Иштирокчилар офлайн ва онлайн тарзда 70 та секцияда 35 та йўналиш бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Олимпиада ғолиблари ва фаол иштирокчилар 1-, 2-, 3-даражали дипломлар ҳамда турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Халқаро олимпиада доирасида СамДТУ талабалари учун чет эллик ва маҳаллий етакчи мутахассислар томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари, педиатрия ва стоматологиянинг долзарб масалаларига бағишланган 18 та маҳорат дарси ўтказилди.
Шу куни Туркиянинг Соғлиқ билимлари университетининг Евроосиё соғлиқни сақлаш ва ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот маркази директори Файзиўглу Гулнур хонимга СамДТУ профессори фахрий унвони берилди.
Самарқандда бўлиб ўтган “Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг III халқаро олимпиадаси ёш олимлар ва талабаларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, салоҳияти ва илмий изланишларидан самарали фойдаланиш, фундаментал ва клиник фанлар ўқитиш сифатини янада ошириш, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.