Қутқарувчилар яна тўрт кишининг жасадини топишга муваффақ бўлишди, дейилади республика ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар қўмитаси хабарида.
Гап учта аёл ва бир эркак ҳақида кетмоқда. Қутқарувчилар жасадларнинг шахсини аниқлаш мақсадида уларни тегишли идораларга топширди.
Ҳалок бўлганларнинг жасадлари Ваҳдат шаҳридан топилган. Бундан ташқари, Хатлон вилоятида олиб борилган қутқарув ишлари давомида сел оқибатида 100 бош чорва нобуд бўлгани аниқланди. Республиканинг табиий офатдан жабр кўрган барча ҳудудда унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўтган якшанба куни Тожикистонда кучли ёмғир ёғди. Кучли ёғингарчилик сув тошқини, сел ва кўчкига олиб келди. Аввалроқ табиий офат оқибатида 13 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди, деб хабар беради mir24.tv.