Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб бораётган мажлисда марказий ва ҳудудий студиялардан жами 76 нафар Сенат аъзоси иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, марказий ва Вазирлар Маҳкамасидаги студиядан ҳукумат аъзолари, айрим идоралар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталари, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда бугун муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳам қатнашмоқда.
Дастлаб Сенат Раиси Т.Нарбаева ўзбек ва қорақалпоқ элининг забардаст фарзанди, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, сенатор Муса Тажетдинович Ерниязовни хотирлади.
– У кишининг вафоти, айниқса, Сенат учун катта йўқотиш бўлди, – деди парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева. – Боиси, Муса Тажетдинович мамлакатимизда икки палатали парламент ташкил этилгандан бери Сенат Раисининг ўринбосари сифатида самарали фаолият юритиб келаётган эди.
Шу билан бирга, у кишининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлари, овуллари қиёфаси янгиланди. Айниқса, тараққиётимизнинг янги даврида Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларни Қорақалпоғистонда беками-кўст амалга ошириш борасида ҳам куч-ғайратини аямади. Биргина Мўйноқдаги бунёдкорлик ишларининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, минтақа аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳам куйинчаклик билан ишлади.
Шахсан мен қатор жамоатчилик тузилмаларидаги ҳамда Ҳукумат таркибидаги кўп йиллик фаолиятим даврида, қолаверса, Сенатдаги фаолиятим давомида Муса Тажетдиновичнинг салоҳиятли ва улкан тажрибага эга раҳбар, мулоҳазали, вазмин, жонкуяр, ғамхўр инсон сифатидаги фазилатларига кўп бора гувоҳ бўлганман.
Ўйлайманки, Сиз, ҳурматли сенаторлар ва мажлисимиз иштирокчилари ҳам, қолаверса, Муса оға билан ишлаган ва яқин маслакдош бўлган барча инсонлар у кишининг ана шу фазилатларини яхши эслайди.
М.Ерниязовнинг оила аъзолари ва яқинларига, Жўқорғи Кенгес депутатлари ва қорақалпоғистонлик сенаторларга, қолаверса, бутун ўзбек, қорақалпоқ элига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ёрқин хотираси Сенат тарихида мангу қолади!
Шунингдек, ялпи мажлиснинг расмий қисмига ўтишдан олдин Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ва шу касалликдан вафот этган бошқа юртдошларимиз хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.