— Кечаги мулоқот — тарихий учрашув бўлди. Чунки давлатимиз раҳбари мамлакатимизда соҳа бўйича 2017­2022 йилларда бажарилган ишлар асосида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг кейинги босқичдаги ривожланиш стратегиясини белгилаб берди. Бу учрашувнинг беш йил олдин ўтказилиши нотўғри бўлар эди. Боиси, ўтган беш йил давомидаги саъй­ ҳаракатлар билан бугунги ўзгаришларга пойдевор қўя олдик.

Ўтган вақтда салмоқли ютуқларга эришдик. Аввало, хорижда юрган шифокор ватандошларимиз юртимизга қайтиб келди. Авваллари юқори технологияга асосланган жарроҳлик амалиёти битта­иккита клиникада қилинган бўлса, бугун 8­10 та клиникада, ҳатто ҳар бир ҳудудда бажарилмоқда.

Мулоқотда ихтисослашган тиббий хизматнинг аҳолига яқинлаштирилгани, маҳаллий дори­дармон ишлаб чиқаришда эришилган ютуқлар, ишга туширилган корхоналар, тиббий таълим бўйича рўёбга чиққан ислоҳотлар, шу билан бирга, камчиликлар ҳақида ҳам рўй­рост айтилди. “Аҳолининг тиббиётга эътирози янги босқичда, янги шаклда ишлашимиз кераклигини кўрсат япти”, деди Президентимиз.

Учрашувда еттита йўналиш бўйича келгуси беш йилликка мўлжалланган муҳим топшириқлар берилилди. Биринчи йўналиш — тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, бирламчи тизимнинг бу борадаги мутлақ янги механизмларини шакллантириш тўғрисида алоҳида сўз юритилди. Энг муҳими, таҳлил бўлди. Таҳлилда муаммолар кўрсатилди. Уларнинг ечими бўйича топшириқлар берилди. Керак бўлса, ҳар бир вазифа ижроси учун молиявий манба ҳам белгиланди. Бу жуда ҳам муҳим, таҳлилий ва иқтисодий манбалар белгилаб берилган мулоқот бўлди. Учрашувнинг тарихийлиги ҳам шунда.

Бундан 10­15 йил илгари оптималлаштириш, деб номланган жараён туфайли чекка қишлоқлардаги тиббий хизмат, аслида йўқ қилинган эди. Тиббий хизмат кўрсатадиган муассасалар аҳоли яшаш пунктидан 60­70 километр узоқликда жойлашганди. Бугун эса, энг яқин тиббиёт муассасаси 3 километрдан узоқ бўлмаслиги, яёв юрганда 20 дақиқалик масофада жойлашиши зарурлиги қайд этилди. Амбулатор тиббий хизматни аҳолига яқинлаштиришнинг энг биринчи босқичи — оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларни янгидан ташкил қилиш ва бунинг учун дастурлар шакллантириш тўғрисида топшириқ берилди. Бундан ташқари, учрашув вақтида айнан бирламчи тизимга тааллуқли мурожаатлар ҳам тингланди.

Барча кўп тармоқли марказий поликлиникада болалар бўлимини ташкил қилиш, ҳар бир тиббий бригада таркибига доялар, педиатрия ҳамширалари киритилиши тўғрисида ҳам вазифалар юклатилди. Буларнинг барчаси бирламчи тизимни ривожлантириш бўйича катта дастурнинг кичик бир бўлаги.

Бу ислоҳотлар натижасида аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ошади. Энг асосийси, халқнинг розилигига эришилади. Бирламчи тизимда профилактика устувор бўлгани учун касалликларнинг олди олинади. Соғлом турмуш тарзи, тиббий маданият орқали юртдошларимизнинг турли касалликларга чалиниш хавфи камаяди. Скрининг, тиббий кўрикларга катта эътибор берилади. Бу иқтисодий нуқтаи назардан касалликни даволашдан кўра арзон тушади. Чунки бугун юқори технологияга асосланган жарроҳлик амалиёти ўтказиш жуда қиммат туради.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб туман тиббиёт бирлашмасидаги кардиология, эндокринология ва неврология ўринларига алоҳида эътибор бериш кераклиги тўғрисида тўхталди. Аҳоли ўртасида энг кенг тарқалган касалликлар айнан шу учта йўналиш бўйича кузатиляпти.

Соғлом турмуш тарзи бўйича ҳокимларга ҳам топшириқ берилди. Энди “хонадонбай” ишлаб, оилаларда тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаоллик тўғрисида дастурларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидан тиббиёт ходими ташаббус билан чиқди. У энди ҳар бир хонадонга бориб, оила аъзоларининг кундалик таомномасини тузиб берамиз ва бу жараёнда энг яхши патронаж ҳамшира, энг соғлом хонадон номинацияларини белгилаймиз, деди.

 Президентимиз бу ташаббусни нафақат Сардобада, балки бутун мамлакатимиз бўйича оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Элмира БОСИТХОНОВА,

соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари