Янги Ўзбекистоннинг икки дурдонаси

Муборак Рамазон кунлари бир қанча эзгу ишлар амалга оширилди. Улар орасида икки тадбир алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, наинки мамлакатимиз, минтақамиз, айни пайтда бутун мусулмон олами ҳаётида та­рихий воқеа бўлди. Булар — пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси мар­кази ва Самарқанд заминида қад ростлаган Имом Бухорий мажмуаси.

Бундай ноёб иншоотлар тинчлик ва осо­йишталик барқарор юртда барпо этилиши мумкин. Шукрки, мамлакатимиз тинч, буни алоҳида таъкидламоқдаман — осмони­миз мусаффо бўлгани учун ҳам Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида Имом Бу­хорий мажмуаси бутунлай янгидан қад ростлади. Бу икки иншоот янги Ўзбекис­тоннинг дурдоналари. Уларнинг ташқи кў­ринишининг ўзиёқ ҳар қандай инсонни ҳай­ратга солади, ҳавасини келтиради. Миллий меъморлик анъаналари билан замонавий архитектура услублари уйғунлаштирилган. Ҳар иккала мажмуа ҳам халқимиз тарихи ниҳоятда қадимий ва бой эканини, табаррук заминимиздан не-не буюк алломалар чиқ­қанини, улар жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганини намоён этади.

Президентимиз ташаббуси ва бево­сита раҳбарлигида бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказида юртимиз тарихи­нинг исломгача бўлган даврини, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврини акс эттирувчи экспозициялар мавжуд. Уларни кўрган юрт­дошларимиз шундай қадим ва бой тарихга эга халқ фарзанди эканидан ғурурланади, фахрланади, улар қалбида ватанпарвар­лик туйғуси кучаяди. Айниқса, ёшлар учун унинг аҳамияти беқиёс. Хорижликлар эса миллатимизнинг уч минг йилдан зиёд тари­хи борлигига, Биринчи ва Иккинчи Ренес­санс айнан бизнинг юртимизда кечганига, заминимизда туғилиб вояга етган ва жаҳон илм-фанига, хусусан, фалакиёт, тиббиёт, математика, фалсафа, адабиёт, тарих, геоде­зия ва бошқа соҳаларга улкан ҳисса қўшган қомусий олимлар ҳақида маълумотларга эга бўлади. Марказда бир неча улуғ олимлари­мизнинг образи сунъий интеллект ёрдамида жонлантирилган. Улар турли тилларда ўзи ҳақида сўзлаб беради. Булар шўро замонида айтилган “ўзбек халқининг атиги уч фоизи саводли бўлган” деган даъволар оддий бир чўпчакдан бошқа нарса эмаслигини тасдиқ­лайди.

“Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” залидаги экспозициялар сўнгги йиллардаги беқиёс ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар самаралари ҳақида сўзлайди. Та­рихан ғоят қисқа даврда, атиги саккиз-тўққиз йилда қилинган ишларни кузатган ҳар бир инсон — хоҳ юртдошимиз, хоҳ хорижлик бўлсин, ҳайратдан ёқа ушлаши шубҳасиз. Зотан, бунёдкор халқимиз ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, фан-техника, маънавият-маърифат, адабиёт- санъат, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқларни жаҳон аҳли кўриб турибди.

Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухо­рий ҳазратларининг мақбараси бутун ислом уммати учун муқаддас масканлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, ул улуғ зот тўп­лаган муборак ҳадислар китоби — “Саҳиҳи Бухорий” Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манбадир. Ана шу буюк бобомиз мақбараси жойлашган мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги­да қайтадан бунёд этилди. Мазкур мажмуада муҳташам масжид, бир неча замонавий меҳ­монхона ва бошқа иншоотлар қад ростлади. Зиёратга келувчилар учун энг замонавий та­лабларга жавоб берувчи шароитлар яратилди.

Президентимиз 19 март куни ушбу мажмуага ташриф буюрди. Мажмуа мар­казида — Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси. “Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб дара­жада бунёд этишга муяссар бўлдик”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мажмуада бунёд этилган янги муҳташам масжидда 20 март тонгида илк намоз — Ра­мазон ҳайити намози ўқилди.

Ислом цивилизацияси маркази ҳам, Имом Бухорий мажмуаси ҳам қадим ва бой тарихи­миз кўзгуси. Тарихимизни қанча теран ўрган­сак, ўзлигимизни шунча чуқурроқ англаймиз, қалбимизда ўтмишимиз, буюк аждодларимиз билан фахрланиш, ғурурланиш, энг муҳими, уларга муносиб бўлиш туйғулари жўш уради. Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, “Тарих тилга кир­ган, тарихдан сабоқ олинган жойда, албатта, билим ва маърифат, тараққиёт ва адолат бўла­ди. Ҳеч қачон тўғри йўлдан адашилмайди!”.

“Жалолиддин” поезди бўлиб...

Ҳаётимизнинг истисносиз барча соҳала­ридаги изчил ислоҳотларнинг ҳаммаси бир мақсадга йўналтирилган: халқимизнинг тур­муш фаровонлигини бундан-да яхшилаш, давлатимиз нуфузини янада ошириш.

Транспорт соҳасини ривожлантириш бў­йича ҳам улкан ишлар қилинмоқда. Жумла­дан, янги темир йўл линиялари қуриш, метро ва темир йўл транспорти учун янги поездлар олиб келиш борасидаги ишлар юртдошла­римизни қувонтирмоқда. “Hyundai Rotem” компаниясидан олтита поезд мамлакатимиз­га етказиб берилиши режалаштирилган эди. Уларнинг биринчиси келтирилди. Прези­дентимиз 18 март куни ана шу янги поезд­да жамоатчилик вакиллари билан бирга Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига бор­ди. Мазкур поезд буюк ватандошимиз, жа­соратли саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган. Унда еттита вагон бор, поезднинг узунлиги 175 метр, 390 ўринли, соатига 260 километргача тезликда ҳаракат­ланади. Поезднинг ёнидаги “Жалолиддин Мангуберди” ёзувини кўрган ҳар бир юртдо­шимизнинг қалби қувонч ва ғурурга тўлади. У Ўзбекистон иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқарилган, жуда иссиқ ва совуқ ҳароратга ҳам чидамли тизимлар билан жиҳозланган. Мутасаддиларнинг айтишича, поезд яқин кунларда Тошкент — Хива йўналишида қатнай бошлайди. Тош­кентдан Хивагача 7 соатда боради.

Поезднинг салонини кўздан кечираман. Ғоят ҳашаматли, замонавий, йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Ўриндиқ­лар ҳавас қилгулик даражада, энг замонавий самолётларнинг ўриндиқлари каби. Ўрин­диқлар ораси ҳам, ўртадаги йўлак ҳам кенг, тепаси анча баланд. Безаклар давр талабига мос, ортиқча жимжима йўқ.

Буларга ҳавас ва ички суюниш ила тер­мулар эканман, талабалик йилларим ёдим­га тушди. Тошкент — Самарқанд орасида поездда не азобларда бориб-келганларимни эслаб, энди бир кулгим, бир йиғлагим кела­ди. Уч юз километрли ана шу масофага сак­киз соат юрарди поезд. Шу нисбатан қисқа масофада тахминан ўнга яқин жойда тўхтар­ди. Вагонларнинг бадбўйини ва кўнгилни айнитадиган бошқа ҳолатларни айтмай қўя қолай. Бугунги поезд — “Жалолиддин Ман­губерди” бир минг икки юз километр масо­фани етти соатда босиб ўтади! Мана, янги Ўзбекистонда барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларига қаратилаётганининг амалий исботи!

Режалаштирилган поездларнинг қолган бештаси ҳам келтирилса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам юқори тезликда ҳа­ракатланувчи поездлар қатнови йўлга қўйи­лиши табиий. Тасаввур қилиб кўрайлик, бир томонга “Афросиёб”, бошқа томонга “Жало­лиддин Мангуберди” поездлари юрса, халқи­миз учун қандай улкан имконият ва имтиёз­лар яратилган бўлади. Бу қулайликлардан, ғамхўрликлардан суюнмаслик, ғурурланмас­лик, шукр қилмаслик, миннатдор бўлмаслик мумкинми?!

Бир пайтлар улуғ шоиримиз Абдулла Ори­пов “Ўзбекистон” шеърида халқимизнинг юртпарварлиги ҳақида ёзар экан, “Жалолид­дин самани бўлиб сакраб ўтдинг Амударё­дан” деган эди. Бугун “Жалолиддин Ман­губерди” поезди жонажон Ўзбекистонимиз халқига хизмат қилмоқда.

Ўзимиздан чиққанига нима етсин

Дунё денгиздай чайқалиб турибди бугун. Унинг аёвсиз тўлқинлари қайси томонга хавф солади — ҳеч ким билмайди. Бу тўлқинлар биздан узоқда деб бўлмайди. Бинобарин, кўплаб давлатлар турли жиҳатлар бўйича ўза­ро узвий боғланган. Муайян мамлакатда рўй берган яхши ишлар ҳам, кўнгилсиз воқеалар ҳам бошқаларига қайсидир даражада таъсир ўтказади.

Бундай шароитда қийинчилик ва ма­шаққат, аввало, оддий халқ бошига тушади. Сабаби — ўша аёвсиз тўлқинлар оқибатида ишлаб чиқариш, турли маҳсулотлар, жум­ладан, озиқ-овқат етиштириш ва тайёрлаш камаяди. Бу, ўз навбатида, нарх-наво кўтари­лишига олиб келади. Шундай бўлгач, оддий меҳнаткаш халқнинг турмуш шароити оғир аҳволга тушиб қолади. Бунга тарихдан истал­ганча мисоллар келтириш мумкин. Тарихни қўйиб турайлик, шу кунларда Яқин Шарқда кечаётган воқеаларга теран кўз билан қарай­лик, таҳлил қилайлик. Одамнинг эти увишиб, юраклар зирқираб кетади. Қанча бегуноҳ одамлар — болалар, аёллар, кексалар ҳалок бўлди. Уларнинг айби нима эди?

Бу воқеаларни турли телеканаллар, ижти­моий тармоқлар, оммавий ахборот воситала­ри орқали кўриб, ўқиб, тинчлик нақадар улуғ, бебаҳо неъмат эканига қайта-қайта имон кел­тиради ҳар бир инсон. Зеро, тинчлик бўлма­ган жойда тараққиёт ҳам, ривожланиш ҳам, ҳаловат ҳам йўқ! Байраму тўй-томошаларни- ку, тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас!

Шундай экан, юртимиздаги тинч ва осу­да ҳаётнинг қадрига етиш зарур. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, халқимиз тинч- хотиржам ишлаяпти, дам оляпти, бехавотир тонг оттиряпти. Турли байрамларни нишон­лаяпмиз, тўй-томошалар қиляпмиз. Бири биридан гўзал, муҳташам, замонавий ин­шоотлар бунёд этмоқдамиз.

Аммо хотиржамликка берилиш мумкин эмас. Чунки ўша нотинчлик, беқарорлик оқи­батида турли муаммолар вужудга келмоқда. Жумладан, логистикада узилишлар пайдо бўлиб, нефть нархи, транспорт харажати ошаётгани кузатилмоқда. Булар юртимизга олиб келинадиган барча турдаги маҳсулотлар нархи кўтарилишига сабаб бўлади. Демак, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривож­лантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъ­минлаш учун шу турдаги маҳсулотлар иш­лаб чиқариш ва етиштиришни кўпайтириш ҳар қачонгидан кўра муҳим ҳамда долзарб аҳамиятга эга. Аслини олганда, ҳамма нарса ўзингдан чиққанига нима етсин.

Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисо­дий ривожлантириш бўйича Нарпай тумани­да 18 март куни ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари ана шу масалаларга алоҳида эъти­бор қаратди. Ҳар бир ишга янгича ёндашиш, изланиш зарурлиги — давр талаби. Туман­ларнинг ўзига хос имконият ва шароитидан келиб чиққан ҳолда ривожланиш моделини яратиш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун туманларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, ту­ризм, хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари, меҳнат ресурсла­ри, аҳолининг бизнес ва касб кўникмаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Самарқанд вилоятига барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм, тадбиркорлар­га кредит ресурслари учун яна 18 триллион сўм йўналтирилаётгани айтилди. Рақамларга эътибор беринг: триллион! Айтишга осон. Аммо унинг замирида қанча меҳнат, қанча машаққат бор! Зотан, бир сўм ҳам осмондан тушмайди. Демак, бу маблағнинг ҳар бир сў­мидан самарали, оқилона, энг муҳими, тўғри ва ҳалол фойдаланиш керак. Катта-кичик раҳ­бар бўладими, тадбиркор бўладими, фермер ёки ижтимоий соҳа вакили бўладими, давлат ажратган ресурсни халқимиз фаровонлигини янада ошириш, жонажон Ватанимизни обод қилиш, халқаро нуфузини кўтариш, алал- оқибат юртимиз аҳолисини рози қилишдек эзгу ва хайрли ишларга сарфламоғи даркор. Акс ҳолда, яъни бюджет пули (бу халқнинг пули) талон-тарож қилинса, шахсий ман­фаатни элу юрт манфаатидан устун кўриб, порахўрликка, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилса, одамларда норозилик кучаяди. Энг ёмони, аҳолида улуғ ниятлар билан кечаётган ислоҳотларга, давлат сиёсатига ишонч сусая­ди. Президентимиз таъбири билан айтганда, коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларга хиё­натдир.

Йиғилишда вилоятни иқтисодий-ижти­моий ривожлантиришнинг барча соҳалари бўйича масалалар батафсил кўриб чиқилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш, паррандачилик, балиқчилик, ли­мон, қулупнай, картошка етиштириш ва ҳока­зо соҳаларда қилиниши зарур бўлган ишлар аниқ белгилаб берилди. Уларнинг ҳар бири­дан кўзланган мақсад, одамларга фойдаси, пировард натижа — барча-барчаси аниқ ми­соллар билан таҳлил қилинди. Масалан, пар­рандачилик, балиқчилик ривожланса, аҳоли дастурхони тўкин бўлади. Яйловларни ижа­рага бериш муддати узайтирилса, чорвачилик ривожланади, чорва моллари кўпайса, гўшт сероб бўлади. Қайсики маҳсулот кўпайса, ўшанинг нархи арзонлашади. Буларнинг бари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Туманлар инфратузилмаси, яъни йўлларни, кўприклар­ни таъмирлаш, янгиларини қуриш масала­лари ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу ишлар учун зарур маблағ (миллиардлаб сўм) ажратиладиган бўлди.

Мен бир ҳолатга эътибор қаратдим. Салкам уч соат давом этган йиғилишда бирор марта пахта ҳақида, пахта етиштиришнинг аҳволи, бу йилги режалар тўғрисида гап бўлмади. Ил­гари бунақа йиғилишлар асосан пахта билан бошланиб, пахта билан тугар эди. Мева, сабза­вот маҳсулотлари етиштириш хусусида деяр­ли гапирилмасди. Бўлар экан-ку! Пахтасиз ҳам кун кўриш мумкин экан-ку! Кўрганда ҳам пахта давридан кўра яхшироқ яшаш мумкин экан! Буни бугун ҳаётимизда кўриб турибмиз.

Кўрилаётган масаланинг “ичига кирган”, яъни атрофлича ўрганган одам ишонч билан, қатъий, қоғозга қарамай гапиради. Бундай раҳбар ҳисобот бериш билан чекланмайди, мавжуд муаммоларни яширмайди ва уларни ҳал қилиш учун нималар қилиш лозимлиги­ни, бунинг учун қанча маблағ кераклигини ҳам айтади.

Нарпайдаги йиғилишда ҳам шундай бўлди. Сўзга чиққанлар — вазирлик ва идоралар раҳбарлари ёки вакили бўладими, туманлар ҳокимлари ёки муайян соҳа му­тахассисими — аксариятининг сўзларида янгича фикрлаш, масалага замонавий ён­дашиш сезилиб турарди. Чунки йиғилиш бошиданоқ эркин фикр билдириш, фақат ютуқларни санамай, муаммоларни очиқ- ойдин айтиш муҳити яратилди. Давлатимиз раҳбари маъруза эмас, очиқ, самимий му­лоқот қилди йиғилганлар билан, уларнинг таклифларини эшитди. Аксарият масалалар ўша ернинг ўзидаёқ ҳал этилди. Президен­тимиз томонидан илгари сурилган ва қатъ­ий амал қилиб келинаётган очиқлик сиёса­тининг амалдаги исботи эди бу.

...Рамазон ойи, баҳорнинг бошланиши элу юртимиз учун хайрли, барокатли келди, унутилмас тарихий воқеаларга бой бўлди. Бу қувончли онларнинг шавқу завқи, таассурот­лари юртдошларимиз қалбида ўчмас из қол­диргани шубҳасиз. Маҳаллани ривожланти­риш ва жамиятни юксалтириш йилининг ҳар бир ойида, ҳар кунида шоду хуррамликлар, нурли воқеалар кўп бўлсин.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист