Рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантираётган асосий омиллардан бўлиб, кўплаб мамлакатларда оммалашмоқда. Телетиббиёт туфайли аҳолининг вақти, моддий ресурслари тежалади. Уйида ўтириб клиникани, шифокорни танлаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, тиббий хизматлардан тенг ва осон фойдаланади. Бошқача айтганда, телетиббиёт тиббий хизматларни замонавий техник ва телекоммуникация воситалари орқали масофадан туриб олишдир. Онлайн теледиагностика юртдошларимизга уйидан чиқмасдан туриб энг илғор маҳаллий ва хорижий экспертлар маслаҳатини олиш имконини беради. Натижада беморларнинг вақти ва маблағи тежалиб, йўлкира ва бошқа  қийинчиликлардан қутулади.

Ҳар қандай соҳадаги, жумладан, телетиббиётдаги муносабатлар ҳам ҳуқуқий тартибга солинишга муҳтож. Тиббиёт ҳуқуқи ҳозирги юриспруденциянинг жадал ривожланаётган тармоғи бўлиб, соғлиқни сақлаш бўйича барча муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни назарда тутади. Шу маънода, телетиббиёт тиббиёт ҳуқуқининг тартибга солиш предметидир. Ҳозирга қадар кўплаб давлатларда телетиббиёт тўғрисида қонунлар қабул қилинган. Юртимизда ҳам телетиббиётни тартибга солувчи махсус қонунни қабул қилиш давлат дастурида акс эттирилган. Шу ўринда телетиббиёт тўғрисидаги қонун мамлакатимиз учун нимага керак, деган савол туғилиши мумкин. Биринчи навбатда, қонун телетиббиётга доир мураккаб жараёнларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади. Ҳуқуқ устуворлигини таъминлайди. Телетиббиёт жараёнидаги барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Мамлакатимизда телетиббиёт халқаро миқёсда тан олинган олим, академик Малика Абдуллахўжаеванинг саъй-­ҳаракати туфайли фаол ривожлана бошлади. 2000 йилларнинг бошида у биринчи бўлиб Республика патологоанатомия марказида телетиббиёт лабораториясини очди ва шу ерда бутун мамлакат аҳолиси учун онлайн диагностикани йўлга қўйди. Ўша йиллари у нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги илк телетиббиёт лабораторияларидан эди. Малика Абдуллахўжаева бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар томонидан илк маротаба “Телетиббиёт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва муҳокамага қўйилган.

Тиббиёт тизимини рақамлаштириш нафақат юртимиз, балки ҳар қандай давлат учун хос бўлган қатор муаммолар, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли тиббиётнинг мавжуд эмаслиги масаласини ҳал қилиш учун кенг майдон ва имконият очади. Бу борада АҚШ, Япония, Буюк Британия, Германия, Австралия, Греция, Ирландия, Испания, Канада, Франция, Швеция, Швейцария каби давлатлар анча илғор. Шунингдек, Россия, Украина, Беларус, Mолдова, Грузия, Арманистон, Қозоғистонда ҳам телетиббиёт бўйича кўплаб лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилингани Янги Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси ривожида катта қадам бўлди. Концепцияда юртимизда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, яъни телетиббиётни ривожлантириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди. Жумладан, телетиббиёт орқали юртдошларимиз барча тиббиёт муассасалари ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар тўғрисида бемалол ахборот олиши, уларни даволайдиган шифокорлар ҳақида маълумотга эга бўлиши, ҳатто қабул вақтини ҳам масофадан электрон навбат орқали банд қилиб қўйиши мумкин. Шунингдек, кўрсатиладиган хизматлар сифатини, жумладан, тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш учун мобиль иловалар орқали тизимдан фойдаланиш имконига эга.

Телетиббиёт нафақат аҳоли, балки тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга кенг имкониятлар яратади. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳасида стандартлаштириш тизимини амалга ошириш, электрон ҳужжат билан ишлашни жорий этиш орқали иш  жараёни (тиббиёт карталари ва касалликлар тарихини тўлдириш, электрон рецептлар бериш), тиббиёт ходимлари, дори­дармон, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника, сарфлаш материаллари ҳисоби ва мониторингини юритиш осонлашади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан телетиббиёт бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 2020 йил июнь ойида Роберт Кох институти ва Берлиндаги Шарите клиникаси билан ҳамкорликда маълумотларни тўғридан-­тўғри Германияга узатувчи икки тўплам телетиббиёт ускунаси харид қилиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Зангиота шаҳридаги 1-­шифохонага ўрнатилди. Ютуқларимиздан яна бири — Германиянинг GITEC Consulting компанияси кўмагида 2021 йил август ойида Тошкент шаҳри ва саккизта вилоят орасида МРТ тасвирини масофадан туриб алмашиш тизими ишга туширилди. Шу билан бирга, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудидаги тиббиёт муассасаларини телетиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш лойиҳаси амалга оширилди. ITMed компанияси ташаббуси билан Германиянинг Роберт Кох институти ва GIZ халқаро ҳамкорлик бюроси билан биргаликда 2021 йил октябрь ойидан Фарғона вилояти Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида телетиббиёт тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Мазкур лойиҳа Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилояти ва Нукус шаҳри филиалларида тўлиқ ишга туширилган.

Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун халқаро тажрибага таянган ҳолда “Телетиббиёт тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, шунга мувофиқ зарур ресурслар билан таъминлаш зарурати юзага келди. Ушбу саъй­-ҳаракатлар шаффоф ва ишончли тиббиётни шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади ва аҳоли саломатлигини ҳуқуқий муҳофаза қилишга самарали таъсир кўрсатади.

Нозимахон ҒОФУРОВА, 
Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, 
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент