Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти юртимиздаги шу йўналишлардаги энг йирик илмий марказ ҳисобланади. Институтда ўзбек адабий тили, социолингвистика, ўзбек мумтоз адабиёти тарихи, ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён, адабиёт назарияси ва адабий алоқалар ҳамда фольклор каби бир нечта бўлимлар, шунингдек, фольклор архивидек ноёб илмий объект мавжуд. Мазкур бўлимларда халқимизнинг қадимий миллий ўзлиги ўзагини ташкил қилувчи ва уни саломат сақловчи тил, бадиий сўз ҳамда халқ оғзаки ижоди дурдоналари тилсимоти, шунингдек, улардаги қиёссиз синоатларни инкишоф қилиш каби мунтазам илмий муддаолар асосида тадқиқотлар олиб борилади.
Илмий-тадқиқот муассасаларида
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор, замонавий ўзбек тилшунослигининг йирик вакили Низомиддин МАҲМУДОВ билан кечган суҳбатимиз ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ҳамда халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш масалалари ва бугунги адабий жараёнлар ҳақида бўлди.
— Бугунги кунда Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг асосий миссияси нимадан иборат? Муассаса ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни қай даражада уддаламоқда?
— Тил фақатгина шакл ёки овоздан иборат моҳият ёхуд ҳодиса эмас, балки у бениҳоя кўп вазифаларга эга бўлган бебаҳо неъматдир. Атоқли олмон алломаси Вильгельм фон Гумбольдт ва унинг зукко давомчилари томонидан дангал эътироф этилганидек, тил кишилар ўртасидаги шунчаки алоқа воситасигина эмас, балки у миллатнинг кўрар кўзи, эшитар қулоғи ва англар ақлидир. Ҳар бир халқнинг бошқалардан фарқ қилувчи ўзига хос миллий нигоҳи мавжуд бўлиб, муайян бир тил вакили муайян бир товушни бошқасидан фарқли равишда эшитади. Масалан, муайян жонивор чиқарадиган товушни барча тил эгалари ҳам айнан бир хилда эшитмайди. Шунинг учун тил оламни билишнинг бирламчи ва қудратли қуроли саналади.
Тил ва тафаккур бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайдиган ҳодисалардир. Бу ҳақиқат узоқ вақт давомида инкор этиб келинди: гўёки тил шакл, тафаккур эса мазмун, тил эса тафаккурни ифодаловчи шунчаки бир шаклдек талқин қилинди. Шу ўринда машҳур “Тирик рус тилининг изоҳли луғати” яратувчиси Владимир Далнинг (онаси олмон, отаси даниялик) қуйидаги сўзларини эсга олиш кифоя қилади: “На касб-кор, на диний эътиқод ва на аждодлар қони кишининг у ёки бу халққа мансублигини кўрсатади... Ким қайси тилда ўйласа ва тафаккур қилса, у ўша халққа мансубдир. Мен русча ўйлайман”.
Дунё адабиётининг номдор намояндаси Чингиз Айтматов “Авезов ҳақида сўз” мақоласида “Тил халқнинг автопортретидир” тарзидаги беҳад мантиқли ва образли таърифни келтириб ўтган. “Автопортрет” рассомнинг ўз қўли билан чизган шахсий тасвиридир. Чиндан ҳам, масалан, ўзбек тили ўзбек халқининг сийрату суратини, тафаккур ва тахайюл оламини, шунингдек, ўтмишу бугунини борича акс эттирадиган ҳамда энг муҳими, шу тилнинг ўзи воситасида ва “ўз қўли” билан “чизилган” ҳам ички, ҳам ташқи холис қиёфасидир. Албатта, бу қиёфа халқимизнинг минг йиллик лисоний-тарихий тараққиёти жараёнларида, бетакрор маданий ва ақлий, адабий-бадиий дурдоналарида яққол бўй кўрсатиб турибди. Мазкур қиёфа парваришу муҳофазага, эъзозу эҳтиётга муҳтож, кўз қорачиғидек асрашга ва янада камолот сари элтишга шоён бўлган муҳташам бойликдир. Шунинг учун нафақат юртимиз тилшунослигида, балки дунё тилшунослигида ҳам тилни унинг эгаси, яъни соҳиби билан биргаликда ўрганиш тамойили (антропоцентрик тилшунослик) етакчилик қилмоқда.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини юксалтириш, шу билан бирга, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва замонавий ахборот технологиялари ҳамда коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш институт фаолиятининг асосий йўналиши саналиб келинмоқда. Сўнгги саккиз-тўққиз йил ичида бу борадаги илмий изланишлар пухта ишланган режалар асосида амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бевосита ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга қаратилган бўлиб, унда 2020- 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланган, шунингдек, 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни деб белгилаш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш чоралари кўзда тутилган. Шубҳасиз, бу фармон давлат тилини янада ривожлантириш борасидаги ишларни ҳар жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади. Таклиф қилинган янги сўз ва атамаларни илмий жиҳатдан ўрганиш, экспертизадан ўтказиш, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиш ҳамда янги сўз ва атамалар бўйича таклифларни Атамалар комиссиясига киритиб бориш вазифаси айнан институтимиз олимлари зиммасига юклатилган.
Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳозирги кунда яна қайта кўриб чиқилмоқда. Илгари қамраб олинмаган жиҳатларни янги қонунда акс эттириш устида жиддий ҳаракатлар қилиняпти. Зеро, она тили ва давлат тили жуда муҳташам тушунчалардир. Она тили дегани, юқорида айтиб ўтганимдек, бу ўша миллатнинг барча нарсаси: ичи, таши, қалби, юраги, тарихи ва бугунидир. Лекин узоқ йиллар давомида ўзбек тилига гўёки фақатгина алоқа воситаси, яъни икки одам ўзаро гаплаша оладиган восита сифатида муносабатда бўлинди. Аслида, ХХ асрнинг охири ва ХХI асрнинг бошларида дунё тилшунослигида антропоцентрик тилшунослик йўналиши шаклланди. Тилшуносликда бевосита тилнинг ўзи ўрганилади, лекин тилнинг марказида одам, унинг тарихи, психологияси, руҳияти ва менталитети туради. Тилни ўрганганда у фақат эга, кесим ёки от, сифат, сон эмас, балки миллатнинг келиб чиқиши, менталитети, тарихи, руҳияти ва тафаккури сифатида уларнинг барчаси билан биргаликда яхлит ўрганилиши керак.
Институтимиз тилшунослари томонидан яратилган 6 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳам мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан жуда илиқ кутиб олинди; ушбу луғат 80 мингдан ортиқ сўзни ўз ичига олган. Ҳозирги кунда луғат янада кенгайтирилиб, унинг 10 жилдлигини тайёрлаш устидаги ишлар мунтазам ва жадал суръатларда кечмоқда.
Институтимизда нафақат давлат тили, балки адабиёт ва фольклор йўналишлари бўйича ҳам кўплаб ишлар бажарилмоқда. Албатта, фольклор ва адабиёт йўналишлари илгари ҳам жуда чиройли тарзда тадқиқ этиб келинган. Институтимиз тарихида адабиёт илми ва фани билан боғлиқ эътиборга молик изланишларга мисоллар жуда кўп топилади. Иззат Султоннинг “Адабиёт назарияси” асари Марказий Осиё халқлари орасида адабиёт назариясига оид биринчи асар сифатида эътироф қилинади. Ўз даврида қўлма-қўл бўлиб ўқилган бу китобнинг аҳамияти ҳозирги кунда ҳам асло камаймаган.
Бугунги кунда адабиёт назариясига дахлдор изланишлар ва янгиланишларни муттасил ҳамда мунтазам равишда тадқиқ этишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Демакки, адабиёт назариясининг эски даврлар талаби билан юзага келган якранг талқинларини янгилаш, шунингдек, мумтоз адабиётимиздаги юксак ўлчовларни забт қилган дурдоналарга хос бўлган нодир қонуниятларни инкишоф қилиш бугунги кунимиздаги беҳад долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда институтимизнинг Адабиёт назарияси ва адабий алоқалар бўлими профессор Б.Тўхлиев раҳбарлигида 2 жилддан иборат “Миллий адабиёт назарияси” тадқиқотини яратишга киришган. Унда номидан ҳам англашилиб турганидек, умуман адабиёт назарияси эмас, балки миллий адабиёт назарияси тадқиқот объекти сифатида танлаб олинган. Бу, шубҳасиз, ўзбек адабиётшунослигида шаклланган янгича ёндашувнинг натижасидир.
Институтнинг ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён бўлимида 2 жилдли “Жадид адабий энциклопедияси”ни яратиш устидаги ишлар жадал суръатларда давом этмоқда. Бу ўзига хос тадқиқот ҳам тамоман янги бир иш бўлиб, у профессор Эргаш Очилов раҳбарлигида бажарилмоқда.
Ҳозирги кунда институтда саккизта бўлим фаолият кўрсатиб турибди. Яна битта ноёб объект — Фольклор архиви бўлимида 1920-1928 йилларда Ҳоди Зариф томонидан тўпланган фольклор материаллари сақланмоқда. Айни пайтда ана шу нодир дурдоналарни рақамлаштириш билан боғлиқ амалий ҳаракатлар кетяпти. Бу жуда катта маънавий мерос. Ўзбекистонда 2012 йилдан бошлаб “Ўзбек халқ ижоди дурдоналари” номли 100 жилдли китоблар тўплами нашр этилиб келинмоқда. Ҳозирга қадар ушбу китобнинг 50 жилди чоп этилди. Достон, терма ва ўланлар, умуман олганда, халқ оғзаки ижодига дахлдор нимаики бўлса, барча фольклор асарлар жамланиб, яхлит тўплам ҳолатига келтирилган. Бу ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. 2030 йилгача қолган 50 жилднинг ҳам нашрдан чиқиши кўзда тутилган.
— “Адабиёти бўлмайдиган миллат йўқликка маҳкум” деган эди замондош шоирлардан бири. Дарҳақиқат, ҳар қандай миллатнинг шаклланиши, ўзини таниши ва маънавий юксалишида адабиётнинг ўрни беқиёс. Зеро, ҳеч нарса инсон руҳиятига адабиётчалик малҳам ва нажот бўла олмайди. Бугунги кунда миллатнинг маънавий иқлимини яратиш йўлидаги уринишлар ва адабиётнинг жамиятга таъсири хусусида нима дея оласиз? Адабиёт бугун жамиятни тарбиялаяптими ёки фақатгина ўрганиляптими?
— Адабиёт, ҳеч шубҳасиз, сўз санъатидир. Машҳур инсонлардан бири “Адабиётнинг боши фольклордир” деган эди. Ҳа, адабиёт бу сўздир ва шу билан бирга, у фольклордир. У халқнинг эртаги, достони ва қўшиғи демак. Миллатнинг, умуман олганда, бадиий тафаккур дунёсининг илк ифодачиси, уни илк бор намоён қиладиган ва инъико қилдирадиган воситаси — фольклор. Адабиёт эса шундан бир қадам юқорига кўтарилган, ёзма шаклда ва тегишли тарздаги адабий тафаккурлар ҳамда тасаввурлар билан бирга пайдо бўлган жараёндир. Адабиётсиз миллат, адабиётсиз халқ бўлиши асло мумкин эмас. Чунки миллатнинг ва халқнинг ривожини, унинг кечаги куни ҳамда орзу-умидларини кўрсатадиган асосий восита бу — адабиёт. Шунинг учун адабиёт жуда катта куч саналади.
Бугун мамлакатимизда нашр қилинаётган асарларнинг ҳаммасини ҳам бир хил савияда деб бўлмайди, албатта. Уларнинг савияси аслида ҳеч қачон бир хил бўлган эмас. Қайсидир пайтларда баландроқ чўққига чиққан бўлса, яна қайсидир паллаларда орқароққа кетган. Лекин адабиёт ёшларимизнинг мактаб давридан бошлаб шаклланадиган дунёқарашини ушлаб турадиган ўзига хос таянч устундир. Бугунги кунда болалар адабиёти бир қадар оқсаётгани сир эмас. Ўтган асрнинг 60-70 йилларидаги мавжуд бўлган ёлқин бугунги болалар адабиётида унчалик сезилмаяпти.
Ўзбек адабиётида жуда гўзал асарлар яратаётган, шу даврнинг чирсиллаб турган муаммоларига ўз муносабатини билдираётган ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлларини кўрсатиб бераётган носирлар ҳамда шоирлар талайгина. Масалан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг асарлари бугунги насрда давр муаммолари ва дардини кўрсатиб, уларни тузатишга йўналиш бераётган ўзига хос асарлар сирасига киради. Унинг сўнгги “Момақалдироқ остидаги сайр” романида жамиятдаги энг долзарб масалалар бир неча қаҳрамоннинг ҳаёти мисолида очиб берилган. Бадиий тил нуқтаи назаридан Эркин Аъзам бугунги ўзбек носирчилигида юксак даражаларни забт этган моҳир ёзувчидир. Адибларимиз чиндан ҳам эътиборга лойиқ асарлар битмоқда. Модомики, бундай асарлар бор экан, адабиёт ҳамиша яшайди ва ўзини гўзал шаклларда намоён қилаверади.
— Институтда қайси янги назарий йўналишлар ривожланмоқда? Рақамли лингвистика ва сунъий интеллект қандай йўлга қўйилган?
— Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш олдимизда турган энг муҳим ишлардан биридир. Унга кўра, қўлёзмалар ҳамда адабиёт ва санъат асарлари рақамлаштирилмоқда. Шу мақсадда бир неча электрон платформа яратилди. Жумладан, институт олимлари томонидан “Жаҳон навоийшунослиги” электрон платформаси ишлаб чиқилди. Айни пайтда мазкур платформа дунёнинг 8 та тилида фаолият юритмоқда. Ноёб объект саналган Фольклор архивидаги 3000 га яқин бирликнинг рақамлаштирилаётгани эса мавжуд материаллардан кенг миқёсда фойдаланиш имкониятларини янада оширади.
Бундан ташқари, 2020 йилда институтимизда Социолингвистика бўлими очилди. Социо — жамият, лингвистика эса тил, яъни тилшунослик деганидир. Социолингвистика бевосита жамият ва тил масалаларини ўрганади. Ушбу бўлим бугунги жамиятда давлат тили қай тарзда яшаши кераклигини илмий жиҳатдан тадқиқ қиладиган тилшунослик йўналишидаги жиддий бўлимлардан биридир. Социолингвистиканинг моҳияти, унинг бошқа тилли мамлакатларда қай тарзда ривожланаётгани ҳамда бизда бу йўналишнинг қандай истиқболга эга экани ҳақида мазкур бўлим томонидан махсус монография эълон қилинди. Ўтган йили бу асар тилшунослик бўйича ўтказилган энг яхши илмий асарлар танловида биринчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, ўтган йили “Социолингвистика терминларининг изоҳли луғати” ҳам нашр қилинди.
Сунъий интеллект ёрдамида тил таркибини тадқиқ этишга хизмат қилувчи, тилнинг нафақат мазмунини, балки ментал ва психик каби хусусиятларини ҳам очиб беришга у ёки бу тарзда ёрдам берадиган дастурларни ишлаб чиқиш галдаги асосий вазифаларимиздан саналади.
— Халқаро ҳамкорлик самараси нималарда кўзга ташланмоқда? Ўзбек адабиётшунос олимларининг бугунги кунда дунё илм-фанига қўшаётган ҳиссаси нималардан иборат? Шунингдек, жаҳон илмий майдонида миллий тилшунослигимиз қай даражада намоён бўляпти?
— Ўзбек тилшунослиги ва ўзбек адабиётшунослигининг дунё филологиясида ўзига хос мустаҳкам ўрни бор. Азалдан устозларимиз ташқи мамлакатлар билан у ёки бу тарзда мунтазам муносабатда бўлиб келган. Хорижлик ҳамкасбларимиз ҳам юртимизга келиб, ўзбек достонлари, эртаклари, бадиий асарлари ва, умуман, ўзбек тили устида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борган.
Бундан 10-15 йиллар муқаддам жанубий кореялик Ингёнг О хоним юртимизга тез-тез келиб турарди. У бугунги кунда ўз юртида фан доктори, профессор ва катта бир институтда раҳбар сифатида фаолият кўрсатяпти. Айнан шу хоним “Алпомиш” ва “Жумонг” достонлари ўртасидаги яқинлик ва фарқлар мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб кетди. Қўшни Қирғизистон фуқаролари Барно Исҳоқова ва Хосият Бекмирзаева эса институтнинг мустақил тадқиқотчилари сифатида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндалари бўлмиш Бобур Мирзо ва Жаҳон отин Увайсий ижоди юзасидан илмий изланишлар қилди. Улар институтда фаолият юритаётган ўзбек адабиёти ихтисослигидаги илмий кенгашда ўз диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлди.
2017 йилнинг май ойида Хитойнинг Ланьчжоу университетида бугунги ўзбек тилшунослигидаги янгиликлар ва янги йўналишлар борасида бир ҳафта мобайнида маъруза ўқиб келганман. Ўз навбатида хорижлик ҳамкасбларимиз ҳам турли илмий анжуманлар доирасида юртимизга тез-тез ташриф буюриб туради.
Институт директорининг илм-фан бўйича ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадовнинг “Навоий ижодида соқийнома” (“Sakinameh in Navoi’s work”) номли монографияси инглиз тилида “AMAZON” (Америка, Сиэтл) нашриётида чоп этилди.
Китобда ўзбек мумтоз адабиётида соқийнома жанрининг тараққиёти, хусусан, буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидан ўрин олган 32 банд, 500 мисрага яқин соқийноманинг ғоявий-бадиий хусусиятлари атрофлича ёритиб берилган. Соқийнома ХV асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий, маданий ҳамда адабий ҳаётни, қолаверса, Алишер Навоийнинг ҳаёти, фаолияти, таржимаи ҳоли, яқинлари, устозлари, дўсту биродарлари, Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларини, шунингдек, улуғ шоирнинг темурий шаҳзодаларга бўлган муносабати хусусида баҳс юритувчи ўзига хос манзумадир. Монография муаллифи адабий матн мазмунига таянган ҳолда Алишер Навоий феноменининг ёрқин жиҳатларини илмий асосда очиб берган ва теран тадқиқ қилган.
Мазкур китоб Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили”ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш йўлида ташланган қадамлардан биридир. Ушбу монография буюк ватандошимизнинг ижодий меросини хорижда ҳам кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин намунаси бўла олади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.