Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан учрашуви тарихий, сиёсий, керак бўлса, инқилобий  аҳамиятга эга катта йиғилиш бўлди, десак асло муболаға эмас. Чунки йиллар давомида тиббиётга эътибор бугунгидек бўлмагани, соҳага ажратилган маблағ тўғри ва мақсадли йўналтирилмагани боис, тизимда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммо ва камчиликлар етарли даражада йиғилиб қолган эди.

Бугун чекка ва олис ҳудудлар аҳолисининг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти аста-секин юксариб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар халқимиз саломатлигини асраш, соғлом яшаш ҳуқуқини таъминлаш орқали юртдошларимиз розилигига эришишдек мақсадни ўзида мужассам этган.

Аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини яхшиламасдан туриб, бу мақсадни рўёбга чиқариш мушкуллигини инкор эта олмаймиз. Ўз-ўзидан табиий савол туғилади: аҳолининг ишсиз ёки жуда кам маош учун ишлайдиган қатлами бирор касалликка чалинганда қандай даволанади? Дейлик, юқори технологияга асосланган жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурати туғилса ёки юрак нуқсони, мураккаб трансплантация амалиётига эҳтиёж пайдо бўлса, кам таъминланган аҳоли қатлами бунга сарфланадиган маблағни қаердан топади? Қандай қилиб даволанади? Мана шу каби жуда долзарб масалалар борки, буларга ечим топиш мақсадида соҳа мутасаддилари, малакали мутахассислар муаммоларни жойларда, ҳудудларда жуда чуқур ўрганди. Уларнинг ечими юзасидан тегишли тавсия ва таклифлар тўпланиб, тақдим этилди.

Пандемия ҳатто энг ривожланган, қудратли давлатларнинг ҳам тиббиётидаги заиф жиҳатларни кўрсатди. Ҳамма қаерда, қандай камчилик ва муаммо борлигини англади. Бутун дунёда тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш зарурати юзага келди. Жумладан, мамлакатимиз тиббиётида ҳам оқсаётган жиҳатлар яққол кўзга ташланди ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чуқур ёндашилган ишлар бошланди.

Бундан 4 ой олдин Президентимиз билан очиқ мулоқотга тайёргарлик кўриш вазифаси зиммамизга юклатилди. Учрашувга тайёргарлик жараёнида 25 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходими ва бошқа юртдошларимиздан мурожаат ҳамда таклифлар келиб тушди. Очиқ мулоқотдан олдин бизга энг олис ва чекка туманлардаги аҳоли ва тиббиёт ходимларининг фикрини ўрганиш вазифаси берилган эди. Ишчи гуруҳ шакллантириб, жойларга чиққанимизда ҳақиқатан ҳам хаёлимизга келмаган янги-янги таклиф, ғояларни эшитдик. Мурожаат ва таклифлар тўлиқ таҳлил қилиниб, Президентимиз учрашувда муаммолар ечимини еттита йўналишда кўрсатиб берди.

Шулардан биринчиси — кафолатланган, сифатли тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш ва хизмат кўламини кенгайтириш масаласи энг устувор вазифа сифатида белгиланди. Оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда фаолият юритаётган ходимларнинг иш сифати, дунёқарашини ўзгартириш, бунинг учун уларга зарур барча шароитни яратиш кун тартибига чиқди. Жумладан, 2022 йилда юртимизнинг энг олис, чекка ҳудудларида қўшимча 136 та, 2023 йилда 140 та янги поликлиника фаолиятини йўлга қўйиш, жойлардаги поликлиникалар негизида 1100 та оилавий шифокорлик пунктини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, 2 мингдан зиёд олис ва чекка маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Шу тариқа ҳудудлардаги 4 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Жойларда аҳолини соҳага оид қийнаб келаётган муаммолар ўрганилганда юртдошларимизнинг 120 турдаги дори-дармонга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди. Натижада дори воситаларига сарфланадиган маблағ тўрт баробар оширилди. Илгари поликлиникалар 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминланган бўлса, энди уларга 120 турдаги дори-дармон берилади.

Бирламчи бўғиндаги оилавий шифокор ва ҳамшира меҳнатининг баҳоси йўқ. Уларни рағбатлантириш — муҳим масала. Шу боис, қишлоқ шифокорлик дастурини янада такомиллаштириш, 2022 йил 1 майдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига икки миллион сўмдан қўшимча устама тўлаш вазифаси юклатилди. Ипотека кредити асосида уйжой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетдан қопланиши соҳа вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан далолатдир. Бундан буён олис ва чекка ҳудудда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокор клиник ординатурага давлат бюджети асосида қабул қилинади.

Туманларда кардиология, неврология, эндокринология каби касалликларга чалинган беморлар 2024-2025 йилга қадар навбатда турганди. Шундай ривожланган даврда касал инсоннинг даволаниш учун навбатда туриши жуда ачинарли. Очиқ мулоқотда марказий шифохоналар қошида ихтисослаштирилган эндокринология, кардиология ва неврология бўлимлари ташкил этилиб, навбатда турган аҳолининг ўз ҳудудида даволаниши учун имконият яратиш ва ихтисослашган тиббий хизматни туманга тушириш сиёсати белгилаб берилди. Бунинг аҳамиятини халқимиз албатта билади ва қадрлайди.

Бугун ривожланган барча давлатларда мажбурий тиббий суғурта тизими амал қилади. Бу орқали бюджет харажатини камайтириш, тиббий хизмат сифатини оширишга эришилган. Юртимизда ҳам бу бўйича дастлабки саъй-ҳаракатлар бошланган. Жумладан, Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилаётган тиббий суғурта пилот лойиҳаси дастлабки самарасини кўрсата бошлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари билан бориб ўрганганимизда узундан-узоқ навбатларга батамом чек қўйилганига гувоҳ бўлдик. Бирламчи бўғинда оилавий шифокор ва универсал ҳамшира ўз ҳудудига бириктирилган аҳолини қамраб олган, дастлабки текширувлар туфайли аҳолининг муайян қисми амбулатор, яна бир қисми эса стационар даволанишга йўналтирилган. Натижада вилоятнинг деярли барча туманида навбат кескин камайган.

Энди оилавий поликлиникаларнинг ўзида эрталабдан кеч соат 20:00 гача кундузги стационар жорий этилмоқда. Соат 14:00 дан 20:00 гача ишлайдиган шифокорларга устама бериладиган бўлди. Натижада стационарларга тушадиган босим кескин камаяди. Чунки асоссиз стационарга ётқизиш ҳолати ҳозир жуда кўп учраяпти. Сирдарёдаги пилот лойиҳанинг ютуқларидан яна бири шундаки, бемор оилавий шифокор йўлланмаси билан шифохонада ётиб даволаниши мумкин. Йўлланмасиз борса, пул тўлайди. Илгари бир касалнинг муолажаси учун 10-15 тагача дори ёзилган бўлса, энди 3-4 та дори билан даволаш амалиёти йўлга қўйилади. Чунки шифокор ёзган дорилар асослангандан сўнг пул тўланади. Асослаб бера олмаса, пул тўланмайди. Бу шифокорларимизнинг дунёқарашини ўзгартириб, беморларни янги, замонавий стандарт ва клиник протоколларга кўра муолажа қилишга ўргатяпти. Тўғри, замонавий стандарт ва даволаш протоколлари аввал ҳам бор эди. Лекин унга шифокорлар амал қилмасди. Бугун амал қилишга мажбур. Чунки энди уларга койкага қараб эмас, балки даволанган беморнинг ҳолатига кўра пул тўланади. Буни тиббиётимизнинг ривожланишидаги дастлабки катта қадам, дейиш мумкин.

Шунингдек, 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадасига қўшимча яна 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя, акушер берилиши оналар ва болалар саломатлиги учун жуда муҳим. Шунингдек, болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиб, 18 ёшгача бўлганларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби зарур мутахассисларнинг манзилли кўригидан ўтказиш тизими жорий қилинмоқда.

Юртимизда спинал мушак атрофияси ташхиси билан 75 нафар бола азият чекяпти. Бу касаллик туғма бўлади. Шу пайтгача улар давлат бюджетидан доридармон билан таъминланмаган эди. Энди уларни дори билан таъминлаш мақсадида ҳар йили 110 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, мамлакатимиз бўйича 46 та туманлараро перинатал марказ ташкил этилиб, уларда чақалоқлар реанимацияси бўлими фаолияти йўлга қўйилмоқда. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан олиб кириладиган буюмлар, ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилиниши давлат сектори учун ҳам, хусусий сектор учун ҳам жуда катта ёрдам, катта мадад деб биламан. Хорижлик шифокорларга Ўзбекистонда ишлаш учун рухсатнома бериш бўйича тўлов миқдори кескин камайтирилмоқда. Энди чет эллик ҳамкорларимиз ҳам юртимизда фаолият юритишдан манфаатдор бўлади. Бу ҳам тиббиётимиз ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Халқ табобатининг синалган усулларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш орқали даволаш тизимининг натижадорлигини ошириш кун тартибидаги масалалардан. Шу мақсадда 2022 йилдан бошлаб самараси исботланган доривор ўсимликлар тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига босқичмабосқич киритилиши кўзда тутилмоқда. Бу бўйича барча тиббиёт олий ўқув юртлари ва техникумларида, ҳудудий халқ табобати марказларида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий қилиш бўйича вазифалар юклатилган. Шунингдек, барча ҳудудда Ибн Сино марказлари ташкил этилиб, улар мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олий ўқув юртларида халқ табобати ҳамда соғлом турмуш тарзини ўқитади.

Айни пайтда олдимизда иккита муҳим вазифа турибди. Биринчиси, касалликни барвақт аниқлаб, даволаш бўлса, иккинчиси, шу хасталикни келтириб чиқарадиган омилларни ўрганиб, у билан курашиш. Касаллик қайси ҳудудда кам учраса, профилактикаси билан яхшироқ шуғулланаётган тиббий бригадани рағбатлантириш чораси белгиланмоқда. Шунингдек, ҳар бир поликлиникада халқ табобати хоналари, фитобарлар ташкил этилиши, дорихоналарда доривор воситалар бурчаги бўлиши ва лицензия талаб сифатида киритилиши назарда тутилган.

Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида алоҳида дастур қабул қилиниши хусусида тўхталиш жоиз. Республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизими ташкил этилиши бўйича топшириқлар олганмиз. Ҳадемай, Тошкент шаҳрида йўлга қўйилган тажриба асосида ҳар бир вилоятда тез тиббий ёрдам йўналишида электрон автоматлашган бошқарув тизими жорий қилинади. Янги ташкил этиладиган марказлашган диспетчерлик марказлари беморни аҳволи, касаллик тури ва даражасига қараб саралайди. Шунга асосан энг яқин ҳудудда жойлашган тегишли тиббий бригада тезкорлик билан йўналтирилади. Бу бемор олдига ўз вақтида, қисқа муддатда етиб бориш, сифатли ва кафолатланган тезкор тиббий хизмат кўрсатиш ва ўлим хавфини бартараф этишга хизмат қилади. Шу тарзда вилоят ва туман чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатадиган тез тиббий ёрдам тизими шакллантирилади.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш — соғлиқни сақлаш тизимидаги устувор вазифалардан бири. Илгари замонавий болалар шифохонаси ёки оналар учун тиббий жиҳозлар йўқлиги, кадрлар етишмаслиги туфайли гўдаклар ўлими кўрсаткичи юқори эди. Айниқса, 500 граммдан 1 килограммгача бўлган чала туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмасди. Бугун шундай болалардан 80 фоизининг ҳаётини сақлаб қолишга эришилмоқда.

Перинатал марказлар, акушерлик, гинекология муассасаларига замонавий жиҳозлар олиб кирилаётгани ва бугун халқаро талабга жавоб берадиган кадрларнинг шаклланиш босқичида биз шундай натижаларга эришмоқдамиз. Яратилаётган шарт-шароит дунёга келаётган болаларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом вояга етиши учун пойдевор ҳисобланади. Туғилгандан кейин ҳам қўшимча микронутриент, витаминга бой, комплекс овқат ва вояга етгунга қадар турли витамин, антигельминт препаратлар билан таъминлаш болаларнинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан рационал, соғлом ўсишига замин яратади.

Келгусида қиладиган ишларимиз жуда кўп. Болалар хирургиясини ҳали тўлиқ ривожлантирганимиз йўқ. Ривожланаётган ҳомиладаги касалликни аниқлаб, уни она қорнида операция қилиб, соғломлаштириш амалиёти дунёда анча ривожланган. Биз бу йўналишга ҳали кириб бормадик ҳам. Шу каби замонавий йўналишлар борки, улар бўйича ҳали кўп ишлашимиз керак. Тиббиёт муассасаларининг моддийтехник базасини яхшилаш бўйича 20222025 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Очиқ мулоқотда ана шу дастур доирасида 182 та оилавий шифокорлик пунктини ичимлик сув, 450 дан ортиқ муассасани иситиш, 650 тасини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Тиббиёт муассасасини қайта қуриш, жиҳозлаш, туғуруқ комплексларини тўлиқ таъмирлаш, замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш, шунингдек, болалар шифохоналарининг ҳолати ва улардаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш бўйича алоҳида вазифалар белгиланди. Бунинг учун 6 триллион сўм маблағ ажратилиши айтиб ўтилди.

Туман ва вилоят тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун молиялаштириш манбалари рўйхати кенгайтирилади. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кафолатланган тиббий хизмат турларига кирмайдиган бошқа янги хизмат турларини пулли асосда ташкил қилишга рухсат берилди. Бу туман шифохоналарини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш учун катта аҳамиятга эга. Бу жараёнда пулли хизматлардан келиб тушадиган маблағнинг 75 фоизгача қисми малакали тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб вилоят кардиология, офтальмология, урология, травматология, тери-таносил шифохоналарини койка ўрнига қараб эмас, балки ҳар бир беморнинг даволанганлик ҳолатидан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби жорий қилинади.  Ушбу шифохоналарга тўлиқ молиявий мустақиллик бериляпти. Бу клиникадаги тиббиёт ходимларининг дунёқарашини ўзгартиради. Соғлом рақобат муҳитини пайдо қилади, моддий манфаатдорликка ундайди ва клиниканинг ривожланишига олиб келади.

Жорий йил 1 майдан бошлаб барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий-тиббий кўрик бепул ўтказилади. Шу пайтгача биз олис, чекка ҳудудлар аҳолиси учун мобиль кўрик ташкил қиляпмиз, аҳолини поликлиникага чақириб, тиббий кўрикдан ўтказяпмиз, дердик, лекин ўзимизга келганда жарроҳлар ҳар олти ойда, қолган мутахассислар бир йилда бир марта ўтадиган тиббий кўрик ҳам пулли эди. Айни бу масала ҳам ечим топди. Бу биз учун яна бир хурсандчилик бўлди. Шунингдек, қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари В гепатитига қарши бепул эмланиши, мазкур харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланиши ва бунга ҳар йили камида 100 миллиард сўм ажратилиши таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Бугун бино қуриб, уни энг замонавий жиҳозлар билан таъминлашга давлатимизнинг қурби етади. Лекин унинг ичида малакали кадр бўлмаса, жиҳоз ҳам, бино ҳам ҳеч қандай қийматга эга эмас. Бу ҳолат ҳозир ҳам учраётганини инкор эта олмаймиз. Шу боис, малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш учун тиббий таълимни тўлиқ трансформация қилиш зарурати мавжуд. Юртимиздаги 35 та олий таълим муассасасига академик ва молиявий мустақиллик берилди. Уларнинг 8 таси тиббиёт олий ўқув юртларидир. Учта филиалдан ташқари 8 та тиббиёт олий ўқув юрти академик ва молиявий мустақилликка эришди. Бу нима беради?

Аввало, замонавий, халқаро талаб даражасидаги кадрларни тайёрлашга замин яратилади. Ўқув дастуридаги ҳар бир мавзуни қайта кўриб чиқиш, ўзаро интеграция қилиб, 2022-2023 йилларда янги тиббий таълим тизимини жорий этишга хизмат қилади. Бу бўйича дастлабки ишлар бошланди.

Бугун тиббиёт таълимини кучайтириш бўйича олдимизда муҳим вазифа турибди. Масалан, Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртига кирган талаба биринчи семестрда юртимизда ўқиса, иккинчи семестрда Европанинг бирор олий ўқув юртида ўқишни давом эттириши, учинчи семестрда Шарқ мамлакатларига бориб ўқиш имкониятига эга бўлиши зарур. Бунинг учун таълим тизимимиз уларники билан интеграциялашган бўлиши лозим.

Ўқув режаси ва дастурларини яратиш асосида таълим тизимини тўлиқ трансформация қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Бунга кўра, тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, мақсадли ошириб борилиши, фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантлари тўрт баробар кўпайтирилиши айтилди. Чунки мамлакатимизда ҳали амалиётга тўла жорий қилинмаган 20 га яқин бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура йўналиши бор. Улар ҳатто юртимиз таълим классификаторига ҳам киритилмаган. Бу янги йўналишларни жорий қилмай, тиббиётимизни халқаро даражага олиб чиқиш қийин кечади.

Мамлакатимиз учун яна бир жуда катта янгилик — магистратура босқичидаги ва 5-6-курс талабаларининг йўлланма асосида бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилди. Бу амалиёт билан назария интеграцияси орасида катта узилишни боғлашга хизмат қилади. Қолаверса, талаба тез тиббий ёрдам, шошилинч тиббий ёрдам, бирламчи бўғинда етарли малака орттирса, келгусида тор ихтисослигини ҳам муваффақиятли ўзлаштира олади. Шу йўл билан жойлардаги вакант жойларни, эҳтиёж юқори бўлган шифокорлар ўрнини тўлдирамиз.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш орқали касалликлар профилактикасини кучайтириш талабга айланиб улгурди. Учрашувда бу борада ҳам ўринли таклифлар билдирилди. Айтайлик, энди битта оилавий шифокорга бириктирилган 2 000 та хонадонга бориб, кундалик, ҳафталик таомнома билан танишилади. Оила аъзоларининг овқатланиш тартиби ва рациони аниқланиб, таомномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Шу тариқа ҳамкорликда тўғри овқатланиш маданияти шакллантирилади. Бу жуда муҳим. 80-90 фоиз касалликнинг олдини оладиган омил — бу тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи. Шу тартибни аҳолига тўғри етказа, тушунтира олсак, жорий қилиб, йўлга қўйсак, камида 50 фоиз касаллик кескин камаяди. Касалликларнинг олдини олиш билан деярли шуғулланмаяпмиз. Ҳозиргача унинг асоратини бартараф этиш билан оворамиз. Шу билан бандмиз. Бундан буён касалликларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар қилинади. Соғлиқни сақлаш инфратузилмасини пухта ўрганган ҳолда, бир йўналишдаги шифохоналардан воз кечилиб, мавжуд шифохоналар негизида кўп тармоқли клиникалар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Сирдарёда пилот лойиҳа сифатида Гулистон тиббиёт кластери ташкил этилди. Бу ерда руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ва фтизиатриядан ташқари барча клиника бир жойда жамланади. Лозим топилса, унинг ёнида тиббиёт олий ўқув юрти ҳам ташкил этилади. Энг асосийси, халқимизга ўз вақтида сифатли, самарали тиббий хизмат кўрсатиш тизими яратилади. Бу тажриба кейинги йилдан бутун мамлакатимиз бўйлаб йўлга қўйилади.

Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти соғлиқни сақлаш тизимида катта бурилиш ясади. Тиббиётимизни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади. Қолаверса, мамлакатимизда соҳанинг янги уйғониш даврини бошлаб беради.