Қатор мамлакатларда бугунги тахликали, шу билан бирга шиддат билан ривожланаётган даврда тинчлик, фаровонлик деган неъматларнинг қадри кун сайин ортиб боряпти. Кўплаб давлатлар эриша олмаган ютуқларга қисқа фурсат — 5 йилда эришганимизнинг ўзи барчамизга ғурур бағишлайди. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу амаллардан бири сифатида Халқ қабулхоналарини айтиш мумкинки, уларда одамларимиз учун яратилган шароитларни бутун жаҳон аҳли кўриб, ибрат олса арзигулик.
Таълим дейсизми, соғлиқни сақлашми, спортми, қишлоқ хўжалигига назар соласизми, бугун барчасида туб ўзгаришлар кўзга ташланиб турибди. Чет эл инвесторларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортаётганида, албатта, юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган одилона сиёсат муҳим ўрин тутади.
Айниқса, биз, нуронийларга, ёш болали оилаларга, ногиронларга нафақаларнинг нақд пул шаклида олиб келиб берилишидек ғамхўрлик қаерда бор?
Экологияни асраш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада мавжуд муаммоларнинг ижобий ҳал этилаётгани, умуман олганда, юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараларини бирма-бир санашга имкон йўқ.
Нафақат, ўзимизнинг юртимиз, балки қўшни давлатлар фуқароларига ҳам ёрдам қўлини чўзиб келаётган давлатимиздан қўшниларимиз миннатдор бўлиб, ўзларининг Олий мукофотлари билан Президентимизни тақдирлашганида, бошқача бўлиб кетасан киши. Негаки, бу бутун Ўзбекистонга, ўзбек халқига бўлган чексиз ҳурмат, эътироф ифодасидир. Шундай пайтларда қишлоғимиздаги барча нуронийларни Ўзбекистонимизнинг ўзи ишлаб чиқараётган машиналарида олиб юриб, юртимиздаги бунёдкорликлар, ўзгаришлардан хабардор қилгим келади.
Айни пайтда том маънода, нурли манзилларга йўл олган карвонга бошчилик қилиб келаётган Президентимизга минг раҳмат! Бугунги тинч ва фаровон кунларнинг шукронасини қилиб яшайлик!
Қурбонбой Сапаров,
Хоразм вилояти,
Қўшкўпир тумани, Ших қишлоғи,
“Ёшлик” МФЙ