Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов ва Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Анвар Шернаев “Артел” компанияси раҳбарлари ҳамда Инновацион ўқув маркази директори Бахтиёр Ғаниев билан учрашди.

Учрашувда фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари учун малакали мутахассисларни тайёрлашда ҳозирги кундаги олий таълим ва ишлаб чиқариш корхоналарида мавжуд муаммолар бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, талабалар хорижий тилларни, компьютерда лойиҳалаш ва замонавий техника воситаларидан фойдаланишни билишлари ниҳоятда ишлаб чиқариш корхоналари учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.

Ёшларни муҳандислик соҳасига қизиқишларини ошириш, компьютерда лойиҳалаш дастурий пакетлари  CAD/CAE/CAM тизимида ишлаш кўникмаларига эга бўлишлари учун ТКТИ ва Артел компанияси Инновацион ўқув марказида шарт-шароитлар яратиб беришга келишилди.

ТКТИ ректори талабаларни институтда олган назарий билимларини амалиётда қўллаш бўйича кечки сменада Артел компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнларининг линияларида талабаларни ишлашларига шароит яратиш зарурлиги ҳақида алоҳида таклиф киритди.

Артел компанияси бош директори ўринбосари Ўктам Аблакулов компаниянинг ҳозирги кунда муҳандислар тайёрловчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлари тўғрисида, жумладан ТКТИ билан кадрлар малакасини ошириш, талабаларни Инновацион ўқув марказда компьютерда 3D лойиҳалаш бўйича билимларини яхшилаш ва ишлаб чиқаришдаги тажрибали мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш бўйича тўлиқ маълумот бердилар.   

Учрашувдан сўнг янги ташкил этилган Инновацион ўқув маркази ва у ердаги ўқув жараёнлари, замонавий жиҳозланган маъруза ва лаборатория хоналари билан танишилди.