Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш ва олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамкорлигида онлайн ташкил этилган анжуманда академик, профессор, ёш олимлар билан бирга Россия, Қозоғистон ҳамда юртимиздаги барча тиббиёт Олий ўқув юртлари талабалари, жами 500 нафар киши иштирок этди. Тадбирда касалликларни даволаш ва олдини олиш технологияси, шунингдек, клиника ишини ташкил этиш жараёнида рақамли тиббиётнинг ривожланиши ҳақида маълумот берилди.
Конференцияда мамлакатимизда рақамли тиббиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, келгуси йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида 12 та йирик лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилаётгани таъкидланди.
Тадбир доирасида IT-технологиялардан фойдаланган ҳолда даволаш жараёнининг янги даражаси, тиббий таълимни рақамлаштириш, тиббиётда сунъий интеллект, телетиббиёт, тиббиётдаги роботлар мавзуларида муҳокамалар, давра суҳбатлари ташкил этилди.
Конференция материаллари Тошкент Тиббиёт Aкадемияси электрон тўпламида чоп этилади.