Болам,
Жоним оғрир,
Тилингни бузма!
Оқ сутим ҳурмати дилингни бузма!
Ҳазрати Навоий тузган лашкар бу–
Сўз мулкин забт этган элингни бузма!
Энди бу лашкарни уйғотди Султон,
Жаҳон минбаридан сўз айтди шодон,
Сўз қиличин берма, Ўзбек бўл ҳар он,
Амир Темур аҳдин, йўлини бузма!
Алла айтган бедор тунларим ҳаққи,
Илҳақ, қон юрагим кетмасин оқиб,
Бобонг Кошғарийдан мерос тугуним
Очмай, юзинг бурма, кўнглимни бузма!
Хориж тилларида бурро сўзлайсан,
Бироқ отанг келган йўлни билмайсан,
Туя терисини ёпмасин ғаним,
Ҳушёр бўл, манқуртлар элини тузма!
Тилимиз томирин кесманглар дея,
Қодирий, Фитратлар кетди-ку вой-я,
Нолаларим эшит, рози эмасман,
Боболар қўрғони– гилини бузма!
Ҳали тупроғи ҳам совумай туриб,
Эркин Воҳид ҳамда Абдулла Ориф
Хатоларинг ичра сарсон ва ғариб
Бўлмасин, фозиллар халқасин узма!
СМС дир сенинг қисқа хатларинг,
Қисқа ўйласанг гар, яқин хатаринг,
Мактубимни ўқи, уйғон ахтариб:
– ТУРКИЙ СЎЗЛАРИНГДАН ХАБАР ОЛ, БОЛАМ,
ТИЛИНГНИ АВАЙЛА, ЎЗИНГНИ БУЗМА!!!
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА