“Вақт девори” жами 250 метрни ташкил қилади. Бу деворда халқимизнинг камида 3000 йиллик давлатчилиги тарихи ­барельеф, миниатюра ва маҳобатли рангтасвир асарлар кўринишида акс эттирилади. Шунингдек ушбу девор бўйлаб турли даврларга оид экспонатлар, нумизматика намуналари, хариталар, видеороликлар, интерактив ўйинлар жойлаштирилган.

Исломдан олдинги давр “Вақт девори”да қадимги маданият илдизлари, Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Чоч ва Фарғона, қадимги савдо йўллари акс этган барельеф суратларни кўришимиз мумкин.

Экспозиция юртимиздаги илк маданий ёдгорликлар — Навоий вилоятидаги Сармишсой қоятош суратлари билан очилади. Улар 8-10 минг йиллик тарихга эга бўлиб, бу ерда 12 мингтагача петроглифни кўрамиз.

Вақт деворида исломдан аввалги даврдаги аждодларимиз ҳаёт тарзи, кундалик машғулотлари махсус видеолавҳалар ёрдамида кўрсатиб берилган. Юртимиз ҳудудидан илк давлатчилик шаклланган даврлардаги архитектура, ҳунармандлик, тасвирий санъат, ёзув намуналарини “Вақт девори”да яққол кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, диний эътиқод, халқимизнинг озодлик учун курашлари ҳам шу деворда акс эттирилган. Қадимги манбаларда ­Тўмарис, Широқ, Спитамен каби қаҳрамонлар ватанимиз озодлиги учун мардонавор курашгани ҳам шу девордаги маълумотларда акс этган.

Қадимги Бақтрия

Минтақамиздаги диний бағрикенглик марказларидан бири ҳисобланган заминда 400 йил ҳукмронлик қилган Кушонлар давлатида қадимги дунё аҳолисининг 20 фоизи истиқомат қилган.

Кушон давлати ҳудудида индуизм, буддизм, зардуштийлик ибодатхоналари мавжуд бўлган. Икки минг йил аввал бу ерда диний бағрикенглик ҳукм сурган.

Қадимги Кушон тангаларида ҳам турли дин маъбудларининг шакллари туширилган. Узоқ йиллар дунё олимлари Бақтрия ҳудудидаги Окс Александриясининг аниқ ўрнини тополмай келди. Президентимиз ташаббуси билан марҳум академик Э. Ртвеладзе бошчилигидаги илмий гуруҳ 2019 йил август ойида ўтказилган III халқаро конгрессда Окс Александрияси Кампиртепа ёдгорлиги ҳудудида эканини исботлаб берди.

Бу залда қадимги Бақтрия хазинаси, бақтрий ёзув намунаси, шу ҳудуддан топилган ҳайкалчалар, будда ва бодхисаттва ёдгорликлари, Кушон гиламини кўришимиз мумкин.

Қадимги Хоразм

Дунёдаги энг қадимий цивилизациялардан бири, зардуштийлик динининг ватани, ўзбек давлатчилигининг илк ўчоғи саналади. Машҳур олим Сергей Толстов Хоразмни “Минг шаҳар ўлкаси” деб атаган. Юртимиздаги илк ёзув намуналари ҳам Хоразмдан топилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида қалъаларнинг энг муҳимлари акс эттирилган. Масалан, макети жойлаштирилган Қўйқирилганқалъа энг қадимги қалъалардан бири ҳисобланади. II-VI асрларга мансуб бу ёдгорлик ҳам аҳоли манзилгоҳи, ҳам расадхона вазифасини бажарган.

Залда “Авесто” китобидан саҳифалар, қадимги Хоразм шаҳарлари макетлари, зардуштийлар фойдаланган оссуарийлар (суяк сақланадиган идишлар)ни кўрамиз.

Буюк ипак йўли

Ўзбекистон тарихида ушбу йўл катта ўрин тутади. Эрамиздан аввалги II асрда бошланган бу ипак йўли 18-аср давомида Ғарб билан Шарқни боғлаб турган. Бу йўл Ўзбекистоннинг катта шаҳарларидан ўтган. Интерактив харитада ушбу шаҳарлар ҳақида маълумотлар берилган. ­Президентимизнинг ташаббуси билан Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг Ўш, Ўзган, Тараз, Марв, Хўжанд, Габала сингари шаҳарлари ҳам ушбу харитага киритилган.

Мазкур залда пахта инсталляцияси, Кушон тангалари, Ер юзидаги энг қадимий шахмат доналари, тўқимачилик намуналари, бақтрия туяси, сўғд бозори видеолойиҳаси ва бошқаларни кўриш мумкин.

Юртимиз ҳудудидаги Далварзинтепадан топилган шахмат доналарини дунёдаги энг қадимги ана шундай топилмалар дейиш мумкин. Бу Ҳиндистондан топилган шахмат доналаридан ҳам 4 аср олдин яратилгани аниқланган.

Қадимги Сўғд

Ўзбекистон нафақат шахмат, балки мусиқа ватани ҳамдир. Самарқанд ҳудудидан, Ургутнинг Мўминобод қишлоғидан топилган 3300 йиллик най ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди. Бу ерда юртимиз ҳудудида яратилган бир қанча чолғу асбоблари билан танишиш, уларнинг овозини ҳам эшитиб кўриш мумкин.

Қадимги Афросиёб ёдгорлигидан топилган деворий суратлар ҳам ватанимизда халқаро муносабатлар, савдо-сотиқ, тасвирий ва амалий санъат қанчалик ривожланганини кўрсатади.

Қадимги Фарғона

Фарғонанинг қадимий учар отлари ҳақидаги маълумотлар қадимги Хитой манбаларида тилга олинган. Афсоналарга кўра, бу отлар баланд тоғ этакларида яшаган. Отлар Довон мамлакатининг ор-номуси тимсоли бўлган. Хитой императори ҳам бу отларни қўлга киритиш учун бир неча бор Қадимги Фарғона — Довонга ўз элчиларини йўллаган. Аммо фарғоналиклар ўз отларини ҳеч кимга бермаган. Бу отлар тасвирини сўғд либослари, идиш-товоқлари, тасвирий санъат намуналарида ҳам кўришимиз мумкин.

Залдан Андижон вилояти ҳудудидан топилган Қадимги Далварзин шаҳри макети, кулоллик намуналари ўрин олган.

Қадимги Чоч

Тошкент воҳасидан унча узоқ бўлмаган Ахсикент ёдгорлиги ҳудудида бундан икки минг йил муқаддам металлургия саноати тараққиёт палласида эди. Ахсикентда қазиб олинган пўлат Яқин Шарққача олиб борилган ва дунёга машҳур дамашқ қиличларини тайёрлашда ишлатилган.

Тошкент воҳасида ҳам қуролсозлик, қилич ва қалқонлар, камон ва ўқ-ёйлар ясаш қадимдан ривожланган. Тошкент камонлари ҳатто Фирдавсийнинг “Шоҳномаси”да ҳам тилга олинган.

Исломдан олдинги давр экспозицияси якунидан “Марказий Осиёдаги қадимги цивилизациялар” ролиги ўрин олган.