Тадбирни Академия ректори Ғафурзода Абдуҳалил Давлатали очиб, марказ фаолияти интеграция жараёнларини ўрганиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг дўстлик ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни ривожлантириш, биргаликда таҳлилий ва тадқиқот материаллари тайёрлаш ҳамда халқаро илмий-маърифий тадбирлар ўтказишга қаратилишини таъкидлади.

Мазкур тадбирда иштирок этган Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров, ўз нутқида Ташкилот доирасида ушбу муҳим тузилмани яратиш ташаббуси жуда долзарб эканлигини, ШҲТ халқларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти манфаатларига жавоб беришини, бугунги кунда ШҲТ давлатлари "Шанхай руҳи" тамойилларига асосланган ҳолда, миллатлараро ва динлараро мулоқотни янада ривожлантиришда фаол иштирок этаётганлиги таъкидлаб ўтди.

Буюк Ипак Йўлида жойлашган мамлакатлар доимо илм-фан, маърифат ва маънавият марказлари сифатида ажралиб турган. Бу макон турли тамаддунлар ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар, файласуфлар, мутафаккирлар, тадқиқотчилар ва кашфиётчиларнинг номлари билан боғлиқ бўлган.

Марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Душанбе шаҳридаги ШҲТга аъзо давлатларнинг элчилари ташкилот доирасида бугунги кунда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли хисса қўшаётган халқ дипломатияси институтлари маърифий, маданий ва бошқа соҳалардаги кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганини айтиб ўтдилар.

Қобилжон Собиров ШҲТ дўстлик ва ҳамкорлик маркази фаолияти ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳалар, илмий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик, миллатлараро ва динлараро тотувлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирди.

Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази раҳбари янги ташкил этилаётган марказининг барча ходимларига мустаҳкам соғлик, муваффақият ва фаолиятларида омад тилаган ҳолда, ШҲТ ташкил этилганлигининг 20 йиллиги ва Тожикистоннинг ташкилотга раислик доирасида ўтказадиган барча тадбирларига муваффақият тилади.  

   Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси

         ахборот хизмати