Инновацион ривожланиш вазирлигида касалликларни даволашнинг янги усул ва технологияларини яратиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммолар ечимига қаратилган илмий лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Айни шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари томонидан танлов учун 2019 йилда 72 та лойиҳа тақдим қилинган бўлса, уларнинг сони 2020 йилнинг октябрь ойигача 177 тани ташкил этди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида таклиф этилаётган лойиҳаларга буюртмаларнинг кўпи аввал бажарилгани, аниқ натижа ёки илмий ечимга қаратилмагани, тадқиқот натижаси мавҳум бўлиб қолгани сабабли қайта ишлаш учун қайтарилди. Айримлари эса белгиланган талаблар асосида шакллантирилмагани, лойиҳа талабномаси ва мавзуси бўйича таклифлар аралашиб кетганлиги сабабли рад этилган.
Шошилинч тиббий ёрдам хизмати соғлиқни сақлаш тизимининг энг йирик ҳамда муҳим аҳамиятга эга таркибий тузилмаси саналади. Бугунги кунда республикамизда шошилинч тиббий ёрдам хизматининг 13 та вилоят, 173 та туман ва шаҳар филиали мавжуд. Айниқса, коронавирус пандемияси сабабли бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам шошилинч тиббий ёрдам хизматига бўлган эҳтиёж кучайди. Масалан, пандемиягача шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва унинг ҳудудий филиалларига бир йил давомида 10 миллионга яқин қўнғироқ ва мурожаат қилинган бўлса, пандемия шароитида улар сони 30 фоизга ошиб, 13 миллионга етди.
Шу боис, вазирлик шошилинч тиббий ёрдам соҳасида янги, самарали даволаш технологияларини яратиш, илмий-тадқиқотлар натижадорлигини ошириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш амалиётига самарали даволаш технологияларини жорий этиш мақсадида “Тиббиёт фанлари” йўналишида еттита мавзу юзасидан танлов эълон қилди.
Бундан ташқари, иқтидорли ёш олимлар учун тиббиёт ва фармацевтика фанлари бўйича лойиҳалар танлови ташкил этилди. Унинг асосий мақсади иқтидорли ёш изланувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти натижалари ва ташаббусларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдан иборат. Мазкур танлов Президентимизнинг 2019 йил 30 августдаги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган мақсад-вазифаларга мувофиқ ўтказилди.
Танловдан, шунингдек, “Тиббиёт йўналишида таълим олаётган талабалар учун одам анатомияси атласининг AR-технологиясини яратиш” мавзуси ҳам ўрин олган. Унинг натижасида одам анатомияси атласининг маълумотлар базаси тайёрланади, одам анатомияси атласи ишлаб чиқилади ва таълим жараёнида фойдаланиш учун атласнинг AR-технологияси яратилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 31 январда олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ҳамда ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган вазифа ва топшириқлар доирасида илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрнини янада оширишга қаратилган “Олима аёллар грантлари” инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди. Ундан кўзланган асосий мақсад — фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг янги ғоя ва ишланмаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборат.
Шунингдек, Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари тақдим этган “Киндик қони ўзак ҳужайралари банкини яратишга мўлжалланган технологик платформа ташкил этиш” мавзусидаги лойиҳа ҳам вазирлик ҳайъатидан ижобий хулоса олди. Лойиҳада ҳомила йўқотиш синдромининг молекуляр-генетик белгиларини аниқлаш, унинг клиник кўриниши ва кечиши асосида эрта ташхис қўйиш технологияси — янги тест тизими (чип) ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, жумладан, репродуктив ёшдаги аёлларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш ва асоратларини камайтиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш, айниқса, ҳомиладор аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳомила йўқотиш белгиларини эрта аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Юқоридаги лойиҳа айни шу нуқтаи назардан долзарб ҳисобланади.
2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб белгиланиши ҳам соҳа мутахассислари зиммасига улкан вазифаларни юклади. Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради”, дея алоҳида таъкидлади.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти олимлари танловга тақдим этган “Аутизмга чалинган болаларни ўзбек тилида амалий хулқ-атворни таҳлил қилиш терапиясида ўқитишнинг янги инновацион технологиясини яратиш” мавзусидаги лойиҳаси асосида ўзбек тилида илк бор минтақамизга мослаштирилган аутист болалар идроки, умумий ва нозик ҳаракатлари, фикрлаш ва нутқини яхшилашга ёрдам берадиган инновацион технология ишлаб чиқилади. Ушбу дастур аутист болани овқат чайнаш, кийиниш, гаплашиш каби кундалик кўникмалар ва мустақил ҳаракат қилишга ўргатади. Психолог ва логопед билан тўлақонли терапия ишлаб чиқилади ва бу, айниқса, кам таъминланган аҳоли учун қулайлик яратади. Аутист болаларни даволашда инновацион технологияларни ўзбек тилида қўллаш даволаш кўлами ва самарасини кенгайтиради, улар орасида ногиронликни камайтиради ҳамда болани кундалик ҳаётга мослашув жараёнини тезлаштиради. Бугунги кунда дунё миқёсида аутист болалар учун кўплаб даволаш дастурлари ишлаб чиқилган. Амалий хулқ-атворни таҳлил қилиш терапияси — бу ўзини тутиш технологиялари ва ўқитиш усулларига асосланган интенсив ўқув дастури. Ушбу дастурни ўзбек тилига мослаштириш, касалликнинг дастлабки босқичида индивидуал ёндашувни танлаш даволаш самарадорлигини оширади. Бундан ташқари, болаларнинг ривожланиши ва таълим олишини яхшилайди, уларда жамиятга мослашиш, яхши кайфият ва ҳиссиёт уйғотишга сабаб бўлади.
Коронавирус инфекциясига қарши кураш ва COVID-19 штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикум яратиш, дори-дармон устида тезкор иш олиб бориш мақсадида 12 та умумий қиймати 19,6 миллиард сўм миқдорида илмий лойиҳалар танлови эълон қилинди.
Айни пайтда 4,5 миллиард сўм миқдоридаги 3 та илмий лойиҳа молиялаштирилди. COVID-19га чалинган бемор билан яқин мулоқотда бўлганларни тезкор аниқлаш мақсадида “Birga Yengamiz” мобиль иловаси яратилиб, Android ва iOS тизимлари асосида ишлайдиган барча мобиль телефонларга ўрнатилди ҳамда ундан бепул фойдаланиш йўлга қўйилди. Айни пайтда ундан 10 минг нафарга яқин киши фойдаланяпти.
Мазкур мобиль илова бемор билан охирги 14 кун ичида яқин масофа ва алоқада бўлган шахсларни аниқлашга ёрдам беради.
Ноибахон МАМАДАЛИЕВА,
Инновацион ривожланиш вазирлиги
илмий котиби, филология фанлари доктори