Инновацион ривожланиш вазирлиги ёшларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонини ўтказиб келяпти. Марафоннинг бу йилги тадбирлари ҳам кўплаб иқтидорли ёшларнинг лойиҳаларини янада мукаммаллаштириш ва ривожлантиришда катта аҳамият касб этди. Ўнлаб истеъдод эгалари кашф этилди.
Жумладан, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти катта ўқитувчиси, лейтенант Ойбек Дехқонов тақдим этган “Дастлабки тиббий маълумотларни автоматлаштирилган ўлчов тизими” марафон иштирокчилари эътиборини тортди.
— Ҳарбийлар йил давомида икки марта тиббий текширувдан ўтади. Табиийки, бу жараён анча-мунча вақт талаб қилади. Чунки ҳар бир кўрик алоҳида тиббий ускуналар орқали амалга оширилади. Биз ихтиро қилган янги авлод машинаси бир нечта вазифани ўз ичига олиб, вақт тежамкорлигини таъминлаш ва ҳарбийларнинг жисмоний ҳолатида ўзгаришлар юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади, — дейди Ойбек Деҳқонов.
Тизим қандай ишлайди?
Дастлаб ушбу тизимга оддий вазифалар, яъни сенсор орқали вазн ва бўй кўрсаткичларини аниқлашни йўлга қўйдик. Кейинчалик янада такомиллаштириш мақсадида қолган функциялар ҳам киритилди. Жумладан, суратга олиш, тана ҳарорати ва бўй узунлиги каби маълумотларга сенсор орқали аниқлик киритиш мумкин. Ускунанинг энг асосий вазифаларидан бири оёқ яссилигини билишдир. Ҳарбий соҳага қабул қилинадиган аскарларда бу кўрсаткич алоҳида эътиборга олинади. Шунингдек, тана вазни индексини билиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тана вазни индекси нима?
Бу индекс шахснинг вазнини аниқлайди. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, семизлик даражасини белгилайди. Ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий хизматчиларнинг тана вазнини назорат қилиш муҳим. Шу асосда ҳар ой тиббий мониторинг олиб борилади.
Бундан ташқари, автоматлаштирилган тизим кўкрак қафаси кенглиги, бош ва оёқ кийим ўлчовларини аниқлашга ҳам кўмаклашади. Барча кўрсаткичлар умумий маълумотлар базасига йиғилади. Натижаси эса юқори қўмондонликка юборилади. Қизиғи, ҳарбийлар формаси буюртмаси асосида тайёрланадиган уст-бош кийимларнинг ўлчови ва уларнинг статистикаси (либослар сони) ҳақида ҳам тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.
Афзаллик жиҳати
Тизимнинг энг асосий афзаллиги шундаки, ҳарбий хизматга номзодларни саралаб олиш жараёнида қабул жараёни шаффофлигини таъминлашга ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳарбий хизматга қабул қилинадиган номзодларнинг дастлабки тиббий маълумотларини автоматлаштирилган тизим қисқа вақт ичида аниқлайди. Бу эса олтиндан қиммат вақт сарфини камайтиради. Тизим олинган барча тиббий маълумотларни электрон маълумотлар базасига юклайди. Уларни мониторинг қилишда катта ёрдам беради.
Автоматлаштирилган тизим инсон танаси, қон босимини ўлчаш ва юрак уриши ритмини аниқлаш каби вазифаларни бажариши учун ҳозир қурилма устида иш олиб бормоқдамиз. Шундагина мукаммал даражада тўлақонли функцияларга эга бўлади.
Азиза АСЛАНОВА,
Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази
матбуот котиби