Ғафур Ғулом тахаллуси бўлиб, асл номи Ғуломов Ғафурдир. Ғафур Ғулом 1903 йилнинг 10 майида Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида туғилган. 1963 йилда Ўзбекистон халқ шоири сифатида танилган. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги бўлган. Ғафур Ғуломнинг ижодий тадрижи 3 даврдан иборат. Биринчи даврида Ғафур Ғулом кўплаб шеър ва мақола ёзган. Иккинчи даври иккинчи жаҳон уруши йилларига бағишланган бўлиб, халқ ва мамлакат ҳаёти акс этган асарларини қамраб олган. Жумладан, уруш йилларида ота-онасиз қолиб, Ўзбекистонга кўчириб келтирилган болалар ҳақидаги «Сен етим эмассан» шеъри юксак инсонпарварлик ғоясини ифода этган.
Мазкур ғояларни ёш авлодга тарғиб этиш эса, янги Ўзбекистонда маърифатли жамият концепциясини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, Тошкент давлат юридик университети талаба ёшлари учун Ғафур Ғулом номидаги махсус стипендия ҳамда кўкрак нишонини таъсис этилгани, бўлажак ҳуқуқшуносларда Ғафур Ғулом ижодига бўлган қизиқишни тобора оширмоқда. Айниқса, ҳуқуқшунослик билан адабиётнинг уйғунлиги талабаларга шеъриятга, адабиётга бўлган эътиборни кучайтирмоқда.
Бунинг асосий сабабларидан бири Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги «Атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда ундаги вазифалар бўлди. Жумладан, қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, университетда Ғафур Ғулом ижодини кенг тарғиб қилиш йўлга қўйилди. ТДЮУда мутасадди раҳбарлар ҳамда профессор-ўқитувчилардан иборат ижодий гуруҳ тузилган.
Шу боис, талабалар ўртасида тез-тез академик-шоир Ғафур Ғулом ижодини ўрганиш ва тадқиқ этишга оид тадбирлар ўтказилади. Мен ҳам, ана шу илмий-маънавий йўналишга қизиқдим ҳамда мустақил Ғафур Ғулом ижодини ўрганишга киришдим. Қувонарли томони шундаки, академик шоир Ғафур Ғулом шеърияти серқирралиги, ранг-баранглиги билан ажралиб туришига амин бўлдим. Қайси соҳага оид асарини ўргансам, янгиликка дуч келдим. Мана жорий йилда 30 июлда илк бора «Халқлар дўстлиги» куни нишонланди. Шу фурсатдан фойдаланиб, халқлар дўстлигига оид шеърларни ўқиганимда Ғафур Ғулом ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги ва қардошлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини кўрдим. Масалан, жуда кўп ўзбек оилаларида тожик келинлар, тожик оиласидаги ўзбек куёвлар тўғрисида шоирона фикрларни билдирган экан:
“ Халқлар дўстлигининг гуллар боғидек
Ардоқлаб битдингиз ашъорлар бисёр.
Ўзбек тожик қизин кўз қароғидек
Келиним деганда айтилар ёр-ёр». Қаранга, бугун Марказий Осиёда чегараларимиз очиқ, қуда-анда деган қадриятларимиз сақланиб келмоқда. Турли миллат вакили ягона оила бағрида тинч яшаши, келин-куёв муносабатлари ўз давридаёқ шоир Ғафур Ғулом томонидан мадҳ этилган.
Иккинчи ҳолат эса, маълумки жорий йилнинг август ойида давлатимиз раҳбари меҳрибонлик уйларида бўлиб, «Меҳр» дафтари ҳақида гапирар экан, ҳар бир тарбияланувчига алоҳида эътибор берилишини, айниқса, Миллий гвардия тизимини мазкур меҳрибонлик уйларида масъул этиб белгилагани «Сен етим эмассан» шеърининг мантиқий амалий ифодаси деб билдим. Ўз даврининг долзарб асари ёш авлодни тарбиялашдаги қудратли куч ҳақида сўзловчи «Йўлдош» достони бўлган. Фуқаролик урушида яқинлари Йўлдошдан айрилади. Бошқа етим бўлиб қаровсиз қолган болалар каби, бу болакайга ҳам давлат ғамхўрлик қилади — улар учун бошпана бўлган интернатлар ва болалар уйлари яратишади. Болалар уйи тарбияланувчилари ўз Ватани мустақиллиги ҳимояси учун доим тайёр туришади.
Достонда катта маҳорат ва илиқлик ила Йўлдошнинг отаси билан учрашуви акс этилган, ўз қарзига вафоли инсонлар сиймоси чуқур ва кенг очиб берилган. Ватан ҳимоячиси мавзуси Ғофур Ғуломнинг 1941 – 1945 йиллардаги кейинги ижодида янада ривожланди ва чуқурлашди. У одамларни «бор сабри, бор иқтидори»ни фашистлар устидан ғалабага қаратишга чорлайди. Шоир урушдан кейинги даврлардаги мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида ўзбек аёлининг ўрнини тараннум этади.
Учинчи ҳолат эса, Ғафур Ғуломнинг (1941 й. 26 июнь) ёзилган «Мен яҳудийман» шеъри ўша даврдаёқ жаҳоншумул шеър бўлгани мени ҳайратга солди. Бу иккинчи жаҳон уруши авж олган фурсатда гитлерчилар яҳудий халқини бутунлай қириб йўқ қилиб ташламоқчи бўлиб ўз ваҳшийликларини кучайтирган пайтида ёзилган бўлиб, бутун дунё аҳлини фашизмга қарши кўтарган ғоя ва куч бўлганига ишонаман. Ҳозир иккинчи жаҳон уруши тугаганига, фашизм иллатининг йўқ қилиб ташланганига етмиш беш йил тўлган вақтда ҳам Ғафур Ғуломга ҳурмат ва эҳтиром билан Исроил давлатининг шаҳрида унга ҳайкал ўрнатилгани шоирнинг фашизмга қарши жанговар курашчи бўлгани авлодлар хотирасида сақланаётганидан дарак беради. Ғафур Ғуломнинг асарларидаги инсон тақдири, инсон манфаати инсонпарварлик тамойили асосида ёритилгани бўлажак ҳуқуқшунослар учун муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, фуқаро ва давлат бир-бирига нисбатан мавжуд бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдир. Фуқароларнинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир.Бу тамойилнинг маънавий асоси Ғафур Ғулом шеъриятидир. Ўзбекистон Республикасида одамларнинг миллатига, динига, ижтимоий аҳволига, сиёсий ва бошқа эътиқодига қараб чеклашлар йўқ. Чунончи, Конституциянинг энг муҳим қисмларидан бўлган иккинчи бўлими инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган. Давлатимиз Асосий қонунининг яна ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, у фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, балки Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча инсонларнинг муқаддас ва дахлсиз ҳуқуқларини кафолатлайди. Қарангки, бугун «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ташкил этиб, ҳар бир инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланмоқда. Бу ҳолат ҳам Ғафур Ғулом ижодида ўз ифодасини топган. Жумладан, «Менинг ўғригина болам» номи остида жамланган қиссалар ва ҳикоялар ўзбекона ҳаёт тарзи, инсонлардаги меҳр-оқибат кабиларнинг қимматли неъмат эканлигини англатади. Тақдир бошлаган кўчаларнинг сўқмоқларидан бир-бир ўтиб, унда ўз яқинларини кўргандек бўлади. Ўзбек халқининг неча асрлардан бери мерос бўлиб келаётган урф-одатлари ичидан энг қадрлиси-меҳмондўст халқни кўриш мумкин. Яна бир серқирра ижод намунаси сифатида Ғафур Ғулом, Пушкин, Лермонтов, Грибоедов, Маяковский, Нозим Ҳикмат, Руставели, Низомий, Шекспир, Данте, Бомарше ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилгани таҳсинга лойиқдир. Тарихимиз билан асари Нетай» қиссаси — кенг ижтимоий умумлашмаларга бой ажойиб асар. Асарда ҳақиқий миллий давлатчиликка хос воқеа қўйилган. Сўнгги Бухоро амири Петербургга сафари чоғи Тошкентда тўхтайди. Амир мамнун ва хурсанд бўлиши учун бойлар ҳамма нарса қилади. Унинг ҳузурига эрмак учун Нетай исмли қизни келтиришади. Оддий ишчилар тимсоли ёқимли тарзда ифодаланган – уруғлар ва уларнинг аёллари ҳаётнинг қийинчиликларига қарамай, маънан бой ва жуда таъсирчан бўлган Нетай исмли ўн яшар қизни боқиб олишади. Қиссада Ғафур Ғуломнинг ўта серқирралиги ва иқтидорининг мослашувчанлиги ва наср техникасидан моҳирона фойдалана олиши намоён бўлган. Дарҳақиқат, Конституциямизнинг 18-моддасида Республикамиздаги барча фуқароларнинг тенглиги эътироф этилиб шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликлара эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар». Айнан шу норма Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 2-моддасида белгиланиб қўйилган. Шу билан бирга, ЎзбекистонРеспубилкаси Конституциясининг 25-моддасига мувофиқ «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга» дейилади. Айни ушбу норманинг ҳам фундаментал асоси биз юқорида тўхталиб ўтган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз ифодасини топган. Инсоннинг эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадриятдир. Ҳеч ким қулликка ёки асоратга солиниши, суднинг ҳукмисиз ёки рухсатисиз ўзбошимчалик билан қамоққа олиниши мумкин эмас. Ҳар бир инсон эркин бўлиб туғилади, шунингдек инсон хоҳлаган жойида истиқомат қилиш ҳуқуқига эга. Лекин ҳар доим ҳам шуни назарда тутиш керакки, инсон қаерда яшамасин, ўша ерда амал қилувчи давлатнинг қонунларига итоат этишга мажбур. Шу боис, Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан», «Мен яҳудийман» каби асарлари жаҳоннинг жуда кўп тилларига таржима қилинган, улар фашист босқинчиларини тор-мор келтиришда 2-жаҳон урушида ғалабага эришиш учун куч, ишонч, ғурур ва мардлик тимсоли бўлиб хизмат қилган.
Тинчлик, дўстлик ва халқ бахтини ўз ижодида куйлаган Ғафур Ғулом асарлари маънавий дунёқарашимизнинг бешиги бўлиб қолаверади.2023 йилда 120 йиллигини нишонлаймиз, биздан кейинги авлод ҳам атоқли шоиримизнинг ҳаёти ва ижодини асрлар оша ўрганади, илҳомланади ва ғурурланади. ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН тарихий саҳифасида Ғафур Ғулом ўзбек халқининг жўшқин курашчиси бўлиб муҳрланади.