“Дунё” АА мухбири “Najeeb Fibers”, “Najeeb Consultants Pvt.” ва “Jawed Enterprises” каби савдо ва тўқимачилик компанияларининг асосчиси ва эгаси Нажиб Воҳра билан учрашиб, ўзбекистонлик шериклар билан муваффақиятли ҳамкорлик олиб бориш борасидаги тажрибалари борасида суҳбатлашди.
— Мен Ўзбекистонга, сизнинг республикангиз раҳбариятига чуқур ҳурмат билан қарайман, — деди суҳбат аввалида Нажиб Воҳра. — Мамлакат минтақанинг йирик иқтисодиётига динамик равишда ўтиш йўлида. Мен ҳар доим кўришдан хурсанд бўлган ўзбек ака-ука ва опа-сингилларим билан дўстона муносабатлар ўрнатганман.
Маълумки, Покистон Ўзбекистон билан жуда яқин ва қардош муносабатларни ривожлантирмоқда. Бизнинг маданиятимиз, диний ва оилавий анъаналаримиз жуда ўхшаш. Покистон Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан атиги 665 километр узоқликда жойлашганлигини таъкидлаш лозим. Бу масофа Покистоннинг Лаҳор ва Карачи шаҳарлари орасидаги масофадан камроқдир. Бундан ташқари, Покистоннинг Карачи ва Гвадарда таниқли денгиз портлари бор. Ва бу ўзбекистонлик шериклар учун жаҳон бозорларига мақбул йўлни очиб беради.
Мамлакатингиз билан танишувим Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, биринчи навбатда, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти мени жуда хурсанд қилди ва илҳомлантирди. Республика раҳбарияти томонидан 2016-2017 йилларда иқтисодий ривожланишнинг янги прогрессив йўналиши тўғрисида эълон қилинганидан бери у Ўзбекистон–Покистон бизнес шериклигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш учун мамлакатга фаол ташриф буюришни бошлади.
Мен мамлакатдаги ноёб тўқимачилик корхоналари, ўзбек маҳсулотларининг сифати, шунингдек, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли шериклик қилиш учун яратилган қулай шароитлар билан танишдим.
Бундан ташқари, дипломатик ваколатхона ташаббуси билан мен ва менинг ходимларим ҳар йили Ўзбекистондаги кўргазма ва ярмаркаларда қатнашиб, қатор тўқимачилик саноатининг, шу қаторда Қашқадарё вилоятидаги Lit Textile қўшма корхонасининг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Вақт ўтиши билан Ўзбекистон раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши туфайли биз ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Афғонистон орқали транзитда Покистонга етказиб бериш масаласини ҳал қилдик. Натижада ўтган йили биз Ўзбекистондан 10 миллион долларлик пахта ипларини олиб келдик. Бунга фақат Президент Шавкат Мирзиёевнинг савдо-иқтисодий ҳамкорликка катта қизиқиш уйғотаётган янги ислоҳотлари туфайли эришиш мумкин эди.
2020 йилнинг биринчи ярмида карантин туфайли Покистон-Афғонистон чегараси уч ойлик муддатга ёпилишига қарамай, менинг компанияларим Ўзбекистондан пахта ипларини 5 миллион доллардан кўпроқ импорт қилдилар, бу ўтган йилдаги тегишли кўрсаткичдан анча юқори.
Покистон-Афғонистон чегараси ёпилганда, Ўзбекистон элчихонасининг тавсиясига биноан мен “Сурхонтекс”, “Шеробод Текстиль”, “LT Textile”, “Амудар Текс” ва бошқа етказиб берувчилардан пандемия даврида уларнинг ишлаб чиқариш имконятларини қўллаб-қувватлаш учун аванс тўловларини давом эттирдим.Чунки ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш истиқболларига ишонаман. Бугунги кунда биз Ўзбекистондан харидларни йилига 20-30 фоизга оширишни давом эттириш учун 1010 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистондан импортни ойига 2 миллион долларгача оширишни режалаштирмоқдамиз.
Шуни таъкидлашни истардимки, бошқа барча тўқимачилик экспорт йўналишлари камида 14 кунлик транзит кунини, Афғонистоннинг Покистонга транзити эса 3 кунни ташкил қилади. Шунинг учун мен Ўзбекистон Президентининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги барча ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлайман. Чунки келажакда тинч Афғонистон Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллирад долларгача ошиши учун янги уфқларни очиб беради.
Биз Ўзбекистон ишбилармонлари билан доимий равишда ҳамкорлик ҳажмларини ошириш ва икки томонлама муносабатларни янада яхшилашни истаймиз. Шунингдек, биз бошқа соҳаларда, жумладан, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, мева ва сабзавотлар импортини ривожлантиришни хоҳлаймиз. 2020 йил май ойида мен БАА ва Саудия Арабистонига етказиб бериш учуни Ўзбекистондан гилос олиб келишни бошладим. Келгуси йилларда ушбу савдони кўпайтирмоқчимиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Покистон ва Ўзбекистон ишбилармонларини қардош халқларимиз фаровонлиги ошиши ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун янада фаолроқ ишлашга чорлайман. Биз Ўзбекистон раҳбариятининг кенг турдаги тўқимачилик маҳсулотлари , шунингдек, хорижий давлатларга кейинчалик экспорт қилиш учун юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги интилишларини қўллаб–қуватлаймиз.