Мана шундай ўрганишлар Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам олиб борилди.

Ўрганишлар жараёнида тиббиёт бирлашмасининг беморлар учун иссиқ овқатлар тайёрланадиган ошхонасидаги ачинарли ҳолатлар эътиборни тортди. Ошхонада амалдаги санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган шароитда овқат тайёрланмоқда. Жумладан, шифохонада даволанаётган беморлар сонидан келиб чиқиб таомнома тасдиқланмаган, ошхона хизматчилари тиббий кўрикдан ўтказилмаган.

Ошпазларнинг амалдаги овқат тайёрлаш қоидаларига амал қилиши ва махсус кийим-кечак билан таъминлангани, қолаверса, тайёрланган овқатнинг сифати хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Беморларга овқат тайёрлаш мақсадида сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари очиқ ҳолда, санитария талабларига зид тарзда сақланмоқда. Касаллик организмни кучсизлантиради. Бемор куч-қувват тўплаши ва тезроқ даво топиши учун уни махсус парвариш қилиш лозим. Беморни парваришлаш одатда даволашнинг энг муҳим қисмидир. Беморга дорилар ҳамиша ҳам зарур бўлавермайди.

Лекин яхши парвариш ва фойдали озуқа доим муҳим. Ушбу шифохонага тушиб, тиббий хизматларидан фойдаланган беморнинг аҳволи эса оғирлашса оғирлашадики, ҳеч қачон яхшиланмаслиги аниқ. Ошхонадаги ачинарли ҳолатлар юзасидан Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Шаймановдан изоҳ сўралганда, шифохонада даволанаётган беморларга зарурий тайёр овқат етказиб бериш бўйича аутсортинг хизмати йўлга қўйилгани, 2020 йилнинг 31 декабрига қадар тумандаги «Карнайтепа» ишлаб чиқариш ва савдо фирмаси овқат тайёрлаш  хизмати кўрсатиб келгани, 2021 йилнинг 21 январидан «Элегант МБ» МЧЖ аутсортинг хизматини кўрсатиш бўйича танлов ғолиби деб топилгани, бироқ тиббиёт бирлашмаси бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан «Карнайтепа» ишлаб чиқариш ва савдо фирмаси ўзбошимчалик билан беморларга овқат тайёрлашни давом эттириб келинаётгани маълум қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсортинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида беморларнинг сифатли овқатланишини ташкил этиш кўзда тутилган. Қарор ижросини Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасида таъминлашга нима халал бермоқда? Тегишли мутасаддилардан ушбу саволга жавоб кутиб қоламиз.

Норқизил БОТИРОВ,

Чироқчи тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати раиси