юқумли ва паразитар касалликларнинг тарқалишининг олдини олиш, касб касалликлари ёки заҳарланишларни барвақт аниқлаш, ишчи-ходимнинг соғлиғига зарар етказмасдан фаолият юритишини таъминлаш ҳамда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтириш мақсадида ўтказилади.
– Бундан ташқари, ходимнинг меҳнат шароитига яроқлилигини аниқлаш, унинг мавжуд касалликларини оғирлаштирмаслик, иш муҳитини санитар-гигиеник жиҳатдан баҳолаш ва яхшилаш ҳам тиббий кўрикнинг асосий вазифаларидан бири хисобланади, – дейди мутахассис.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сувини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш, умумий овқатланиш ташкилотлари, даволаш-профилактика муассасалари, маиший хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, меҳмонхоналар, савдо ташкилотлари ва шохобчаларида ишловчилар 1 йилда 2 маротаба ҳамда мактабгача таълим муассасалари, болалар уйлари, мактаб-интернатлари, болалар санаторийлари, “Мурувват уйлари” ва “Меҳрибонлик уйлари” ходимлари, сузиш бўйича мураббийлар, инструкторлар, бассейн ва даволовчи ванналарда ишловчи ходимлар, дорихона ва дори сақлаш омборхона ходимлари, дориларни тарқатиш билан шуғулланувчи шахслар 1 йилда 1 маротаба тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.
– Ишга қабул қилишдан олдин ўтказиладиган тиббий кўрикда ишчи ва хизматчининг соғлиғи, унинг танлаган касбга жисмоний ва руҳий жиҳатдан яроқлилиги, шунингдек, мавжуд касалликлари иш шароити таъсирида оғирлашиш эҳтимоли бор-йўқлиги баҳоланади. Бу жараён аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади, – дейди Қодиржон Сайдуллаев.
Иш фаолияти давомида белгиланган вақтларда ўтказиладиган тиббий кўрик эса касбий касалликлар ёки заҳарланишларни эрта аниқлаш, умумий касалликлар оғирлашишининг олдини олиш, соғлиқни тиклаш бўйича индивидуал тавсиялар бериш ва меҳнат муҳитини яхшилашга қаратилган.
Қайси шифокорлар кўригидан ўтилади?
Муайян-декретив контингент ходимлари махсус мутахассислар кўригидан ўтишлари шарт. Барча тоифа учун терапевт кўриги мажбурий ҳисобланади. Озиқ-овқат саноати, умумий овқатланиш ва савдо соҳасидаги ходимлар дерматовенеролог кўригидан ўтишлари лозим. Шунингдек, озиқ-овқат ва таълим соҳаларида ишловчилар флюорографик текширув, захм ва бошқа юқумли касалликларга қон таҳлили, гельминтоз ва энтеробиоз каби паразитар касалликларга анализ топширишлари керак. Психиатр ва нарколог кўриги айрим ишлаб чиқариш соҳаларида ишловчи ходимлар учун мажбурий саналади.
– Ушбу тиббий кўриклар корхонага бириктирилган тиббий-профилактика муассасалари ёки ҳудудий даволаш муассасалари, ё бўлмаса иш берувчи томонидан шартнома асосида танланган тиббий марказлар томонидан ўтказилади. Бундан ташқари, Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти ҳам замонавий ускуналар ёрдамида, юқори сифатда тиббий кўрик хизматларини тақдим этади, – дейди Санэпидқўмита Ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова.
– Муҳими шундаки, тиббий кўрикдан ўтиш ходимнинг хоҳишига боғлиқ ихтиёрий жараён эмас, балки қонунчиликда белгиланган мажбурий талабдир. Агар ходим тиббий кўрикдан бош тортса ёки текширув натижалари бўйича тиббий комиссия томонидан берилган тавсияларга риоя қилмаса, иш берувчи уни ишга қабул қилмаслик ёки мавжуд ишидан четлатиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатда ишдан четлатиш расмий буйруқ асосида амалга оширилади ва ушбу давр учун ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди, – қўшимча қилади Ахборот хизмати раҳбари.
Хулоса қилиб айтганда, мажбурий тиббий кўрик – бу фақатгина шахсий саломатликни эмас, балки бутун жамият хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирдир. Соғлом кадрлар – соғлом жамият кафолатидир. Шу боис, муайян-декретив касб эгалари фаолиятнинг соғлиқ ва жамоатга таъсиридан келиб чиқиб, ўз ишларига масъулият билан ёндашишлари лозим.
Зулхумор АКБАРОВА