Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 2025 йил апрель ойида содир бўлган оммавий муштлашув юзасидан суд ҳукми эълон қилинди.

ТИВ матбуот котибининг маълум қилишича, мазкур иш бўйича 8 нафар Ўзбекистон фуқаросига 2026 йил 21 январ куни суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш, яна бир фуқарога эса 25 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Ўлим жазоси қўлланилмаган.

Маълумот учун, 2025 йил апрель ойида Дубайдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида ўзбекистонликлардан иборат икки гуруҳ ўртасида тўқнашув содир бўлган. Ҳодиса оқибатида икки нафар шахс вафот этган.

Тергов маълумотларига кўра, аввалдан келишмовчилиги бўлган гуруҳлар тасодифан учрашиб қолган. Дубай полицияси кузатув камералари ва гувоҳлар кўрсатмалари асосида гумонланувчиларни тезкор тарзда қўлга олган. Ушбу иш доирасида жами 15 нафар Ўзбекистон фуқароси ушлангани хабар қилинган.

Мазкур воқеалар ортидан Дубай жиноят қидирув бошқармаси бундай ҳолатлар икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Ўзбекистон ТИВ эса фуқароларни хорижда мамлакат обрўсига путур етказувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирган.